Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:13

Сохтакор ҳоким ўринбосари, ҳамма киролмайдиган хоналар


Ромитан тумани ҳоким ўринбосари ҳужжатларни қалбакилаштириб, маблағ ўзлаштирди. Олий Мажлис депутати ҳамма кириши мумкин бўлган хоналарга ҳамманинг кириш имконияти ҳануз йўқлигидан баҳс этди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Нега “GM Uzbekistan” автомобилларига кредит бор-у, шартнома йўқ?

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган енгил автомашиналар хариди учун “Халқ банки” кредит беришни эълон қилган, аммо амалда автосалонлардан машина учун шартнома олишнинг имкони бўлмаяпти (“Даракчи”, 2 июнь). “Нега аҳолига қулайлик яратиш учун ваколатли банклар имконият беряпти-ю, автосалонларда бу енгиллик амалга татбиқ этилмаяпти? Ёки автосалонлар учун юртимизда амалда бўлган тартиб-қоидалар тааллуқли эмасми?” дея савол қўяди газета. Ўтган ойда “GM Uzbekistan” қўшма корхонаси раҳбари Тоҳиржон Жалилов ва тизимдаги бир неча нафар масъул шахс маблағларни фирибгарлик йўли билан ўзлаштирганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Газета мазкур терговдан кейин машинани кредитга харид қилиш масаласи ҳам ҳал бўлишига умид билдиради.

Ромитан тумани ҳокими ўринбосари ва бир неча раҳбар ҳужжатларни қалбакилаштириб маблағ ўзлаштирди

Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Фурқат Ҳакимов, туман кадастр хизмати бошлиғи Зоҳирбек Мавлонов, туман бош архитектори Эркин Ҳодиев, “Халқ банки” шўъбаси раҳбари Ихтиёр Муродов мансаб сохтакорлиги, ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланди (“Ҳуқуқ”, 2 июнь). Фуқаролар Ахтам Чўлиев ва Солиҳа Музаффаровага қарашли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шахобчалари ҳудуддаги автомобиль йўли кенгайтирилиши муносабати билан бузилиши кўзда тутилган эди. Туман ҳокими ўринбосари бошчилигидаги жиноий гуруҳ ҳужжатларни сохталаштириб, икки шахобча учун Республика йўл жамғармасидан 260 миллион сўмдан ошиқ компенсация олган ҳамда уни ўзлаштирган. Шахобчалар асл эгаларининг эса бундан хабари ҳам бўлмаган. “Қонуннинг кўзи ўткир, сўзи кескир. Ушбу жиноий гуруҳ аъзолари ҳам қонун олдида жавоб берди” деб ёзади Бухоро вилояти прокуратураси бўлим бошлиғи Б.Ярашев.

Кўп давлат ташкилотларида ҳамма кириши зарур бўлган хоналарга ҳамманинг кириш имкони йўқ

Айрим ҳолларда фуқароларга давлат ташкилотига маълум ахборотни сўраб мурожаат этса, масъул шахс бу очиқ маълумот эмас, дея нотўғри жавоб бермоқда (“Оила даврасида”, 2 июнь). Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев Тошкентда ўтказилган семинарда гапирган. “Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни ҳамма кириши мумкин бўлган хоналар ва жойларга жойлаштириши керак. Лекин, тан олайлик, кўп давлат ташкилотларида бундай хоналар номигагина ташкил этилган, оддий аҳоли у ерга – бино ичкарисига кириб бориши учун камида икки постдан ўтишига тўғри келади. Демак, ҳамма кириши бўлган бўлган хоналар ва жойларга ҳамманинг кириш имконияти ҳануз йўқ”, деган депутат Р.Кушербаев.

XS
SM
MD
LG