Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:55

“Китобларни қароқчилар ҳам хорламаган, биз эса уларга мева ўраб сотяпмиз”


Ўзбекистонда абитуриентларни ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, юз минг доллардан кўпроқ пул олган фирибгар ушланди. Сирдарёлик фуқаро газ масаласи 10 йилдан бери ҳал этилмаётганидан арз қилди. Журналист Ўзбекистонда китобларга нисбатан муносабатдан таассуф билдирди.

Ўқишга киритиш ваъдаси билан 108 минг доллар олган фирибгар ушланди

Ўзбекистон олий ўқув юртларига ўқишга киритиш ҳамда маҳбусларни қамоқдан чиқариб бериш ваъдаси билан фуқаролардан жуда катта миқдорда хориж валютаси олиб, уларни чув туширган фирибгар ушланди. “Ҳуқуқ” нашри хабарига кўра, исми ошкор этилмаган фирибгар Тошкент давлат юридик университетига киритиш учун 18 минг, Ўзбекистон Миллий университетига киритиш учун 6000, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига киритиш учун 5000, Самарқанд давлат университетига киритиш учун 3000 доллар пул олган. Шунингдек, у босқинчилик айбланган фуқарони қамоқдан чиқариш ваъдаси билан унинг қариндошини 7000 долларга чув туширган. Қайд этилишича, фирибгар томонидан алданган фуқаролардан бири унинг устидан ҳуқуқ идораларига мурожаат қилишини айтгач, уни бўғиб ўлдирган. Фирибгарлик ва қотилликда айбланган судланувчи 20 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Сирдарёлик фуқаро газ масаласи 10 йилдан буён ечим топмаётганидан арз қилди

Сирдарё вилоятнинг Янгиер шаҳри Фазогирлар кўчасида яшовчи фуқаро Б. Эгамов 10 йилдирки, газ таъминоти масаласи ҳал этилмаганидан шикоят қилди (“Даракчи”, 6 октябрь). “Бу борада мутасадди ташкилотларга ҳам мурожаат қилинган, аммо ечими йўқ. Фақатгина мурожаат қилинган вақтда текширув келганда газнинг босими кўтарилади. Туман газ таъминоти корхонаси масъуллари бу ҳолатни дебитор қарздорлик билан изоҳлайди. Айтинг-чи, бундай ёндашув билан газ ҳақини ўз вақтида тўлаётган истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилмаяптимикан?” деб ёзади фуқаро Б. Эгамов. Сирдарё вилоят газ таъминоти бошқармаси мазкур ҳолат бартараф этилганини билдирган.

Тошкент вилоятидаги дам олиш масканларига чиқинди ташлаган 100 дан ошиқ шахс жазоланди

Аҳолининг экологик маданияти пастлиги туфайли Тошкент вилоятидаги дам олиш масканлари атроф-муҳити ифлосланмоқда (“Ҳуррият”, 5 октябрь). Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликлари нозирлари дам олиш ҳудудларига чиқинди ташланишига қарши курашмоқда. Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярим йилида 116 та қонунбузарлик аниқланиб, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига оид қоидаларни бузган фуқаролардан жарима ва товон пуллари ундирилган. Масалан, Угом-Чотқол миллий табиат боғи ҳудудидаги 74 та ўсимлик ва 38 та ҳайвон Қизил китобга киритилган.

Журналист: “Китобларни қароқчилар ҳам хорламаган, биз эса уларга мева ўраб сотяпмиз”

Китобларни арзон-гаровга сотиб олиб, уларга мева ўраб сотиш ёки китобнинг варағини йиртиб, болаларга ўйинчоқ самолёт ясаб бериш каби салбий ҳоллар кузатилмоқда (“Оила даврасида”, 6 октябрь). Гоҳида эса китоблар хонтахтанинг оёқларини кўтариб туришга сафарбар этилмоқда. “Тарихда карвонга ҳужум қилган қароқчиларнинг китоб ортилган туяга тегмагани ҳақида ёзилган. Бугун эса биз аслида жондек авайлашимиз зарур бўлган кўп нарсаларни ҳаётнинг ялтироқ, арзон-гаров безакларига алмашиб, уларга қандай муносабатда бўлишни унутиб қўйяпмиз”, деб ёзади журналист Ш. Ражабова. Қайд этилишича, Ўзбекистондаги 11 мингдан ортиқ кутубхонада 83,6 миллион нусха китоб жамғармаси бор.

XS
SM
MD
LG