Линклар

Яхшилик учун дўстини пичоқлаган йигит, онахонни тўнаган талончилар


Тошкентлик йигит дўстининг илтимоси билан уни чавақлади. Тошкентдаги театрларга томошабин мажбурлаб келтирилмоқда. Аёлларни талаётган йўлтўсарлар кўпаймоқда. Бу жорий ҳафта Республика газеталарида ёритилган мавзуларнинг айримлари.

Дўстининг илтимосига кўра уни пичоқлаган йигит қўлга олинди

Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган йигит моддий қийинчиликларга чидолмай яқин дўстидан ўзини ўлдиришда ёрдам сўради (“Ҳуқуқ”, 28 апрель). Бўғзигача қарзга ботган йигит ўз жонига қасд қилиш орқали муаммолардан биратўла қутулишга аҳд қилган ва “Ўзимни ўлдиришга журъатим етмаяпти, ўлишимга ёрдам бериб юбор” дея дўстидан илтимос қилган. Дўсти шаҳарнинг панароқ жойига олиб бориб, унга пичоқ уриб, орқасига қарамай қочиб кетган. Аммо чавақланган йигит ўлмай қолган, унинг ҳаётини шифокорлар сақлаб қолган. Қайд этилишича, эски қадрдони илтимосига кўра унга пичоқ урган йигит ушланиб жазога тортилган. Жиноий ишга оид бошқа тафсилотлар ошкор этилмаган.

Театр ўриндиқлари нега бўш?

Тошкентдаги театрларга томошабинларнинг келиши ачинарли ҳолатда (“Оила” даврасида, 2016 йил 16-сон). 500 ўринли Муқимий номидаги Ўзбек давлат мусиқали драма театрига 4 апрель кунги “Осмонга сиғмаган қуш” спектаклига 200 га яқин томошабин кирган. Театр директори ўринбосари Хайрулла Иноғомов шу 200 томошабиндан 30 нафари ўз хоҳиши билан киргани, қолганларнинг ташрифи уюштирилганини айтган. 540 ўринли Ўзбек Миллий академик театрининг “Момо ер” спектаклига 100 га яқин томошабин кирган. Газета 50 нафар ўзбекистонликка “Охирги марта қачон театрга боргансиз?” деб мурожаат қилган ва сўралганлардан 26 нафари “театрда умуман бўлмаганман” деб жавоб берган.

Икки талончи 62 ёшли онахоннинг тақинчоғини юлиб қочди

Республика бўйлаб хотин-қизларнинг тақинчоқларини юлиб қочиш ҳолатлари учрамоқда (“Постда”, 23 апрель). Масалан, Тошкент шаҳри Учтепа туманида номаълум шахслар кўчада кетаётган 62 ёшли онахоннинг бўйнидан сариқ металл занжирини юлиб қочган. Тезкор чоралардан кейин талончилик 1976 ва 1990 йилда туғилган шахслар томонидан содир этилгани аниқланган. “Онаси ёки бувиси тенги аёлнинг бўйнидаги арзимаган тақинчоққа кўз олайтирган бундай кимсаларни ким деб аташ мумкин?” деб ёзади ИИВ нашри.

XS
SM
MD
LG