Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:54

Ҳаж учун 4860 доллар, Муқимий орзуси, аразлашган Шароф ва Севинч


Бу йил Ҳаж сафари тўлови 14,5 миллион сўмни ташкил этди. Мавлоно Муқимий тирилса, нима қиларди? Хонандалар Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова оиласига путур етмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

Бу йил Ҳаж сафари тўлови 14,5 миллион сўмни ташкил этди

24 август куни Ўзбекистондан биринчи гуруҳ фуқаролар Ҳаж зиёрати учун Саудия Арабистонига йўл олди. Қолган зиёратчилар 4 сентябрга қадар араб заминига етиб боради (“Даракчи”, 25 август). Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита маълумотига кўра, бу йил мамлакатдан 5000 (2641 нафар эркак, 2359 нафар аёл) киши муқаддас сафарга бориши белгиланган. Жорий йил Ҳаж сафари учун тўланадиган маблағ миқдори эса 14,5 миллион сўмни ташкил этди. Эслатиб ўтамиз, Ҳаж ёки Умра сафарига бормоқчи бўлган Ўзбекистон фуқаролари доимий яшаш жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига ариза бериб, навбатга ёзилиши лозим.

Мўъжиза рўй бериб мавлоно Муқимий тирилса...

Бир мўъжиза рўй бериб, мавлоно Муқимий тирилиб қолса ва камчиликлари ҳақида куюниб ёзган Қўқон қишлоқларини айланса, саёҳатномаларини йиртиб ташларди (“Ҳуррият”, 24 август). Шоир Муқимий Ултарма, Дўрмонча, Рошидон, Олтиариқ, Яйпан, Нурсух, Бешариқ, Рапқон каби қишлоқларнинг камчиликлари ҳақида ёзиб, бу жойлар қачон обод бўлар экан, деб орзулаган. Қайд этилишича, Муқимий ўша қишлоқларнинг бугунги ҳолатини кўрганида, авлодларнинг ақлу фаросати ва бунёдкорлик салоҳиятидан мамнун бўларди. “Мумтоз шоиримиз бир ғазалида “Шул эрур айбим, Муқимий, мардуми Фарғонаман”, деб куюниб, ранжиб ёзган. Юқорида айтганимиздек, мўъжиза рўй бериб, Муқимий домла Фарғона вилоятининг бугунги кўрки-жамолини, одамларга яратилган шароитларни, бунёд этилаётган замонавий уй-жойларни, меҳнат, ижод аҳли нақадар улуғланаётганини кўрса, саёҳатномалари билан бирга ўша машҳур ғазалини ҳам албатта йиртиб ташларди”, дея хулоса қилади муаллиф.

Хонандалар Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова оиласига путур етмоқда

Хонандалар Шароф Муқимов ва Севинч Мўминова оиласига путур етмоқда. Бу ҳақда “Даракчи” нашри хабар беради. Оилавий мураккаб муносабатларга изоҳ берган С. Мўминова: “Шарофни кечиринг, оилангизни сақлаб қолинг, деб билиб-билмай хулоса чиқариб, ғашимга тегаётганлар учун бу мени жавобим, буни ўқиб тўғри хулоса чиқариб оласизлар, деган умиддаман. Оила нафақат аёл учун, эркак киши учун ҳам муқаддас бўлиши керак! Оилани сақлаб қолиш масъулияти фақатгина аёл кишининг қўлида эмас! Қарс икки қўлдан чиқади. Ҳаётимга умуман аралашманг”, деган. Қайд этилишича, икки хонанда 2010 йили турмуш қурган, уларнинг бир қизи бор.

XS
SM
MD
LG