Линклар

Кони зарар Америка тарвузи, Бони-М ва миллионлар, тўйи бузилган хонанда


Олий Мажлис депутати Ўзбекистонга келтирилаётган Америка тарвузи зарарли эканини маълум қилди. “Бони-М” гуруҳининг Тошкентдаги концертидан тушган миллионларни ўзлаштирган шахслар жазога тортилди. Хонанда Муниса Ризаеванинг тўйи бўлажак куёвнинг хиёнати туфайли бузилди.

Депутат: Ўзбекистонга олиб кирилаётган Америка тарвузи саломатлик учун зарарли

Ўзбекистонга хориждан генетик модификацияланган организмли (ГМО) маҳсулотлар олиб кирилмоқда (“Ҳуррият”, 1 июнь). “Масалан, америкача тарвуз ўзи қип-қизил, пўсти юпқа, лекин уруғи деярли йўқ. Помидор, бодринг ва булғор қалампири... Сунъий чатиштириш йўли билан олинган бундай маҳсулотлар инсон организмига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Улар инсонларда аллергик таъсирчанликни келтириб чиқариб, иммун тизими фаолиятига зиён етказади” дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Хўжаева. Депутатга кўра, Ўзбекистон қонунчилигига ГМО бор бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини четдан олиб келишни чеклашга оид қўшимча киритилмоқда.

“Бони-М” гуруҳининг Тошкентдаги концертидан тушган миллионларни ўзлаштирган шахслар жазоланди

Жорий йил 27 январь куни “Истиқлол” санъат саройида Алиса Монн, Наталия Гулькина, Татьяна Иванова, “Комбинация”, “Оттаван” ва “Бони-М” каби хорижий гуруҳ ва ижрочилар иштирокидаги концерт дастурини ташкиллаштиришда алдов ва жиноятга қўл урилган (“Бозор ва истеъмолчи”, 31 май). Концерт ташкилотчиси бўлган МЧЖ раҳбарлари чипта савдосидан тушган 38 миллион сўмдан ошиқ маблағни ўзлаштирган. Боз устига, концерт дастурида юқорида номи зикр этилган хонанда ва гуруҳлардан фақат “Бони-М” иштирок этган. Ташкилотчилар лицензиясиз фаолият юритиб, бошқа концертлардан тушган даромадларни ҳам яширгани аниқланган. Уларга тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

Хонанда Муниса Ризаеванинг тўйи бўлажак куёвнинг хиёнати туфайли бузилди

Хонанда Муниса Ризаеванинг тўйи бўлажак куёвнинг хиёнати туфайли бузилди. Бу ҳақда хонанданинг ўзи “Даракчи” нашрига интервьюсида маълум қилган. “Тўй кунини ўтган йилги концертимдан кейинга режалаштиргандик. Аммо севган инсоним хиёнат туфайли тўйимиз тўхтатилди. Шундан кейин уч ой ўзимга келолмадим. Қалб жароҳати битиши қийин экан. Уни унутиш учун кўпроқ саёҳатда юришга ҳаракат қилдим... Ҳаётнинг турли зарбаларига чидаш учун инсоннинг иродаси кучли бўлиши керак экан” дейди М. Ризаева.

XS
SM
MD
LG