Линклар

Ҳажга борувчиларни чув туширган “полковник”, фуқаролардан ўмарилган миллионлар


Ўзини МХХ полковниги деб таништирган фирибгар Ҳажга юбораман деб одамлардан катта миқдорда пул олди. Коммунал хизмат вакили фуқаролардан йиғилган миллионларни ўзлаштирди. Урганч туман ИИБ паспорт бўлинмаси шу туман фуқароси сарсон қилган. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ўзини МХХ полковниги деб таништирган фирибгар “Ҳажга юбораман” деб одамлардан катта миқдорда пул олди

Фарғона вилоятида ўзини МХХ полковниги сифатида таништириб, ўнлаб одамларни чув тушириб кетган фирибгар Эгамберди Ҳожибеков қўлга олинди (“Ҳуқуқ”, 30 июнь). Э. Ҳожибеков Тошкент шаҳридаги бозордан қалбаки гувоҳнома кўрсатиб, ҳарбий шим, китель ва полковник погонини сотиб олган ва фирибига одамларни ишонтириш учун ҳарбий формада юрган. Шу тариқа у қўқонлик Т. Саидовдан Умра сафарига юбориш ваъдаси билан 3 минг доллар, марғилонлик Н. Усмоновдан Ҳаж сафарига юбориш ваъдаси билан 4 минг доллар, тошкентлик К. Отабоевдан Кореяга ишга жўнатиш ваъдаси билан 10 минг доллар, ўртачирчиқлик Р. Жўраевдан “Нексия” олиб бериш ваъдаси билан 12 минг доллар, марғилонлик У. Топиволдиевдан “Спарк”, “Мерседес-Бенц” ва 30 дона тикув машинаси олиб бериш ваъдаси билан 95 миллион сўм, тошкентлик К. Бахтиёровдан отасининг буйрагини операция қилдириш учун Покистонга юбориш ваъдаси билан 75 миллион сўм олган. Аввал ҳам фирибгарлик учун қамалган Э. Ҳожибеков яна кўплаб фуқароларни алдаб кетган. “Полковник” 5 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум этилган ва унга жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплаш мажбурияти юкланган.

Коммунал хизмат вакили фуқаролардан йиғилган миллионларни ўзлаштириб юборди

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида коммунал тўловлар йиғиш бўйича назоратчи бўлиб ишловчи Ш. М. фуқаролардан йиғилган 22,6 миллион сўмни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган (“Постда”, 25 июнь). Фуқароларга эса сохта квитанциялар бериб келган. Қайд этилишича, шу туманда яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаати асосида ваколатини суиистеъмол қилган коммунал тўловлар бўйича назоратчи қўлга олинган. Унга нисбатан тергов олиб борилмоқда.

Урганч ИИБ паспорт бўлинмаси фуқарони сарсон қилгани аниқланди

Хоразм вилояти Урганч тумани ИИБ паспорт бўлинмаси шу туманда яшовчи фуқаро Қуронбой Шариповни сарсон қилгани аниқланди (“Истеъмолчи”, 29 июнь). Фуқаро 2015 йилнинг январида паспорт алиштириш учун Халқ банкига лозим бўлган пулни тўлаб, тўлов паттасини паспорт бўлинмасига келтириб берган. Паспорт столи ходимлари: “Ўзимиз сизга хабар берамиз” дегани учун кута бошлаган. 2016 йил 10 апрелида суратга тушиш учун борганида эса фуқаро Қ. Шариповдан Халқ банкидан пул тўлангани ҳақидаги патта нусхасини қайта олиб келиш сўралган. Тўлов паттаси паспорт столи бўлгани ҳолда уни қайта-қайта сарсон қилиниши оқибатида унинг соғлиғи ёмонлашган. Қайд этилишича, сарсонгарчиликка барҳам берилган. Айбдорга қандай чора кўрилгани очиқланмаган.

XS
SM
MD
LG