Линклар

Тест синовлари ўтадиган аудиторияларга камера ўрнатиш тавсия қилинмоқда


Санэпидемназорат ходимлари куйдирги боис Ўзбекистонда чорва молларини уй шароитида сўйиш тақиқланганини айтмоқда. Ўзбекистонда кириш имтиҳони ўтадиган аудиторияларга камералар ўрнатиш тавсия қилинмоқда. DJ Piligrim Cардор Раҳимхон ва Улуғбек Раҳматуллаевни плагиатда айблади.

Куйдирги хавфи боис чорва моллари уй шароитида сўйиш тақиқланади

Кейинги пайтларда Ўзбекистонга қўшни давлатларда куйдирги бўйича вазият яхши эмаслиги кузатилмоқда, шу боис инфекцияларнинг пайдо бўлишига йўл қўймаслик чораларини кўриш лозим (“Оила даврасида”, 21 июль). Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи Баҳром Алматовга кўра, чорва молларини уй шароитида сўйиш тақиқланади, уларни фақат кушхоналарда ветеринария ходими назоратида сўйиш керак. Кўча-кўйда сотилаётган чорва моллари гўшти ҳам хатарли бўлиши мумкин, шу боис гўштни махсус дўконлардан харид қилиш тавсия этилади. Шунингдек, масъул мутахассис чорва молларини куйдиргига қарши эмлатиш зарурлигини уқтирган.

Ғирромлик бўлмаслиги учун кириш имтиҳони ўтадиган аудиторияларга камералар ўрнатиш тавсия қилинди

​Олий ўқув юртларига кириш имтиҳонлари ўтказиладиган аудиторияларга кузатув камералари ўрнатиш ва аудиториядаги вазиятни ота-оналар монитор орқали кузатиб бориши лозим (“Ҳуррият”, 20 июль). Ана шунда “Аудитория назоратчиси пайт пойлаб “шпаргалка”дан кўчирувчиларга имкон берди” ёки “Бир бегона одам аудиториямизга кириб, иккита болага ёрдам бериб кетди” каби гап-сўзларга ўрин қолмайди, адолат ва холислик таъминланади деб ҳисоблайди газета. Қайд этилишича, катта чорраҳаларда камера ва фоторадар ўрнатилгач, қоидабузарликлар камаймоқда. Аудиторияларга ҳам камера ўрнатилса, ғирромликларнинг йўли ёпилади.

DJ Piligrim хонандалар Cардор Раҳимхон ва Улуғбек Раҳматуллаевни ўғирликда айблади

DJ Piligrim тахаллуси билан ижод қилиб келаётган хонанда Илҳом Йўлчиев ҳамкасблари Сардор Раҳимхон ва Улуғбек Раҳматуллаевни фақат плагиаторлик билан шуғулланадиган ижодкорлар деб билишини таъкидлади. “Улар хорижий мусиқани ўзимизга мослаштириб, қўшиқ куйлаш билангина шуғулланишади”, деган DJ Piligrim “Даракчи” нашрига интервьюсида. И. Йўлчиев сўнгги пайтларда унинг номи хонанда Лола Йўлдошева билан ёнма-ён тилга олинаётганига муносабат билдириб, ўртада фақат ижодий ҳамкорлик мавжудлигини айтган. “Кимлардир тарқатаётган гаплар мишмишдан бошқа нарса эмас”, деган у.

XS
SM
MD
LG