Линклар

2016 йил 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой президентлари Каримов ва Си Цзиньпин​ Тошкентдан туриб телемост орқали «Ангрен-Поп» электрлаштирилган темир йўли ва мазкур лойиҳа доирасида қурилган туннелни очди. Улар дастлабки йўловчи ташувчи 4 вагондан иборат поезднинг «Қамчиқ» темир йўл туннелидан ўтишига рухсат берувчи светофорни ёқиш учун тантанали равишда махсус тугмани босди.

Шундан сўнг China Railway Tunnel Group компанияси раиси Юй Баолин ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Очилбой Раматов бу поездда узунлиги 19,2 километрлик eр ости йўлини 16 дақиқаю 30 сонияда босиб ўтди.

Шу тариқа нафақат Марказий Осиё, балки МДҲ ҳудудида ягона бўлган 19 километрлик темир йўл туннели расман очилди.

Ўзбекистонда давлат аҳамияти даражасидаги муҳим иншоотлардан бири ҳисобланган ва махфий объект тариқасида қўриқланаётган "Қамчиқ" туннелидан илк синов поезди 27 май куни ўтказилган. Ўшанда қурилишда ишловчи расмийлардан бири мутасаддиларидан бири айни кунларда синов поезди ўтгач, аниқланган баъзи мухандислик ва электрлаштириш ишлари 28 июлгача тугашини айтган:

"Ҳозир асосий туннелдаги ишлар қарийб тўлиқ битди, ҳар куни ишчи поездлар ўтаяпти ҳозир. Асосий тунелнинг ёнидаги заҳира туннели ҳам бор. Ўшанда озгина иш қолган. У ҳам 28 июлга қадар битади", деди исмини ошкор қилмаётганимиз расмий.

China Railway Tunnel Grouр томонидан ёлланиб, Хитойдан олиб келинган ишчилар юртига қайтарилган, қолган ишларни, асосан, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат акциядорлик жамияти ёллаган ўзбекистонлик ишчилар якунламоқда.

Махфий объект

Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллига арафасида "Қамчиқ" туннели уни бир неча бор тилга олган президент Каримовга муҳташам туҳфа ўлароқ тақдим қилинди.

"Қамчиқ" тунели поездлар қатнайдиган асосий ва фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган ёнлама ер ости йўлаги бор

"Қамчиқ" тунели поездлар қатнайдиган асосий ва фавқулодда ҳолатлар учун мўлжалланган ёнлама ер ости йўлаги бор

Бу қурилишда 4 минг нафардан зиёд ишчи фаолият кўрсатди. Шундан 400 нафари мухандислардир. Темир йўлдан фойдаланиш даврида яна 1,5 мингта янги иш ўринлари яратилиши иддао қилинмоқда.

Аммо, иншоотда қарийб бир йилга яқин бетон қўйган тошкентлик ишчилардан бири туннелни ўз вақтида топшириш учун ўзбек масъуллари жонини жабборга бергани, аммо бу ғайратнинг асосий юки ўзбекистонлик ишчилар зиммасига тушганини айтиб, Озодликка шикоят қилди.

Эътироф этиш жоиз, ўта махфий объектга айлантирилган ва маълумотлар сир сақланган "Қамчиқ" туннели қурилиши ҳақида тарқатилган бир неча расмий баёнотдан ташқари, мустақил манбалар ёки ишчиларга оид маълумотлар қарийб учрамайди. Озодликка шикоят қилган ишчи ҳам ўта кучли назорат боис, шахсига оид барча маълумотни сир сақлашни сўради.

Тошкентлик ишчидан шикоят

Шикоятга кўра, қурилиш жараёнида ўзбекистонлик ишчиларни ишга ёллаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, соғлигини муҳофаза қилиш ва иш ҳақларини беришда бир қатор қонунбузарликлар кузатилган:

- Биринчиси, ойлик масаласи. Бизга 800 минг сўмдан 1 миллион 375 минг сўмгача ойликка 12 соатдан 28 кун ишлайсизлар, дейишди. Нақд пуллик бошқа иш тополмаганимиз учун, шу ишга кирдик. Қарасак, хитойлик ишчилар билан бир хил иш қилаяпмиз, лекин уларнинг туннел ташқарисидаги фарроши 2 минг доллардан ойлик олаяпти. Бизга ўхшаб, туннел ичида юрганлари эса 4 минг доллардан. Сабабини сўрасак, рози бўлмасанг, кетавер дейишди. Илож йўқ, ишладик. Кейин эшитсак, катта одамлар ўртада каттагина пулни еб юборган экан, - деб иддао қилди қурувчи.

Ишчи, расман айтилгани каби, уларни "Ўзбекистон темир йўллари" эмас, балки хитой ширкати ходимлари ёллаганини ҳам даъво қилди:

Тунелдаги ўзбек қурувчиларига Хитой ширкати бергани иддао қилинган ҳужжат

Тунелдаги ўзбек қурувчиларига Хитой ширкати бергани иддао қилинган ҳужжат

- Борганимизда бизни бир ўзбек йигит кутиб олди. Тушунтирди. Лекин шартнома хитой тилида берилди, тушундимки, бизни хитой ширкати ишга олаяпти. Матнини тушунмасак ҳам имзоладик. Муҳими, бизга шартнома нусхаси берилмади. Умуман, бир йил ишлаган бўлсам, қўлимга бирорта жиддий ҳужжат берилмади. Ишга олинишим бўйича ҳам, бўшаганим бўйича ҳам, - деб иддао қилди ишчи.

У тилга олган яна бир шикоят иш шаротининг оғирлиги ва ишчилар хавфсизлиги билан боғлиқдир:

- Мен туннелнинг 4-6 километри оралиғида бетон қуйдим. ​Бу ерда тоғ жинсларини ёриш учун бомба ишлатиларди. Ўзимизнинг Самарқандда чиқадиган 1 килограмлик бомбалар. Портлашдан олдин 400 метр нарига қочардик. Инструкцияга кўра, 2 соат ўтказиб портлаш жойига қайтиш мумкин. Қарасак, 15-20 минут ўтмасдан ичкарига ҳайдай бошлашди. Аччиқ тутун, 5 метрдан нариси кўринмайди. Баъзи ишчиларда маска, кўзойнак йўқ. Даҳшат бўларди. Аслида биз портлатмаслигимиз керак эди, лекин мутахассис бўлмасак ҳам бизга қилдиришди, - деб иддао қилди ишчи.

Хаста ишчининг уйига кетиши учун берилган қўлбола ҳужжат

Хаста ишчининг уйига кетиши учун берилган қўлбола ҳужжат

Унинг даъвосича, бундай оғир шароитда ишлаганлар орасида хавфсизликка риоя қилинмагани учун қўли ёки оёғи синган ишчилар бўлган, аммо уларга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаган. У ўзига ҳам тиббий ёрдам берилмагани, ҳатто, касаллик варақаси расмийлаштирилмаганини даъво қилди:

- "Больничный" йўқ, таътил йўқ, шанба-якшанба дам йўқ. Мен 4-5 ой ўтгандаёқ тушуна бошладим - ўпка кетяпти, кўз хиралашаяпти, айниқса, сочим тўкила бошлади. Яна бироз чидай, чидай, деб ишлайвердим. Охири бўлмади, 9 ой деганда докторга борсам, соғлиқ умуман чатоқ чиқди. Охири, ногирон бўлиб қолмай, деб яқинда бўшадим кейин, - деди исмини ошкор қилмаётганимиз ишчи.

У ўзи каби соғлиги оғирлашган, қўли синган, тош босиб қолган бир неча ишчи ҳақида маълумот берди. Аммо, бу ишчилар ўзларининг аҳволи ва иш шароити ҳақида маълумот беришдан тийилдилар.

Расмийлардан жавоб

Шикоятни ўрганиш асносида туннел қурилишида ишлаган ўзбекистонликларнинг каттагина қисмини 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган ва қурилиш, айниқса, мураккаб саналган туннел қурилиши бўйича мутахассислиги йўқ ишчилар ташкил қилгани маълум бўлди.

Ишчиларни ёллаш билан шуғулланган расмий шикоятда тилга олинган муаммоларни қисман тасдиқлади.

Жумладан, хитойликлар 2 минг - 4 минг АҚШ доллари, ўзбекистонлик ишчилар эса 800 минг сўмдан 1 миллион 375 минг сўмга қадар ойлик олганини тасдиқлаган расмий бунинг сабабларини изоҳламади:

"Хитойликлар чет эллик бўлгани учун уларга бошқача ойлик берилган, тушунасиз буни. Ўзбекистонликларнинг ҳаммасига бир хил ойлик берилди. Лекин, иш айнан бир хил деёлмайман. Чунки, ҳайдовчилар бор, бурғуловчилар бор, портлатувчилар бор - бу ишларда хитойлик мутахассислар ишлади. Унақа оддий бетон қуювчилар жўнатилмаган", деб инкор қилди расмий.

Тиббий ҳимоя ва хавфсизлик қоидаларига оид шикоятларни эса тасдиқламаган, айни пайтда инкор ҳам қилмаган расмий бошқа саволлар билан раҳбариятга мурожаат қилишни тавсия қилди.

Ўта махфий объект саналган "Қамчиқ" туннели қурилиш штаби, Ангрен ва Поп туманлари ҳокимликларидан иншоот ҳақида фақат "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати раҳбариятига мурожаат қилиш мумкинлиги ҳақида жавоб олинди.

Тунелда бурғулаш ишларини якунлаган хитойлик ишчилар

Тунелда бурғулаш ишларини якунлаган хитойлик ишчилар

Ширкатнинг айнан Ангрен-Поп темир йўлига оид лойиҳаларини амалга ошириш бўлими раҳбари, деб тақдим қилинган Саидакмал Саидмуродов идорасидан ҳам бирор жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистонлик ишчиларнинг хитой ширкати томонидан ёлланганига оид иддаоларга ҳозирча China Railway Tunnel Grouр ширкатидан ҳам жавоб бўлмади. Озодлик ширкатга йўлланган ёзма мурожаатга жавоб кутмоқда.

Аммо, ширкатнинг қурилиш лойиҳалари бўйича менежери Сяо Ченьюй март ойида хитой матбуотига берган интервьюсида ишчилар жуда мураккаб шароитда ишлаганини қайд этган ва хусусан, Хитойдан минг нафардан ортиқ ишчи Ўзбекистонга олиб борилганини тасдиқлаган.

"Қамчиқ" туннели қурилиши хитой матбуотида ҳам кенг ёритилди. Туннелнинг ичи ва ташқарисидан олинган видеотасвирлар, маҳаллий аҳоли муносабати ва China Railway Tunnel Grouр ширкати расмийлари баёнотлари акс этган бир неча лавҳа, жумладан, Хитойнинг марказий ССТV телеканалида намойиш этилди.

Қуйида шу йилнинг март ойида - туннелда қазиш ишлари якунланган пайтда намойиш қилинган лавҳалардан бирини томоша қилишингиз мумкин:

Дунёда 13 ўриндаги туннел

2013 йилнинг ёзида қурилиши бошланган узунлиги 123 километрлик Ангрен-Поп темир йўлининг 19 километри "Қамчиқ" туннели ичидан ўтади.

Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда бўлган "Қамчиқ" довонидан ўтувчи ер ости темир йўлининг нафақат Ўзбекистон, балки МДҲ мамлакатларида ягона бўлиши айтилмоқда.

Тунел қурилиш конструкцияси мураккаблиги бўйича дунёда 8-ўрин, узунлиги бўйича 13-ўринга қўйилган.

Унинг қурилишига жами 455 миллион АҚШ доллар ажратилган. Бунинг 355 миллионини Хитойнинг "Эксимбанк"и қарзга берди. Бу борадаги келишув 2013 йилнинг 29 ноябрида Тошкентда Бош вазир Шавкат Мирзиёев ва Хитой Бош Вазири Ли Кэцян ўртасида имзоланган.

Ангрен-Поп темир йўли қурилишининг ўзи эса 1,6 миллиард долларлик лойиҳа бўлди ва бу сумманинг 1 миллиарддан сал ошиғи "Ўзбекистон темир йўллари" ширкати, Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт фонди ҳамда давлат бюджетидан ажратилди. 195 миллион долларини эса Жаҳон банки берди.

Ишга тушгач, бу туннелдан илк йилда 600 мингга яқин йўловчи ва 4 миллион 600 минг тонна юк ташилиши режалаштирилган. Шунингдек, темир йўл қатнови автомобил қатновини қисқартириши эвазига ҳавога чиқариладиган зарарли газ миқдори 200 минг тоннагача қисқариши айтилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG