Линклар

Самарқандда йўл носозлиги билан боғлиқ ҳолат танқид қилинди. Халқ шоири Усмон Азим хушомадгўй ижодкорларни кескин қоралади. Равшан Эрматов 2018 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқариши мумкин бўлган реферилар сафига киритилди.

________________________________________________________________

Матбуот: Cамарқанднинг Қўшработида носоз йўл туфайли одамлар тутдек тўкилмоқда

Самарқанд вилоятининг Қўшработ тумани йўллари шу қадар ўйдим-чуқурки, аҳоли вилоят марказига бориб келгунча тутдек тўкилмоқда, транспорт воситалари эса таъмирталаб ҳолга тушмоқда (“Жамият”, 10 февраль). 2015 йил июнда тумандаги Кориз қишлоғидан асфальт ётқизиш бошланган, аммо бир километрга бориб-бормай ишлар тақа-тақ тўхтаган. Республика йўл жамғармасининг йўлни таъмирлаб бериш ҳақидаги ёқимли ваъдалари ҳам қоғозда қолиб кетган. Қайд этилишича, Йўл жамғармасига пул тўлаётган одамларнинг сабр косаси тўлган ва мутасаддилардан амалий иш талаб қилмоқда.

Халқ шоири Усмон Азим: Хушомад – феодал замондан қолган сарқит, ундан тезроқ қутулишимиз лозим!

Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим осонгина унвону мукофот ва мартабага эга бўлиш мақсадида Ватан мавзусида шеър ва қўшиқ ёзаётган хушомадгўй ижодкорларни уят ва андишадан йироқ кимсалар, алдаркўсалар деб атади (“Ҳуррият”, 15 февраль). “Адабий хушомад, ялтоқланиш – феодал замонлардан қолиб кетган сарқит. Ундан тезроқ қутулишимиз лозим”, деган У.Азим. Қўшиқбоп енгил-елпи шеърлар ёзиб, сўзнинг қадрини тушираётганларни эса у шоу-бизнеснинг ёғли биқинига ёпишган каналарга ўхшатган. “...бу қаллоблар студияларни ҳам, радио ва телевидениени ҳам тамом забт этишди. Ўша жойда ўтирган масъул ходимлардан бирортаси “бу шеър эмас-ку” деган гапни айтишга журъат қилолмади. Чунки ё ўзларининг тишлари шеърга ўтмайди, ё бу бозор ишда бирор “савдо”лари бор”, дейди халқ шоири Усмон Азим.

Равшан Эрматов 2018 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарадими?

ФИФА ҳакамлар департаменти қарори билан ўзбекистонлик Равшан Эрматов 2018 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини бошқариши мумкин бўлган реферилар сафига киритилди (“Оила даврасида”, 16 февраль). Жорий йил 3-7 апрель кунлари Италиянинг Флоренция шаҳрида ЖЧ-2018 га даъвогар 53 нафар ҳакам учун семинар бўлиб ўтади. Италияга Осиёдан Р.Эрматовдан ташқари яна 7 ҳакам таклиф этилган. Р.Эрматов 2010 ва 2014 йилги мундиалда 9 та ўйинга ҳакамлик қилиб, жаҳон рекордини ўрнатган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG