Линклар

Ўзбек депутатлари давлат харидларини амалга оширишда коррупциянинг олдини олиш лозимлигини айтмоқдалар. “Ўзпахтасаноатэкспорт” мулозимлари ўтган йил ҳосилидан миллиардлаб сўмлик пахтани талон-тарож этганлар. Вазирлик ва ҳокимликлар фуқаро мурожаатига панжа орасидан қараётгани танқид қилинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

________________________________________________________________

Парламент: Давлат харидларида коррупцияга йўл қўймаслик лозим

Давлат бюджетидан харид амалга оширилганда етти ўлчаб, бир кесиш, виждонан қарор қабул қилиш лозим (“Ўзбекистон овози”, 17 ноябрь). Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ўтган йиғинда ана шу жиҳат эслатилди. Қайд этилишича, Ўзбекистонда давлат харидлари ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 11 фоизини ташкил этади. Давлат харидлари турли тармоқларга сармоя киритиш, аҳоли турмуш даражасини ошириш, ижтимоий вазифаларни адо этиш, давлатни бошқариш ва мудофаани таъминлаш каби мақсадларга амалга оширилади. Депутатлар давлат харидларини амалга оширишда шаффофлик ва очиқлик механизмини яратиш, бу борада коррупциянинг олдини олиш лозимлигига эътибор қаратган.

Миллиардлаб сўмлик пахтани талон-тарож қилган мансабдорлар

“Ўзпахтасаноатэкспорт” компанияси тизимида идоравий назоратнинг сустлиги туфайли ўтган йил ҳосилидан мансабдорлар томонидан 44,7 миллиард сўмлик пахта хомашёси ва маҳсулотлари талон-тарож этилган (“Ҳуқуқ”, 2016 йил 45-сон). Масалан, “Андижонпахтасаноат” ҳудудий филиали ва ушбу тизимдаги мансабдорлар 8,2 миллиард сўмлик пахта хомашёсини талон-тарож қилган. Прокуратура ўтказган текширувларда, шунингдек, 1 миллиард 122 миллион сўмлик ирригация ва мелиорация иншоотлари ҳамда ушбу йўналишда ажратилган бюджет маблағлари ўзлаштирилгани аниқланган. Аграр тизимда қишлоқ хўжалиги техникаси ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотларининг сақланиши бўйича тадбирларда эса 6,2 миллиард сўмлик ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари ҳамда 203,5 миллион сўмлик техника талон-тарож этилгани фош қилинган.

Вазирлик ва ҳокимликлар фуқаро мурожаатига панжа орасидан қараётгани танқид қилинди

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистондаги барча давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга жисмоний ва юридик шахслардан 338,2 мингта мурожаат келиб тушган, бу ўтган йилга қараганда 3,1 фоиз кўп (“Даракчи”, 17 ноябрь). “Маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларда мурожаатларни кўриб чиқишнинг аҳволини ўрганиш натижалари ҳақиқатан ҳам жойларда жиддий муаммолар мавжудлигини, уларнинг ечимлари ўз вақтида топилмаганлигини, мурожаатларни кўриб чиқишдек долзарб масалага раҳбарлар томонидан панжа орасидан қаралаётганлиги ҳамда масъулиятсизлик ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўйилганини кўрсатди” деб ёзади газета. Фуқароларнинг мурожаатлари асосан банк-кредит, ички ишлар, нафақа, давлат органлари ишлаши, таълим, иш ҳақи, соғлиқни сақлаш, уй ва ер олиш, ёқилғи-энергетика каби масалаларга оид. Қайд этилишича, мурожаатларни кўриб чиқишда камчиликларни бартараф этиш борасида масъул идораларга алоҳида вазифалар юкланган. Бундан буён давлат ва хўжалик бошқаруви органлари аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 11 гача шахсий қабул ташкил этиши лозим.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG