Линклар

Ҳажга боролмаётган андижонлик арзи, натижа берган шикоят, Тошкентда етиштирилаётган мушмула


Сирдарёда “Ласетти” носозлигидан шикоят қилган кишининг талаби қондирилди. Ҳаж сафари учун 4 йил аввал ариза берган қорасувликнинг қачон зиёратга бориши номаълум. Ўзбекистон пойтахтида парваришланаётган субтропик дарахт мевага кирди.

Фуқаро интернет орқали шикоят қилгач, “GM Uzbekistan” носоз чиққан “Ласетти”нинг нуқсонини бартараф этди

“Сирдарё автотеххизмат” акциядорлик жамиятидан сотиб олинган янги “Ласетти” автомобилининг автомат қутиси носоз чиқди (“Истеъмолчи”, 6 июль). Машина эгаси Д. Рўзметов носозликни бартараф этишни сўраб, акциядорлик жамиятига мурожаат этган. Компания берган кафолатга кўра, камчилик текин бартараф этилиши зарур бўлгани ҳолда, Д. Рўзметовдан 4,5 миллион сўм пул талаб қилинган. Шундан кейин у Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали Давлат рақобат қўмитасига шикоят йўллаган. Шундан кейин Давлат рақобат қўмитаси, “Ўзавтосаноат” ва “GM Uzbekistan” компаниялари “Ласетти”даги носозликни ўрганиб чиққан ва камчилик текинга бартараф этиб берилган.

Ҳажга бориш учун 4 йилдан бери навбат кутаётган андижонлик фуқаро аризаси эътиборсиз қолаётганидан шикоят қилди

​Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Қорасув шаҳрида яшовчи Улуғбек Ҳамидхонов муборак Ҳаж сафарига бориш учун 4 йил аввал берган аризаси эътиборсиз қолаётганидан шикоят қилди (“Даракчи”, 7 июль). Мазкур мурожаатга жавоб берган Андижон вилояти ҳокимлиги котибият мудири Ф. Қўшақовга кўра, бу йил 2009 йилда 10-11-рақам билан навбатга ёзилган фуқаролар Ҳажга юборилади. Фуқаро У. Ҳамидхонов эса 2012 йилда 47-рақам билан навбатга ёзилган. Ҳокимлик вакили фуқаро навбати келганда Ҳажга боришини маълум қилган.

Ўзбекистонда “мушмула” деб аталган субтропик мева етиштирилмоқда

Ўзбекистон Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида тажриба тарзида мушмула деб аталган субтропик мевали дарахт ўстирилмоқда (“Оила даврасида”, 7 июль). Тажриба пайти дарахт кўчати касалликка чалинмаган, аммо ҳаво қуруқлиги боис барги тез-тез тўкилиб турган. Ҳар бир туп дарахтдан 18 килограммгача 3 сантиметр катталикдаги мушмула меваси олинган. Институт илмий ходими Г. Қорахўжаевага кўра, 25 граммга етадиган мушмула меваси ноксимон шаклда бўлиб, витамин ва минералларга бой. Мушмула дарахти ноябрда гуллайди, декабрда мева тугади, қиш бўйи шаклланиб, май-июнь ойларида пишиб етилади.

XS
SM
MD
LG