Линклар

Ўзбекча сўзларга солинаётган ямоқ, ўзбек олимларининг янги ихтироси, москвичсотарлар фириби


“Ҳуррият” газетаси ижтимоий тармоқларда ўзбек адабий тилини бузмасликни тавсия қилмоқда. Ўзбекистонлик олимлар ярани тез битказувчи малҳам ихтиро қилди. Фирибгарлар эски “Москвич”ни “Матиз” алиштириш ҳақида миш-миш тарқатди.

Ижтимоий тармоқларда ўзбекча сўзларга ямоқ солинмоқда

Ижтимоий тармоқларда ўзбек адабий тилини қўпол равишда бузиш кўпаймоқда (“Ҳуррият”, 8 июнь). Масалан, “Дўстлар, шошилинг, кечикяпсиз” гапи ижтимоий тармоқларда “D6slar wowilin ke4ikvosiz” тарзида ёзилмоқда. Муаллиф бундай “шифрли битиклар”ни ўзбек адабий тилига ҳурматсизлик, сўзга ямоқ солиш деб атайди. “Кўркам кўриниш учун сочимизни тараймиз, озода кийинамиз. Тилимиз-чи, қачон уни ўзимиз каби андозага келтириб, “устбошини орасталаб”, унга жило берамиз? Келинг, шу ишни ижтимоий тармоқдан бошлайлик”, деб ёзади газета.​

Ўзбекистонлик олимлар ярани тез битказувчи малҳам ихтиро қилди

Ўзбекистон Фанлар академияси О.Содиқов номидаги Биоорганик кимё институти олимлари яра битказувчи малҳам ихтиро қилдилар (“Оила даврасида”, 9 июнь). Интеллектуал мулк агентлиги хабарига кўра, бу воситани яра битказувчи малҳам ва инъекция учун эритма сифатида қўллаш мумкин. У тикловчи ва кенг даволовчи (микробларга қарши, яра битказувчи, оғриқсизлантирувчи) хусусиятларга эга.

“Москвич”ни “Матиз” алиштириш мумкинлиги ҳақидаги мишмишлар – фирибгарларнинг навбатдаги ҳунари!

Фейсбук тармоғида эски “Москвич”нинг устига 500 доллар қўшиб бериб, “Матиз”га эга бўлиш мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди. “Даракчи” хабарига кўра, бунга сабаб сифатида “Москвич”нинг капоти платинадан, клапани эса иридийдан ясалгани сабаб қилиб кўрсатилган. Қайд этилишича, бу фирибгарларнинг одамларнинг лаққа тушириш йўлидаги навбатдаги уринишидир. Фирибгарлар аввал бозордан “Москвич” русумидаги эски машиналарни арзонгаровга сотиб олган. Энди эса уларни одамларга бир неча бараварга қимматга сотиш учун мазкур шов-шувни тарқатган. “Миш-миш ишқибозлари учун эслатма: на “Москвич”, на бошқа эски машиналар капотида (моторида, аккумуляторида, буферида ва бошқа “аъзолари”да) ҳеч қандай қимматбаҳо металл (олтин, платина, кумуш, осмий, иридий ва ҳоказолар) йўқ! Бўлиши ҳам мумкин эмас”, деб ёзади муаллиф.

XS
SM
MD
LG