Линклар

Эркин Комилов ўзи ҳақида ножўя видеони тарқатганларни маҳкамага тортмоқчи


Бекобод тиббиёт коллежи директори пора билан ушланди. Тошкентда қалбаки доридан 220 миллион даромад қилган жиноий тўда фош қилинди. Актёр Эркин Комилов ўзи ҳақида ножўя видео тарқатганларни судга бермоқчи. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Бекобод тиббиёт коллежи директори порахўрлиги учун 8 йилга кесилди

Тошкент вилояти Бекобод тиббиёт коллежининг директори ўқишга қабул қилиш эвазига пора олгани учун маҳкамага тортилди (“Даракчи”, 28 июль). Исми ошкор этилмаган директор шу тумандаги 11-мактаб ўқитувчисидан уч ўқувчини коллежга қабул қилиш эвазига 900 доллар олаётганда ушланган. Тергов жараёнида директор бунга қадар ҳам битта ўқувчини коллежга қабул қилиш учун 100 дан 600 долларгача пора олиб келгани аниқланган. Суд ҳукмига мувофиқ, коллеж директори уч йил муддатга мансабдорлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан ва саккиз йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Жиноят ишлар бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Исматулла Мамановга кўра, судлов ҳайъат ушбу жиноятнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиб, республикада фаолият юритаётган коллежлар раҳбарлари ўртасида ҳуқуқий тарғибот етарли даражада олиб борилмаган, деган хулосага келган.

Тошкентда қалбаки доридан 220 миллион даромад қилган жиноий тўда ушланди

Тошкент шаҳрида дори-дармонни қалбакилаштириш билан шуғулланиб келган тўрт кишидан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди (“Ҳуқуқ”, 28 июль). Жиноий гуруҳ аъзолари пойтахтдаги дорихоналардан “Пиридоксин” номли дориларни сотиб олган, сўнг ампулалардаги ҳақиқий ёзув ўчирилиб, унга “Иммуномодулин” номи туширилган ҳамда қалбакилаштирилган дори-дармон сохта сертификат билан вилоятларда сотилган. Шу тариқа жиноий гуруҳ 2014 йил ноябрдан 2015 йил февралга қадар 13 минг 210 қути қалбаки дори сотган ва бундан 220 миллион сўмдан ошиқ даромад қилган. Қайд этилишича, фуқаролар саломатлигини хавфга қўйган жиноятчилар 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистонда итлар 510 та жиноятни фош қилди

Ўзбекистонда 1998-2015 йилларда итлар ёрдамида 510 та жиноят фош этилиб, 306 та ўқотар қурол, 34737 дона ўқ, 9634 дона гильза ва 334 кг порох топилган (“Истеъмолчи”, 27 июль). Ушбу муддат ичида итлар кўмагида 3241 кг ва 158 минг туп гиёҳвандлик моддалари ушлаб қолинган. Қайд этилишича, ҳозирга қадар Миллий кинология марказида 4148 та хизмат ити тайёрланди.

Актёр Эркин Комилов ўзи ҳақида ножўя видео тарқатганларни судга бермоқчи

Бир неча кундан буён Telegram мессенжерида Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комиловнинг тор бир даврада айтган ножўя гаплари муҳрланган видео қўлма-қўл бўлмоқда. “Даракчи” нашри хабарига кўра, актёр мазкур видеони тарқатганларни топиб судга бермоқчи. Шунингдек, актёр видеодаги унга нисбат берилаётган қўпол сўзни айтмаганини билдирган. Э. Комиловга кўра, у икки йил аввал Сирдарёга кетаётиб, йўлда Самарқанддан қайтаётган водийлик эр-хотинни кўриб қолган ва уларга ҳазил тариқасида “Қизил гуллар очганда, чўнтакдан пул қочганда, хотинни қўлтиқлаб, ... борми Тошкентда?” деб ҳазиллашган. Сўнг у Самарқандда меҳмонга бориб, бир даврада ўша ҳазилни ҳикоя қилиб берган. Э. Комиловга кўра, мазкур мутойибани кимдир ёзиб олиб, монтаж қилиб, тарқатиб юборган.

XS
SM
MD
LG