Линклар

Путин рус паралимпиячиларининг Риодаги ўйинлардан четлатилганини кескин қоралади


Россия президенти Владимир Путин ва Риода олтин медаль олган дзюдочи Мудранов Кремлда олимпиада ғолибларини тақдирлаш маросимида, Москва, 2016 йил 25 августи.

Россия президенти Владимир Путин ва Риода олтин медаль олган дзюдочи Мудранов Кремлда олимпиада ғолибларини тақдирлаш маросимида, Москва, 2016 йил 25 августи.

Россия президенти Владимир Путин рус паралимпиячиларининг Бразилияда бўлиб ўтадиган Паралимпиада ўйинларидан четлатилганини кескин қоралади. Юзлаб рус атлети шу ой Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган ўйинлардан допинг истеъмол қилгани учун четлатилганди.

25 август куни Кремлда бўлиб ўтган Олимпиада иштирокчиларини мукофотлаш маросимида Путин четлатилган паралимпиячилар учун Москвада тадбирлар уюштирилишини айтди.

Россия ҳукумати дастаклаган допинг дастури кўлами фош бўлганидан кейин 120 га яқин рус спортчиси Олипиададан четлатилган, бир неча юқори лавозимли расмий, ҳатто Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари ноқонуний дастурга алоқадор, деб топилганди.

Россиянинг паралимпиячилар жамоаси эса 7-18 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Паралимпиададан бутунлай четлатилди.

“Бизнинг паралимпиячиларимизни дисквалификация қилиш қарори қонун, ахлоқ ва инсонийликка тўғри келмайди”, деди Путин.

Президент халқаро аксилдопинг ташкилотлари “сиёсий босим” туфайли Россияни қаттиқ жазолаётганини таъкидлади.

Россия расмийлари мисли кўрилмаган бу чекловга гоҳ ғазабланиб, гоҳ афсусланиб жавоб қайтаришмоқда. Президент Путин нутқида ҳам бу ҳол кузатилди.

Россия президенти Москва спортдаги допингни назорат қилишда қўйган хатоларини тан олиб, допингга қарши курашни кучайтиришга ҳаракат қилаётганини билдирди.

25 август куни бош вазир Дмитрий Медведев спортчиларни табриклаш учун алоҳида маросим ўтказди. Тадбир давомида россиялик атлетларга янги люкс автомобиллар тақдим этилди.

Спорт вазири Виталий Мутко автомобилга қўшимча равишда олтин медаль қўлга киритганлар 62 минг, кумуш медаль совриндорлари 39 минг, бронза медаль олганлар эса 26 минг доллар олишини билдирди.

Путин Россияда бўлиб ўтадиган Паралимпиада иштирокчилари Бразилиядаги ўйинларда қатнашиб олиши мумкин бўлган мукофотлар билан тақдирланишини билдирди.

25 август куни Москва туман суди Россия аксилдопинг лабораторияси собиқ етакчиси мулкини мусодара қилишни буюрди.

Ваколатларини суиистеъмол қилишда айбланаётган Григорий Родченков йил бошида АҚШга қочиб борди ва 2014 йилги Сочи Олимпиадаси давомида хавфсизлик хизмати агентлари таркибида допинг бўлган сийдик анализларини яширганини сўзлаб берди.

Халқаро аксилдопинг агентлиги (WADA) терговида Родченков гувоҳлик берди. Натижада бир спортчидан ташқари россиялик енгил атлетикачиларнинг барчаси Риодаги ўйинлардан четлатилди. Қолган рус спортчилари эса иштирок этиш учун бир неча текширувдан ўтди.

Россия жамоаси умумий ҳисобда Риода медал олган 87 давлат орасида 4-ўринни эгаллади. Рус спортчилари жами 56 та (улардан 19 таси олтин) медални қўлга киритди.

XS
SM
MD
LG