Линклар

Халқаро йўл қурилишида 1 млрд сўмдан кўпроқ маблағ талон-тарож этилди


Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши халқаро йўл қурилишида 1 миллиарддан ошиқ маблағ талон-тарож этилди. Ўзини ҳуқуқ-тартиботчи деб таништирган шахс Ўзбекистондаги банклардан катта миқдорда пул ундиришга муваффақ бўлди. Тиббиёт бирлашмаси бўлим мудири сохтакорлиги учун маҳкамага тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши халқаро йўл қурилишида 1 миллиарддан ошиқ маблағ талон-тарож этилди

Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши халқаро автомобиль йўли қурилишида катта миқдорда маблағ талон-тарож этилгани аниқланди (“Ҳуқуқ”, 2016 йил 30-cон). Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасининг исми ошкор этилмаган вакили Бухоро йўл-кўприк корхонаси раҳбари билан тил бириктириб, ҳужжатларни сохталаштириш йўл билан бюджетнинг 900,7 миллион сўм маблағини ўзлаштирган. Республика йўл жамғармаси вакили, шунингдек, “Равон қурилиш” масъулияти чекланган жамияти раҳбарлари билан ҳам жиноий битим тузиб, Самарқанд-Ашхобод-Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг бошқа участкасида қурилишидан 231 миллион сўмни талон-тарож қилган. Жиноятга қўл урган кимсаларга тегишли жазо берилгани хабар қилинган.

Ўзини орган ходими деб таништирган фирибгар банклардан катта миқдорда доллар олди

Ўзини ҳуқуқ-тартибот идораси вакили деб таништириб сохта гувоҳнома кўрсатган фирибгар Ўзбекистондаги банклардан катта миқдорда доллар олишга муваффақ бўлди. “Ҳуқуқ” нашри хабарига кўра, исми ошкор этилмаган фуқаро “Асака банк” филиали раҳбариятига сохта гувоҳнома кўрсатиб, тўлов пластик карточкага 4 минг АҚШ доллари тушириб беришни талаб қилган. Валюта олиш учун навбатда туриш кераклигини айтган банк вакилига дўқ-пўписа қилиб, мақсадига эришган. Шу усул билан у пластик картасига “Миллий банк”дан 2 минг, “Асака банк”дан 6 минг, “Ўзсаноатқурилишбанк”дан 14 минг АҚШ доллари туширтирган. Қайд этилишича, фирибгар бошқа бир банкда ўз найрангини ишга солаётган вақтда қўлга олинган.

Наманганда тиббиёт бирлашмаси бўлим мудири сохтакорлиги учун маҳкамага тортилди

Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани тиббиёт бирлашмасининг пулли тиббий кўрсатиш бўлими мудираси маблағ ўзлаштириш ва сохтакорлик учун маҳкамага тортилди (“Ҳуқуқ оламида”, 2016 йил 21-сон). Исми ошкор этилмаган тиббиёт мансабдори 2014-2015 йилларда аслида беморларга берилиши зарур бўлган гепатит А, В, ВПГ ва “Антилуис” реактивларини ўзлаштириб, миллионлаб маблағни талон-тарож этган. Дори воситалари рўйхати бўйича ҳужжатлар эса сохталаштирилган. Бундан ташқари, мудира ходимларга маош тўлаш тартибини ҳам бузишда айбланган. Суд ҳукмига кўра, тиббиёт бирлашмаси бўлим мудираси бир йил мансабдорлик вазифаларидан ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилган ва унга иш ҳақининг 15 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 1,6 йил ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган.

XS
SM
MD
LG