Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:48

Электромобиль ихтирочиси пул йўқлиги учун институтда ўқий олмаяпти


Тошкентда қалбаки 5000 сўмлик чиқарган гуруҳ ушланди. Андижонда электромобиль ихтиро қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Тошкентда қалбаки пул чиқарган гуруҳ ушланди

Тошкентда Ўзбекистон миллий валютаси – 5000 сўмлик купюрани қалбакилаштирган гуруҳ қўлга олинди (“Ҳуқуқ оламида”, 14-сон). Тўрт кишидан иборат гуруҳ таркибида Тошкент ахборот технологиялари коллежини битирган мутахассис ҳам бўлган. Гуруҳ аъзолари рангли принтерда чиқарилган 10 миллион сўм миқдоридаги қалбаки пулга 3 бош новвос сотиб олган ҳамда уларни сўйиб, гўштини пуллаган. Қайд этилишича, қалбаки пул ишлаб чиқарган судланувчилар тегишли жазога тортилган.

Электромобиль ихтиро қилган андижонлик йигит моддий имконияти йўқлиги боис машинасозлик институтида ўқий олмаяпти

Электромобиль ихтиро қилган андижонлик 27 ёшли Ойбек Умаров моддий имконияти йўқлиги боис олий ўқув юртида таҳсил ололмаяпти (“Даракчи”, 19 май). У бир неча бор Андижон машинасозлик институтига ҳужжат топширган ва шартнома асосида ўқишга қабул қилинган. Газета вилоят масъулларини ёш ихтирочининг талабалар сафига қабул қилинишига эътибор қаратишга чақирган. О. Умаров 2014 йили электр ёрдамида ҳаракатланадиган автомобиль ихтиро қилган. “Қалдирғоч” деб номланган электромобиль узлуксиз 4 соат қувватлантирилгач, 100 км масофани босиб ўтади. Тезлиги соатига 50 километрдан ошмагани боис техник паспорт ва давлат рақами талаб этилмайди, А тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси кифоя. О. Умаров грант олиб, машиналарни тизимли ишлаб чиқариш умидида. У электромобилга патент олиш учун 2015 йилда ҳужжатлар топширган, аммо харажатлар кўплиги боис ишни охирига етказолмаган.

Тошкентдаги насроний руҳонийлари ахлоқсизликда айбланди

Тошкентда Муфассал Инжил насронийлари черкови (Эллигинчилар) оқими миссионерлик фаолияти билан шуғулланмоқда, деб хабар беради “Даракчи” нашри. Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Масиҳ черковида туб аҳоли вакилларини мазкур оқимга оғдириш учун мунтазам машғулотлар ўтказилмоқда. Прозелит гуруҳга эса Ўзбекистондаги “Эллигинчилар” епископи Сергей Нечитайло ва унинг муовини Олег Ворожцов бошчилик қилмоқда. Қайд этилишича, С. Ничитайло 1990-йилларда Қозоғистонда яшаган кезлари вояга етмаганларга ножўя муносабати – педофиллиги боис судланган. Газетада чоп этилган мақолада икки руҳоний ноанъанавий жинсий ёндашув – ўзаро ишқий муносабатда айбланган.

XS
SM
MD
LG