Линклар

Гиннесга кирмоқчи бўлаётган самарқандлик морбоз, боғчадаги сериалхонлик


Самарқандлик илон ўйнатувчи Алишер Ярматов Гиннеснинг рекордлар китобига кириш ҳаракатида. Боғчаларда болаларга сериаллар кўрсатилаётгани ота-оналар норозилигига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонликлар бозорларда пластик карточка орқали тўлов амалга ошириш имкони бўлмаётганидан шикоят қилмоқдалар.

Уйида 100 дан ошиқ илон боқаётган самарқандлик морбоз Гиннес китобига кирмоқчи

Самарқанднинг Жом қишлоғида яшовчи морбоз Алишер Ярматов Гиннеснинг рекордлар китобига кирмоқчи (“Даракчи”, 30 июнь). Йиллар давомида энг қўрқинчли илонлар билан ҳам тил топиша олган А.Ярматов мамлакатда энг машҳур морбоз саналади. Кўп чаққанидан унга илон заҳриҳам таъсир этмайдиган бўлиб қолган. У айни пайтда уйида 100 дан ошиқ илон боқмоқда. “Ярматовлар меҳмонга борар бўлишса, уй эшигига қулф солмасдан ҳам кетаверишлари мумкин. Чунки ҳеч ким бу хонадонга уй эгаси йўқ пайтда қадам боса олмайди” деб ёзади газета.

Боғчаларда болалар сериалхонлик қилаётгани ота-оналар норозилигига сабаб бўлди

Кўплаб мактабгача таълим муассасаларида болаларга телевизор орқали сериал ва номақбул мультфильмлар қўйиб бериш ҳолатлари кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 30 июнь). Бундан норози бўлган ота-оналар болалар боғчага тенгдошлари билан мулоқот қилиш, ижтимоий малака ҳосил қилиш учун боришини айтган. “Комил авлод” болалар боғчаси услубчиси Ноиба Умарова жанговарлик, тўполончиликка ундовчи мультфильмларни кўрсатиш зарарли эканини таъкидлаган. Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаси вакили Саодат Тўрахоновага кўра ҳам, боғчаларда болаларнинг бўш вақтини телевизор кўришга кетказиш мақсадга мувофиқ эмас.

Марказий банк раиси ўринбосари Чорсу буюм бозорида пластик ўтмаётгани юзасидан изоҳ берди

Тошкентдаги “Чорсу” бозоридаги бирорта кийим-кечак растасида банк пластик терминали йўқ, дея арз қилади Мирзо Улуғбек туманида яшовчи Дилбар Содиқова. “Ўзим давлат ташкилотида ишлайман, иш ҳақимнинг 70 фоизи пластик картамга ўтади. Буюм бозорларида терминалларни кўпайтиришнинг иложи йўқми?” дея савол йўллаган Д. Содиқова “Даракчи” нашрига. “Давлат рўйхатидан ўтмасдан патент асосида пуллик хизмат кўрсатаётган субъектлар банкларда ҳисоб-варақ очмаганлиги сабабли уларга тўлов терминалларини ўрнатиш имкони бўлмаяпти”, дея вазиятни изоҳлаган Марказий банк раиси ўринбосари М.Эшматов. Қайд этилишича, тўлов терминалларини атайин ишлатмаслик ёки яшириб қўйиш ҳолатларини назорат қилишга банклар ҳақли эмас, бу солиқ идораси ваколатидаги ишдир.

XS
SM
MD
LG