Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:49

Ўзбекистонликлар телекоммуникация хизматларидан норози


Ўзбекистонликлар телекоммуникация хизматлари кўрсатилиши, хусусан, стационар телефон (уй телефони)га уланишдаги муаммолардан шикоят қилмоқда. Халқ таълими вазири мактабларда ўқувчилар сони меъёрдан ошиқлигини тан олди. Бухорода 10 мингдан ортиқ кишига бор-йўғи битта медпункт хизмат кўрсатмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Ўзбекистон аҳолиси нима учун телекоммуникация хизматларидан норози?

Ўзбекистонликларнинг телекоммуникация хизматларига оид шикоятларининг асосий қисми стационар телефон (уй телефони)га уланишдаги муаммоларга тааллуқлидир (“Жамият”, 2017 йил 3-сон). Бу ҳақда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги маълум қилади. Фуқароларнинг стационар телефонга уланиш борасидаги сўровларини амалга оширишда кўп ҳолларда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Қолаверса, кўплаб абонентлар ноқулай об-ҳаво шароити ва эскирган мис сим туфайли алоқа сифати ёмонлашаётганидан арз қилган. Бундан ташқари, мобиль алоқа операторлари, хусусан, “Билайн” ва “Ucell” ширкатлари аксар ҳолларда аҳолининг юқори сифатли уяли алоқа ҳамда интернет хизматларига талабини қондира олмаяпти. Вазирлик мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича чоралар кўрилаётганини билдирган.

Синфларда ўқувчилар сони меъёрдан ошиқлиги таълим сифатига салбий таъсир этмоқда

​Ўзбекистон мактабларида ўқувчилар сонининг меъёрдан ошиқ экани ота-оналарни ташвишга солмоқда (“Оила даврасида”, 26 январь). Масалан, бошланғич таълимда битта синфда ўртача 40-45 та ўқувчи таълим олаяпти. Бу эса таълим сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Дониёров мазкур муаммони тан олиб, буни аҳоли сони ва туғилишнинг ортиши билан изоҳлаган. Вазир ўринбосарига кўра, бундан 10 йил аввал 1-синфга 29 минг 124 нафар, жорий ўқув йилида эса 46 минг 884 нафар ўқувчи қабул қилинган. “Мутасаддининг жавобидан кўриш мумкинки, муаммони юзага келтираётган сабаблар аниқ. Шундай экан, чора кўришни кечиктиришдан нима наф? Ўз вақтида ҳал қилинмаган муаммо эса борган сари жиддий асоратларини кўрсатаверади”, деб огоҳлантиради муаллиф. Финляндия ва бошқа ривожланган давлатлар мактабларида битта синфда ўқувчилар сони 16 нафардан ошмаслиги белгилаб қўйилган. Газетага кўра, Ўзбекистондан ҳам бу борада керакли чоралар кўриш вақти келди.

Бухорода 10 мингдан ортиқ кишига атиги битта медпункт хизмат кўрсатмоқда

Бухоро вилоятидаги қишлоқ врачлик пунктларидаги аҳвол мақтарли эмас (“XXI аср”, 26 январь). Масалан, Жондор туманидаги Янгибозор, Чандир, Оғар, Кулончи каби қишлоқлардаги хизмат қилувчи 10 минг ортиқ аҳолига атиги битта медпункт хизмат кўрсатмоқдаки, буни тасаввурга сиғдириш қийин. 4000 дан зиёд аҳоли истиқомат қилаётган Мохон, Чорзона, Сепатта қишлоқлари ҳудудида ҳам биттагина тиббий пункт мавжуд. Когон туманидаги бирламчи тиббий шифохоналар фаолияти ҳам давр талабидан ортда қолмоқда.“Уйратдаги тез ёрдам кичик станциясидан қишлоғимизгача масофа 15 чақирим. Зарурат туғилганда тез ёрдам машинасини соатлаб кутишга тўғри келади. Сабабини сўрасангиз, турли баҳоналарни рўкач қилишади”, деган меҳнат фахрийси Қодир ота Зарипов. Қайд этилишича, ҳудудда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва хотин-қизлар учун махсус поликлиникалар ташкил этиш ҳам пайсалга солинмоқда.

Китоб нархи қиммат экани китобхонлар шаштини пасайтирмоқда

Ўзбекистонда чоп этилаётган китоблар қиммат ва келишилган нархларда экани китобхонларнинг шаштини пасайтирмоқда(“Ҳуррият”, 25 январь). “Китоб савдоси ва нархи энг оғриқли нуқтамизга айланган, десам асло муболаға бўлмайди. Аммо китоб картошка ёки пиёз эмас... Уни бир кунда ёки бир ойда сотиб, айниқса, ундан тезда фойда кўриб бўлмайди... Тошкентда ўн минг сўм турган китоб Бухоро ёки Сурхондарёда икки-уч баравар қиммат сотиляпти. Бу ҳам китобхонларнинг шаштини анча пасайтиради, китоб нархи сиёсатида кўплаб чалкашликларни келтириб чиқаради. Бундан келиб чиқадиган хулоса, демак, китоблар мазмунан юксак савияда, сифатли, арзон ҳамда қатъий нархларда бўлиши керак” деб ёзади газета. Шунингдек, мақолада китоблар адади камлиги, масалан, Абдулла Қодирийнинг машҳур “Ўткан кунлар” романи ҳар икки юз ўқувчига бир-иккитадан тўғри келаётгани қайд этилган.

XS
SM
MD
LG