Линклар

Улгуржи қамаш ҳақидаги таклиф, келинига тажовуз қилган наманганлик, порахўр меъмор


Ўзбекистонда террорчиларнинг қариндошларини ҳам жиноий жавобгарликка тортиш таклиф этилди. Наманганда укасининг хотинини зўрламоқчи бўлган ака қўлга олинди. Қуйичирчиқ туман бош архитектори тадбиркордан пора талаб қилгани учун ҳибс этилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ўзбекистонда террорчилар билан бирга уларнинг қариндошларини жиноий жавобгарликка тортиш таклиф этилди

2005 йили Андижон воқеаларида иштироки учун озодликдан маҳрум этилган тошкентлик 45 ёшли Дилмурод Саидовнинг жияни тоғасидан воз кечиш ниятида (“Даракчи”, 9 июнь). Қайд этилишича, Д. Саидовнинг жияни, яъни опасининг ўғли Шавкат Ўтбосаров “акромийлар” гуруҳига мансуб тоғаси боис Қуролли Кучлар сафида хизмат қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган. Бундан ранжиган жиян онасидан маҳкум укасидан воз кечиб, фамилия ва ота исмини ўзгартиришга қатъий ундамоқда. Хабарга кўра, бунга қадар Д. Саидовнинг рафиқаси ҳам эридан ажраб, бошқа кишига турмушга чиққан.

Мақолада бир йилча аввал Чеченистонда террорчилар ва уларга ҳамкорлик қилган қариндошларига нисбатан жазони кучайтириш ҳақида қонун лойиҳаси тайёрлангани эслатилади. “Биз учун ҳам террорчилар билан бирга уларнинг қариндошларини жиноий жавобгарликка тортиш вақти келмадимикан?” деб ёзади “Даракчи” нашри.

Наманганда укасининг хотинини зўрламоқчи бўлган ака қўлга олинди

Жорий 18 май куни Наманган вилояти Янгиқўрғон тумани Шарқ юлдузи қишлоғида мудҳиш жиноят рўй берди (“Постда”, 4 июнь). Шу қишлоқда яшовчи фуқаро уйда ёлғиз қолган укасининг хотинини зўрламоқчи бўлган, келинчак жон-жаҳди билан қаршилик кўрсатгач, уни бўғиб ўлдирган. Сўнг аёлнинг тилла зиракларини ечиб олиб, қочиб кетган. Қайд этилишича, бу пайтда марҳуманинг турмуш ўртоғи, яъни қотилнинг укаси Хоразмда сафарда бўлган. Укасининг рафиқаси жонига қасд қилган аканинг жинояти “Рекс” лақабли кинолог ит ёрдамида очилган. Исми ошкор этилмаган жиноятчи қўлга олинганида, қилмишига иқрор бўлгани хабар қилинган.

Учта вилоятда рўй берган учта порахўрлик

Бош прокуратуранинг “Ҳуқуқ” нашри жорий йил 9 июнь сонида мамлакатнинг учта вилоятида рўй берган порахўрлик жиноятлари хусусида хабар берди.

Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани бош архитектори тадбиркордан пора талаб қилгани учун қўлга олинган. Бош меъмор Тошовул қишлоғида дўкон ва гузар қуриш учун ер сўраб мурожаат қилган тадбиркордан ишни ҳал қилиш учун 500 доллар пора талаб қилган. Тамагир жинояти учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Хоразм вилояти Қўшкўпир тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли поликлиникада 32 йилдан буён окулист бўлиб ишлаган шифокор ҳам порахўрлиги учун суднинг қора курсисига ўтирди. Кўриш қобилиятини йўқотган аёл ногиронлик нафақаси олиш учун шифокордан хулоса ёзиб беришни сўраган. Шифокор эса бунинг эвазига бемор аёлдан 500 доллар пора талаб қилган. 32 йиллик стажга эга кўз шифокори поранинг бир улуши – 100 долларни олаётганда қўлга туширилган.

Наманган вилояти Янгиқўрғон туманидаги маҳалла раиси эса 2 ёшгача фарзандига нафақа тайинлашни сўраб мурожаат қилган фуқародан ишни битириш учун 300 минг сўм пора талаб қилган. Исми ошкор этилмаган маҳалла раиси ҳам қўлга олиниб, тегишли жазога тортилган.

XS
SM
MD
LG