Линклар

Термиз туманида суд ижрочилари устидан хизмат текшируви ўтказилмоқда, Самарқандда қалбаки чипта сотган авиачиптачи судланаяпти,актёр Ҳошим Арслонов хусусий студиялар суратга олаётган фильмларни танқид қилди.

Термиз туман суд ижрочилари устидан хизмат текшируви бошланди

Сурхондарё вилояти Термиз тумани яшовчи С. Раҳмонова фойдасига жавобгардан моддий ва маънавий зарар ундириш ҳақидаги фуқаролик судининг 2013 йил февралдаги қарори ҳозиргача тўлиқ ижро этилмаган (“Адолат кўзгуси”, 14 июль). Суд қарорига кўра, С. Раҳмонова фойдасига қарздорлардан 9,6 миллион сўм ва 2100 доллар ундирилиши керак эди. Фуқаронинг газетага шикояти ортидан суд қарорлари ижроси бўйича департамент Термиз туман суд ижрочилари устидан хизмат текшируви бошлаган.

Самарқандда харидорга қалбаки авиачипта сотган фирма вакили маҳкамага тортилди

Самарқанд шаҳрида фуқарога қалбаки чипта сотган авиачипта фирмаси вакили маҳкамага тортилди (“Постда”, 9 июль). Исми ошкор этилмаган сотувчи фирма солиқ идораси томонидан вақтинча ёпилганига қарамай, Францияга кетаётган аёлга 15 миллион сўмга 6 та қалбаки чипта сотган. Аёл Тошкент аэропортида чипталарни кўрсатганида, улар компьютерга киритилмаган сохта экани маълум бўлган. Авиачипта фирмаси вакили қора курсига ўтиргани айтилгани ҳолда, унга берилган жазо очиқланмаган.

Актёр Ҳошим Арслонов: Томошабин 10 йилдан кейин мароқ билан кўрадиган бирорта хусусий фильм йўқ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳошим Арслонов хусусий студиялар пул топиш мақсадида олаётган фильмларни танқид қилди. Актёрнинг “Даракчи” нашрига интервьюсида айтишича, ўн йилдан кейин томошабин мароқ билан кўрадиган хусусий фильмнинг ўзи йўқ. Актёр, шунингдек, кинода ҳаваскорлар роль ўйнаб, ўзи каби профессионаллар ролсиз қолаётгани алам қилишини айтган. “Прокурорни олдига бориб, “Ҳавас қиламан-да, келинг, шу жиноий ишни мен олиб борай” десам, рози бўладими? Нега санъатга ҳавас билан муносабатда бўлишларига жим қараб туришимиз керак? Камина маошга 40 йилдан бери қаноат қилиб, актёр номини олсам-у, нега бир ҳавасманд пулини тўлаб, фильмда роль ижро этиши мумкин? Бу ҳолат ижодкорга алам қилади”, деган актёр Ҳ. Арслонов.

XS
SM
MD
LG