Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:42

Давлат матбуоти ҳокимларни муаммоларни ҳал қилишда бош вазирдан ўрнак олишга чақирмоқда


Ўзбекистон президенти в.б., бош вазир Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти в.б., бош вазир Шавкат Мирзиёев.

Ўзбек расмий матбуотига кўра, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари Бош вазирдан ибрат олиб, фуқаролар муаммоларини ҳал қилишда самарали тизимни йўлга қўйиши лозим. Милиция пиёдаларни йўлда телефон ва планшетлардан фойдаланиш оқибатидан огоҳлантирди. Тиббий ёрдам ходимларининг эътиборсизлиги нохуш оқибатларга олиб келмоқда. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

______________________________________________________________

“Ҳокимларнинг Бош вазирдан ибрат олиб, фуқаролар муаммоларини шахсан ҳал этиши вақти аллақачон келди”

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари Бош вазир Шавкат Мирзиёевдан ибрат олиб, фуқароларнинг мурожаатларини шахсан назоратга олиб, уларни ҳал этишда самарали тизимни йўлга қўйиш вақти аллақачон келди (“Ўзбекистон овози”, 11 октябрь). “Ахир кимдир умид билан ҳокимият эшигида сарғайса, шундан сўнг қўли бирор ишга борадими? Шундай вазиятдан кейин унинг қалбида табиий ниш ура бошлаган жамиятдан норозилик эртага газак отиб кетмаслигига ким кафолат беради?!” дейилади Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги имзоси билан тарқатилган мақолада. Масалан, Сирдарё туманида яшовчи Мирсаид Низомов Ўзбекистон Бош вазирининг виртуал қабулхонасига ўзи яшаётган ҳудудда 5-6 йилдан буён табиий газда мунтазам узилишлари бўлаётганини айтиб ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаатдан кейин табиий газ таъминоти тез муддатда йўлга қўйилган. “Савол туғилади: ушбу туман мутасаддилари нега мазкур масалани ўз вақтида ўрганиб, тезда чора кўрмади? Ёки улар Бош вазирга мурожаатдан сўнггина бу ерда газ қувурлари чиндан таъмирталаб эканини билиб қолишдими?..” дея саволга тутилади масъуллар.

ИИВ расмийси: “Пиёдаларнинг йўлда телефонда сўзлашиши ўлим билан тугаган автоҳалокатларга сабаб бўлмоқда”

Пиёдаларнинг йўлда кетаётиб уяли телефон, планшетдан фойдаланиши, мусиқа тинглаши, кино кўриши оқибатида ўлимга олиб борувчи йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилмоқда (“Адолат”, 7 октябрь). Ички ишлар вазирлиги ЙҲХББ бошлиғи, полковник Холматжон Сайдалиевга кўра, йўлда телефон ва планшетдан фойдаланиш каби салбий ҳолатлар мактаб, лицей ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари орасида урф бўлиб қолган. Қайд этилишича, йўлда кетаётган пиёдаларнинг хаёлни чалғитувчи алоқа воситаларидан фойдаланиши, видео кўриши, газета-журнал ўқиши жаримага сабаб бўлади.

Тез тиббий ёрдам муассасасига оғир аҳволда олиб келинган бемор эътиборсизлик туфайли комага тушиб қолди

Тез тиббий ёрдам муассасасига оғир аҳволда олиб келинган бемор эътиборсизлик туфайли комага тушиб қолган (“Даракчи”, 13 октябрь). Қайд этилишича, беморни яқинлари шахсий машинада олиб келган, тиббиёт муассасаси вакиллари эса касални ўзбошимчалик билан олиб келиш мумкин эмаслигини айтган ва бемор анча вақт қаровсиз қолган. Воқеа қаерда, қачон рўй берганига аниқлик киритилмаган. “Беморнинг ҳаёти хавф остида бўлса, шахсий ёки тез тиббий ёрдам машинасида олиб келинганида ҳам, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига қабул қилинади ва уларга тўлиқ ёрдам кўрсатилади” деган мазкур ҳолатни изоҳлаган Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош бошқарма бошлиғи Ш. Нишанов. Қайд этилишича, фуқаролар (+99871) 239-47-95 ҳамда (+99871)150-46-00 телефон рақамлари орқали тез тиббий ёрдамга оид шикоятлар билан мурожаат қилишлари мумкин.

XS
SM
MD
LG