Линклар

“Инстаграм”даги “нағмаю муқомлар” акс этган суратлар танқид қилинди. Озодбек Назарбеков концертига сохта чипта сотган фирибгарлар ҳали ҳам топилмади. Хоразм қовунлари ўрта асрларда Бағдодда 700 дирҳамдан сотилган.

“Инстаграм”даги “нағмаю муқомлар” акс этган суратлар танқид қилинди

Уяту андишани йиғиштириб қўйиб, “Инстаграм” тармоғида беҳаё фотоларни жойлаштириш ўзбекистонликлар орасида ҳам кўпаймоқда (“Оила ва жамият”, 10 август). “Маникюр қилинган бармоқлар, бўялган лаблар, кўз, қош, киприк, оёқлар, пойабзал... ҳатто танасининг уят қисмларини ҳам суратга олиб, “Инстаграм”га жойлаштираётганларни кўриб дод дегинг келади”, деб ёзади газета. Қайд этилишича, ҳозирда ёшлар қолиб, 50-60 ёшдаги аёллар ҳам ижтимоий тармоқларга сурат жойлаштириш бўйича рекорд ўрнатмоқда. “Интернет орқали нағмаю муқомлари акс этган суратларни бегоналарга кўз-кўз қилаётган аёлнинг эри ёки эркак яқинлари орият, ҳамият, номус, хонадон шаъни деган тушунчалардан шунчалар йироқми?!” дея савол қўйилади мақолада.

Озодбек Назарбеков концертига сохта чипта сотган фирибгарлар ҳали ҳам топилмади

Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбековнинг жорий йил апрель ойида Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройида ўтган концерти учун сохта чипталар сотган фирибгарлар ҳали ҳам ушланмади, деб хабар берди “Даракчи” нашри. “Шаҳзода, Озодбек Назарбеков ва жуда кўплаб хонандаларнинг, ҳатто ўтган йили Ортиқ Отажоновнинг концертида ҳам сохта чипта сотилган ҳолатлар кузатилди. Масалан, бу йил Озодбек Назарбеков концертининг илк кунида чув тушган юз киши ортига қайтиб кетди”: деган “Истиқлол” санъат саройи вакили Рустам Хўжаниёзов. Чилонзор тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими бошлиғи Равшан Қодировга кўра, ҳозирга қадар сохта чипта савдосидан жабрланган бирор шахсни топишнинг имкони бўлмаган.

Хоразм қовунлари ўрта асрларда қўлбола музлатгичларда халифа Маъмунга етказилган

Хоразм қовунлари илк ўрта асрларда қўлбола музлатгич – қўрғошин қолипларда музга ўраб, аввал халифа Маъмун, кейин эса Восиққа етказилган (“Ҳуррият”, 10 август). Тарихчи Абу Мансур Саолибийнинг гувоҳлик беришича, агар қовун яхши сақланиб етиб борса, донаси туя нархида – етти юз дирҳамга сотилган. Хоразмнинг тупроғи нисбатан шўр эканига қарамай, Амударё суви туфайли бу ернинг мевалари, хусусан, қовуни ўзига хос таъмга эга саналган. 9 килогача тош босадиган гурвак навли қовун ҳам айнан ушбу воҳада етиштирилган. Қайд этилишича, шу кунларда тарихий анъанани давом эттирган ҳолда, Хоразмда қовун сайли ўтказилиб, унда мазкур тансиқ неъматнинг 40 дан ортиқ нави намойиш этилган.

Фарғонада бир туп дарахтдан 25 хил олма олинмоқда

​Фарғоналик миришкор Абдуваҳоб Мирзажонов бир туп дарахтдан 25 хил олма етиштирмоқда. Бу ҳақда бир неча матбуот нашри хабар беради. Олманинг туси, шаклу шамойили бир-бирига ўхшамайди. Миришкор уста айни пайтда бир дарахтда олхўрининг 3 хил, ўрикнинг 2 хил навини етиштирмоқда, маҳаллий шароитда субтропик мева – киви ўстирмоқда.

XS
SM
MD
LG