Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:25

Депутат: Зўравонлик ва порнографияга оид фильмларни қонун билан тақиқлаш лозим


Ўзбекистонда “ёшлар” ва “ёш оила” тушунчаларига аниқлик киритилди. Парламент депутати маънавиятга таҳдид солувчи киномаҳсулотларни тақиқлаш лозимлигини айтди. Адвокатларга солиқ ва коммунал тўловлар борасида имтиёзлар бериш сўралди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Ёшларга ўқиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш қонун билан кафолатланган

Ўзбекистонда ёшлар (ёш фуқаролар) деганда 14 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган шахслар назарда тутилади (“Жамият”, 2016 йил 33-сон). Олий Мажлис Сенати жорий йил 24-25 августдаги олтинчи ялпи мажлисида маъқуллаган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонунда ана шу тартиб кўзда тутилган. Мазкур қонунга кўра, ёш оила деганда 30 ёшдан ошмаган эр-хотиндан ёки фарзанд парваришлаётган ота ёки онадан иборат бўлган оила, шу жумладан, ёлғиз бева эр (хотин) тушунилади. Қайд этилишича, ушбу қонунда ёшлар учун бепул умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими олиш, ўқиш учун имтиёзли кредитлар ажратиш кафолатланган. Айни пайтда мамлакат аҳолисининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади.

Олий Мажлис депутати порнографияни тарғиб этувчи фильмларни қонун йўли билан тақиқлашни таклиф қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Шуҳрат Турсунбоев айни пайтда ишлаб чиқилаётган “Кинематография тўғрисида”ги қонун лойиҳасида маънавиятга таҳдид солувчи маҳсулотларни тақиқлаш лозимлигини айтди (“Ўзбекистон овози”, 23 август). “Қонун лойиҳасида ушбу соҳада бирон-бир ҳуқуқий муносабатларни чегаралаш ёки ижод қилишни тақиқлаш билан боғлиқ нормалар белгиланмайди. Лекин зўравонлик, порнография, ёшлар онгини бузувчи, маънавиятимизга таҳдид солувчи маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сотиш, тарқатиш қонун йўли билан тақиқланиши ва унга жавобгарлик борлиги аниқ кўрсатилиши лозим”, деган парламент аъзоси. Ш. Турсунбоев, шунингдек, кино маҳсулотлар ва аудиовизуал асарларни яратиш ва фойдаланишда муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилишни такомиллаштириш заруратига ҳам урғу берган.

Адвокатлар палатаси: Адвокатларга солиқ ва коммунал тўловлар борасида имтиёзлар берилиши керак

Ўзбекистон Адвокатлар палатаси раиси ёрдамчиси Гўзал Сайфиева Тошкентда ўтган анжуманда адвокатлар фаолиятига доир муаммоларга эътибор қаратди (“Адолат”, 2016 йил 34-сон). Қайд этилишича, адвокатлар томонидан давлат органлари ва бошқа органлардан зарур ҳужжат ва маълумотларни олишда муаммолар мавжуд. “Аксарият ҳолларда адвокат сўровига жуда кечиктириб жавоб бериш ҳолатларига дуч келамиз. Ваҳоланки, шундай ҳолатлар бўладики, шахснинг тақдири адвокатнинг ўз вақтида ва тўлиқ маълумот тўплаб, тергов ёки судга тақдим этишига боғлиқ бўлиб қолади” деган Г. Сайфиева. Палата раиси ёрдамчисига кўра, адвокатлар ваколатини кенгайтириш, жумладан, уларга экспертиза тайинлаш ҳуқуқини бериш, уларга солиқ юкини камайтириш, коммунал хизматлар ва алоқа хизмати ҳақини тўлашда имтиёзлар бериш лозим.

XS
SM
MD
LG