Линклар

Куйдирги эпидемияси боис Ўзбекистон чегарасида тиббий кўрик жорий қилинди


Куйдиргининг олдини олиш учун Ўзбекистон чегарасида хориж фуқаролари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда Тиббиёт олий ўқув юртларида абитуриентлардан “Қидирувда эмас” деган мазмунда маълумотнома талаб қилинмоқда. Ўзбекистонда 620 минг гектар ер чигиртка хавфи остида. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Куйдиргининг олдини олиш учун Ўзбекистон чегарасида хориж фуқаролари тиббий кўрикдан ўтказилмоқда

Куйдирги ва Қрим-Конго геморрагик иситма касалликларининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон чегара ҳудудларида фаолият юритаётган санитария назорати пунктларида четдан кириб келаётган хорижий фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда (“Тошкент оқшоми”, 12 июль). Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, бош давлат санитария врачи Саидмурод Саидалиев маълум қилади. Қайд этилишича, бу йил қишнинг анча илиқ келгани хавфли юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи ҳашаротларнинг кўпайишига замин яратди. Шу боис уларга қарши тизимли кураш олиб борилмоқда. Мамлакатдаги санитария-эпидемиология ҳолати ҳақида тўхталган С. Саидалиев “Ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ” деган.

Тиббиёт олий ўқув юртларида абитуриентлардан “Қидирувда эмас” деган мазмунда маълумотнома талаб қилинмоқда

2016-2017 ўқув йили учун ҳужжат қабул қилаётган тиббиёт олий ўқув юртларида абитуриентлардан “Қидирувда эмас” деган мазмундаги қўшимча маълумотнома талаб қилинмоқда (“Даракчи”, 14 июль). Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Алимовдан мазкур ҳолат амалдаги қонунчиликка нечоғли тўғри келиши сўралган. “Бу бўйича ҳеч қандай кўрсатма мавжуд эмас” дея қидирувда эмаслик ҳақидаги маълумотнома талаб қилиш асоссиз эканини билдирган А.Алимов.

Ўзбекистонда 620 минг гектар ер чигиртка хавфи остида

Бугун Ўзбекистонда 620 минг гектар ер чигирткалар туфайли хавф остида турибди (“Оила даврасида”, 14 июль). БМТнинг бу борадаги баёнотига кўра, мутахассислар чигиртка тарқалишининг учинчи босқичидан хавотир олмоқда. Бу босқичда чигирткалар уча бошлайди ва бир чеккадан ўсимликларни ейишга тушади. Кимёвий дорилар билан ўз вақтида ишлов берилгани сабабли 400 минг гектар майдондаги экинларга ҳашаротлар ҳужуми олди олинган. Аммо чегарадош туманларда ҳам профилактик тадбирларни кучайтириш муҳим. Сабаби, чигирткалар қўшни мамлакат томондан ҳам келиб тарқалмоқда.

XS
SM
MD
LG