Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:29

Матбуот шарҳи: Милицияга намойишларни тарқатишда рухсат билан қурол қўллашга изн берилди


Ўзбекистон пойтахтида жасадларни таҳқирлаган қотил аёл қўлга олинди. Ўзбекистон ички ишлар ходимларига рухсат этилмаган тинч намойишларни бартараф этишда қурол қўллаш ман этилди. Марғилонда тадбиркорга тегишли бинони қонунга зид равишда бузиб ташлаган ҳокимлик вакили маъмурий жазога тортилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Тошкентда она-болани ўлдириб, жасадларни таҳқирлаган қотил аёл ушланди

Тошкент шаҳри Шифокорлар шаҳарчасида яшовчи фуқаро Шоҳида Содиқова мудҳиш жиноят қўл урди (“Ҳуқуқ”, 22 сентябрь). Қайд этилишича, Ш. Содиқова билан дугона тутинган аёл икки ойда қайтариш шарти билан ундан 5 миллион сўм қарз олади. Аммо орадан 2-3 йил ўтса-да, қарзни қайтаролмайди. Бу эса опа-сингил тутинган икки аёл орасига совуқчилик солади. Ш. Содиқова 2015 йил 12 октябрда Шифокорлар шаҳарчасидаги уйига қарз олган дугонасининг онасини чақириб, уни болта билан уриб ўлдиради. Ўша куни қарз олган дугонасини ҳам алдов йўли билан уйига олиб келиб, айни ўша усулда қатл қилади. Сўнг жасадларни таҳқирлаб, бўлаклайди ва целлофан пакетларга солиб, Юқори Тошкент каналига ташлаб юборади. Бу орада Ш. Содиқова қарздор дугонасининг вояга етмаган ўғлини ҳам ўлдиришга уринади – унинг бу режаси амалга ошмай қолади. Бош прокуратура вакили Алишер Султановга кўра, Ш. Содиқова хавфли рецидивист деб топилган ва 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум этилган.

Ўзбекистон ички ишлар ходимларига ғайриқонуний тинч намойишларни бартараф этишда қурол қўллаш тақиқланди

Ўзбекистон ички ишлар идоралари ходимлари куч ишлатмасдан, жамоат тартибини бузмасдан ўтказилаётган ғайриқонуний йиғилишлар, митинглар, намойиш, оммавий чиқиш ва пикетларни бартараф этишда махсус воситалар, шу жумладан, газли ва шикастлантирувчи қурол қўллаши тақиқланади (“Постда”, 20 сентябрь). Жорий йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев имзолаган “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда ана шу талаб илгари сурилган. Қонунда жиноятларга чек қўйиш ва ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун жисмоний куч ишлатишга изн берилади. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам одамнинг бошига, бўйнига, ўмров суягига, қорнига, жинсий аъзоларига, юрак соҳасига резина таёқ билан зарбалар бериш тақиқланади. Мазкур қонун расмий эълон қилинган кундан олти ой кейин кучга кириши белгиланган.

Фарзандини тунги кўнгилочар жойларга юборган 260 га яқин ота-она жавобгарликка тортилди

Ота-онанинг ахлоқсизлиги, фарзандига бефарқлиги ва оилавий жанжаллар вояга етмаганларнинг жиноятларга қўл уришига сабаб бўлмоқда (“Оила даврасида”, 22 сентябрь). Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бош бошқармаси маълумотига кўра, 2015 йилда республика бўйича 600 мингга яқин оилада вояга етмаганларнинг турмуш тарзи ўрганилган. Ўтказилган 6000 дан ортиқ тадбирларда вояга етмаганлар вақтини тунги кўнгилочар жойларда ўтказишга йўл қўйгани учун 178 нафар муассаса раҳбари ва 257 нафар ота-она маъмурий жавобнгарликка тортилган. 427 нафар қаровсиз бола васийлик ва ҳомийлик органлари тасарруфига олинган.

Тадбиркорнинг иморатини қонунга зид равишда бузиб ташлаган ҳокимлик вакили жазоланди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳри ҳокимлиги мансабдори А. Кадиров тадбиркорга тегишли объектни қонунга зид равишда бузиб ташлагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. “Ҳуқуқ” нашри хабарига кўра, Марғилон шаҳридаги “Зиё боқий барака” масъулияти чекланган жамияти ва якка тартибдаги тадбиркор Ф. Каримовга тегишли қурилиш объектлари қиймати олдиндан ва тўлиқ қопланмаган ҳолда бузиб юборилган. Прокуратура аралашуви билан бунга йўл қўйган ҳокимлик капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари бўйича гуруҳ раҳбари А. Кадиров жавобгарликка тортилган. Қайд этилишича, ҳокимликлар содир этган ерга оид яна учта қонунбузарлик аниқланган.

XS
SM
MD
LG