Линклар

logo-print

Президентликка номзод Сарвар Отамуротов экспортга тўсиқ бўлаётган муаммоларни санади. Тошкент вилоятида ҳар бир вагондан 1500 долларгача ширинкома олган божхоначилар ушланди. Водийда порахўр боғча мудираси ва коллеж ўқитувчиси қўлга олинди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида ёзди.

________________________________________________________________

Президентликка номзод Сарвар Отамуротов маҳсулот экспорт қилиш йўлидаги сунъий тўсиқларни танқид қилди

Ўзбекистонда транспорт хизматларининг нархи қўшни давлатларга қиёслаганда юқори (“Тошкент оқшоми”, 23 ноябрь). Бу ҳақда Ўзбекистон Президентлигига “Миллий тикланиш” партиясидан номзод Сарвар Отамуротов Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувда гапирган. Қайд этилишича, бугун 20 тонна маҳсулотни 500 км масофага автомобилда ташиш нархи Ўзбекистонда 1 км учун 1,75 долларни ташкил этади. Қўшни давлатларда эса бу кўрсаткич 0,7 доллардан 1,3 долларгача.

“Юқорида айтиб ўтилган масалалар билан бир қаторда логистика инфратузилмасининг суст ривожлангани, миллий маҳсулотни жаҳон бозорига олиб чиқишда талаб этиладиган ҳужжатларнинг кўплиги, уларни кўриб чиқиш муддатларининг узоқлиги ва қимматлиги муаммоси ҳам мавжуд. Буларнинг барчаси мамлакат экспорт салоҳиятини оширишга тўсқинлик қилмоқда ва ташқи бозорда маҳсулотларимиз таннархининг сунъий ошишига олиб келмоқда”, дейди С.Отамуротов.

Шундан келиб чиқиб, Президентликка номзод транспорт компанияларига имтиёзлар бериш, божхона хизматлари нархини камайтириш ва чегарадан ўтиш тартибини соддалаштириш лозимлигини уқтиради.

Тошкент вилоятида божхоначиларнинг жиноий гуруҳи фош этилди

Давлат божхона қўмитасига қарашли “Чирчиқ” божхона пости раҳбари М. Мадраҳимов қўл остидаги ходимлар билан бирга экспедиторлик фирмаларидан катта миқдорда пора олиб келгани фош этилди (“Даракчи”, 24 ноябрь). Хабар қилинишича, хорижга қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган фирмалар ҳар бир вагонга ҳужжатда белгиланганидан 5-10 тонна кўпроқ маҳсулот юклаган. Бундан кўз юмиш эвазига М. Мадраҳимов ва унинг ходимлари ҳар бир вагондан 500-1500 доллар “ширинкома” олган. Шу тариқа 2014 йилнинг августидан 2015 йил июнга қадар божхона пости раҳбари 147,5 минг доллар пора олган. Шунингдек, “Яланғоч” темирйўл станцияси раҳбарлари Т. Турдиалиев ва Б. Миробидов ҳам хорижга юк ўтказиб бериш эвазига 18500 доллар пора олгани аниқланган. Қайд этилишича, божхона пости раҳбари М. Мадраҳимов ва унинг ходимлари 10 йилдан 13 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этилган. “Яланғоч” темирйўл станцияси раҳбарларига нисбатан эса жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда.

Боғча мудираси ва коллеж ходими пора билан ушланди

Наманган вилояти Уйчи тумани халқ таълими бўлимига қарашли боғча мудираси маблағ ўзлаштириш ва порахўрликда айбланди (“Ҳуқуқ”, 24 ноябрь). Исми ошкор этилмаган мудира ота-оналардан йиғилган бадал пулларидан 8 миллион сўмга яқин маблағни ўзлаштирган. Қолаверса, ходимлардан ҳам пора олган. Масалан, туғиш таътилидан ишга қайтмоқчи бўлган ходимадан 150 доллар пора талаб қилган. Жиноят ишлари бўйича Уйчи туман суди мудирага жарима жазоси тайинлаган ва 3 йил мансабда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган.

Шунингдек, Фарғона ҳуқуқшунослик коллежи ўқитувчиси 1200 доллар пора билан ушланган. Исми ошкор қилинмаган ўқитувчи Қува педагогика коллежида таҳсил олаётган ўқувчини ҳуқуқшунослик коллежига кўчириш эвазига мазкур миқдордаги порани талаб қилган. Судланувчига қилмишига яраша жазо тайинлангани хабар қилинган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG