Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:26

Фарғонада миллионларни ўзлаштирган суғурта амалдорлари маҳкамага тортилди


“Ўзагросуғурта”нинг Ёзёвондаги масъули катта миқдордаги маблағни талон-тарож этгани учун жазоланди. Молия вазирлиги кейинги йилда ЯИМ 7,8 фоизга ўсишини башорат қилмоқда. Тошкентда махсус хизмат кийимида қуролли босқинлар уюштирган хавфли тўда ушланди. Ўтган ҳафтада маҳаллий матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Бош вазир виртуал қабулхонасига коммунал соҳа бўйича шикоятлар кўплаб келмоқда

Ўзбекистон Бош вазири қабулхонасига йўлланган шикоятларнинг каттагина қисмини коммунал соҳага оид масалалар ташкил этмоқда (“Оила даврасида”, 27 октябрь). “Ижтимоий муаммолар ҳақида гап кетар экан, бу борада коммунал соҳа ҳамон энг оғриқли экани барчамизга аён. Эътиборлиси, Бош вазирнинг виртуал қабулхонасига коммунал соҳадаги муаммолар ҳал этилгани боис кўплаб миннатдорлик хатлари келмоқда”, деб ёзади газета.

“Даракчи” нашри эса виртуал қабулхонага мурожаат йўллаш борасида маслаҳат бераркан, бир мурожаатда фақат битта масала кўтарилгани маъқул эканини таъкидлайди. “Аввал қайсидир давлат органига мурожаат қилинган бўлса ва у ердаги мансабдор шахс томонидан масала жойида ҳал этилиши ўрнига пайсалга солинган ёки қўпол муомала қилинган бўлса, албатта ушбу мансабдор шахснинг Ф.И.Ш. ва лавозимини кўрсатинг. Шунда мансабдор шахсни нисбатан тегишли чоралар кўрилади”, дея маслаҳат беради “Даракчи” газетаси.

Миллионларни ўзлаштирган суғурта амалдорлари маҳкамага тортилди

“Ўзагросуғурта” акциядорлик жамияти Ёзёвон тумани бўлинмаси бошлиғи катта миқдордаги маблағни талон-тарож этгани учун жазоланди. “Ҳуқуқ” газетаси хабарига кўра, суғурта мансабдори фермер хўжаликларига тегишли 44 миллион сўм суғурта пулини ҳужжатларни сохталаштириб ўзлаштирган. Шунингдек, 18 нафар фуқаронинг зарарини қоплаб бериш важи билан яна 61 миллион сўм ўзлаштирилган. “Ўзагросуғурта” ширкатининг Фарғона вилояти филиали бошлиқ ўринбосари эса маблағ талон-тарож этилганини кўриб кўрмасликка олиш эвазига 29,5 миллион сўм пора олган. Қайд этилишича, суд ҳар икки суғурта амалдорига айбига яраша жазо тайинлаган.

Молия вазирлиги 2017 йилда ялпи ички маҳсулот 7,8 фоизга ўсишини башорат қилди

2017 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,8 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 6,9 фоиз ва қишлоқ хўжалиги 6,2 фоизга ўсиши кутилмоқда (“Ўзбекистон овози”, 27 октябрь). Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишда маълум қилган. Қайд этилишича, давлат бюджетида ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар йилдан-йилга оширилмоқда. 2016 йилда ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар бюджетнинг 59,2 фоизини ташкил этган бўлса, 2017 йилда 59,7 фоиз бўлиши режалаштирилган.

Тошкентда махсус хизмат кийимида қуролли босқинлар уюштирган хавфли тўда ушланди

Тошкентнинг бир қатори туманларида қуролли босқинлар уюштирган жиноий тўда қўлга олинди (“Постда”, 25 октябрь). Пневматик тўппонча билан қуролланган жиноий гуруҳ аъзолари босқинларни махсус бўлинма ходимлари кийимини кийган ва ниқоб тутган ҳолда амалга оширган. Босқинчилар тунда машиналарни тўхтатиб, автоулов эгаларини аёвсиз калтаклаб, уларга қурол ўқталиб, қимматбаҳо буюм ва пулларини тортиб олган. Бу каби босқинлар жорий йил июндан сентябрга қадар бир неча марта амалга оширилган. Аммо жиноятчилар ниқобли бўлгани боис жабрдийдалар уларнинг қиёфасини эслаб қола олмаган. Ниҳоят 2016 йилнинг 15 сентябрида Ички ишлар вазирлиги жиноят қидирув бошқармаси қуролли гуруҳнинг 6 аъзосини пистарма билан қўлга туширган.“Шу тариқа “қашқирлар тўдаси”нинг саргузаштлари ниҳоясига етди”, дея хабар беради Ички ишлар вазирлиги расмий нашри.

XS
SM
MD
LG