Линклар

Тавба қилган порахўр ГАИ ходими, кечикаётган “тез ёрдам”, почтачилардан шикоят


Порахўр “ГАИ” ходимининг фарзанди автоҳалокатга учради. Тез тиббий ёрдам хизмати 158 минг чақирувга кечикиб борган. Жарқўрғонлик обуначилар почта идораси хизматидан норози. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ҳайдовчилардан пора олишга муккасидан кетган “ГАИ” ходимининг фарзанди автоҳалокатга учради

Кўп йиллар йўл патрул хизмати тизимида ишлаб, пора олишга одатланиб қолган Азиз Турдиевнинг иқрорномаси чоп этилди (“Даракчи”, 23 июнь). “Шайтон йўлдан урдими, нафсим устунлик қилдими, ишқилиб, йўл қоидасини бузган ҳайдовчилардан пул тама қилиш одатини чиқардим. Борган сари ҳайдовчилардан кўпроқ пул оладиган бўлдим. Атрофдагиларга паст назар билан қарайдиган, унча-мунча нарсани писанд қилмайдиган бўла бошладим” деб ёзади собиқ йўл нозири А.Турдиев. Унинг пушаймон бўлиб тавба қилишига ўғлининг автоҳалокатга учраб, ногирон бўлиб қолгани сабаб бўлган. Тафсилотларга қараганда, А.Турдиев маст ҳолда машина бошқариб кетаётган ҳайдовчидан 200 минг сўм пора олиб уни қўйиб юборган. Орадан бир неча соат ўтиб, айни ўша ҳайдовчи унинг ўғлини уриб юборган. Қайд этилишича, қоидабузар ҳайдовчига қонун доирасида чора кўрилган. А.Турдиевнинг ўзи эса ички ишлар тизимидан кетгани хабар қилинган.

Тез тиббий ёрдам хизмати 158 минг чақирувга кечикиб борган

Республика бош прокуратураси ўтказган текширувларда тез тиббий ёрдам хизмати вакиллари вазифасига лоқайдлик билан ёндашгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 23 июнь). Мамлакат бўйича 2014 йилда 182 мингдан ошиқ, 2015 йилда 158 мингдан ошиқ, жорий йилнинг биринчи чорагида 54 мингдан ортиқ чақирувлар белгиланган муддатдан кеч амалга оширилган. Бундан ташқари, тизимни малакали мутахассислар билан таъминлаш, кадрлар танлаш ва тарбиялаш соҳасида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилган. Айрим муассасаларда эса санитария-эпедемиология талаблари бузилган. Масалан, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарёда дезинфекция воситалари етарли бўлмаса, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва шаҳарларида стерилизация-дезинфекциялаш ишлари лозим даражада олиб борилмаган. Текширувлар якунига кўра, 15 та жиноят иши қўзғатилган, 897 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган.

Почта идораси обуначиларга газета-журналларни вақтида етказмаяпти

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Жамила Эргашева олтита журнал ҳамда газетага обуна бўлгани, аммо нашрлар почта томонидан вақтида етказилмаётганидан арз қилди (“Ҳуррият”, 22 июнь). “Обуна бўлган пайтимда худди қўш-қўш пошшойи кўйлак олгандек суюндим десангиз. Афсуски, қувончим узоққа чўзилмади”, деб ёзади у. Жарқўрғон тумани почта идораси обуначига газета-журналларни муттасил кечикиб етказади, баъзи сонларни эса умуман етказмайди. Ж.Эргашева почта раҳбарига қайта-қайта қўнғироқ қилиб, у билан суҳбатлашмоқчи бўлганида котиба раҳбар “далада, ғаллада” деб жавоб берган. “Вазифаси газета ва журналларни обуначиларга вақтида етказиб бериш бўлган почта хизмати ходимларига: “Сиз хизмат бурчингизни ўз вақтида бажармай нима қилиб юрибсиз?” дегим келади”, дея мутасаддиларни саволга тутади обуначи.

XS
SM
MD
LG