Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:44

Покистонда модел қиз билан селфига тушган муфти танқидга учради


Модел Қандил Балож муфти Абдул Қавий билан
Модел Қандил Балож муфти Абдул Қавий билан

Ижтимоий тармоқларида танилган 26 яшар модел Қандил Балож муфти Абдул Қавий билан бирга тушган сурати, видеосини эълон қилгач, бир неча кун ичида мисли кўрилмаган шов-шув қаҳрамонига айланди. Суратлар ортидан муфти Абдул Қавий Покистон Дин ишлари вазирлиги сўрови билан "Руҳияти Ҳилол" қўмитаси аъзолигидан чиқарилди. Унинг Қандил билан учрашуви маҳаллий матбуотнинг сенсацион мавзуига айланди.

Қандил Балож ижтимоий тармоқларда тарқатган бироз очиқ суратлари билан танилган ёшгина моделдир. Ўз вақтида Ассосшиэйтед Пресс агентлиги уни АҚШда танилган модел Ким Кардашианга қиёслаган эди.

Қандил 21 июнь куни Инстаграм тармоғида покистонлик дин арбоби - муфти Абдул Қавий билан тушган сурати ва видеосини эълон қилди. Суратлардан бирида Қандил муфтининг бош кийимини кийиб олган ҳолда, видеода эса муфти ўтирган диваннинг қўлтиғига ўтириб олган ҳолда акс этган.

Қисқа муддат ичида бу суратлар тармоқда тарқалиб кетди ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Бировлар муфтини Рамазон ойида номаҳрам қиз билан учрашгани учун қораласа, бошқалар Қандилни танқид қила бошлади.

Натижада, Покистон матбуотига интервью берган модел Қандил Балож уни муфти ифторлик учун меҳмонхонага таклиф қилгани ва бунга қадар ҳам бир неча бор шундай таклиф тушганини даъво қилди. Унинг иддаосича, муфтидан диний билим олиш мақсадида учрашувга рози бўлган, аммо муфти уни никоҳига олиш ниятини билдирган, ҳатто, тегажоғлик ҳам қилган.

Муфти Абдул Қавий эса, аксинча, бу иддаоларнинг ҳаммасини инкор қилиб, Қандилнинг ўзи у билан учрашиш ва Ислом ҳақида таълим олиш истагини билдирганини даъво қилди.

Муфти: "Мен Қандил билан унинг талаби асосида учрашдим ва учрашувга ҳам у рўза тутиши, кундалик ибодатни бажаришини ваъда қилгачгина рози бўлдим", деб таъкиламоқда.

Покистон телеканаллари икковловнинг ўзаро айтишувларини намойиш қиларкан, мамлакат Дин ишлари вазирлиги бу уламони "Руҳияти Ҳилол" қўмитаси аъзолигидан чиқариб туришга қарор қилди. Бу қўмита мамлакатда исломий тақвим бўйича ой бошини белгилаб берадиган идоралардан биридир.

Жумладан, Покистондаги Express Tribune нашрига интервью берган "Ислом уламолари жамоати" партияси аъзоси, сенатор Ҳафиз Ҳамидуллоҳ: "Агар биз муфти Қавийни "Руҳияти Ҳилол" қўмитаси аъзолигида қолдирсак, у ҳолда бу қўмитага Қандил Баложни ҳам аъзо қилиб олишмиз мумкин", дея кескин танқидий баёнот берди.

Қандил Балож эса матбуотдаги селфи можароси ортидан ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида муфтини қораловчи баёнотларни қолдирмоқда. Facebook тармоғидаги саҳифасида қолдирган сўнг баёнотларидан бири у: "Дўстлар, сохтакор кишилар, дин номидан сизни алдаб, иккиюзламачилик қилганлардан огоҳ бўлинг! Бундай кишилар дин ҳақида одамлар орасида нотўғри тасаввур қолдирмоқда", деб ёзди.

26 яшар покистонлик Қандил Балож, асосан, ижтимоий тармоқларда танилган моделдир. Сўнг бор у Покистоннинг крикет бўйича терма жамоаси жаҳон чемпионлигини олса, ярим яланғоч ҳолда рақс тушишни ваъда қилган. Покистон жамоаси ғалаба қозонолмади ва Қандилнинг ваъдасини бажаришига ҳожат ҳам қолмади.

Муфти Абдул Қавий ҳам зиддиятли фатволари билан Покистонда танилган уламолардан биридир. Сўнгги бор унинг жинсий майлни қондириш учун қисқа муддатли никоҳ қилиш мумкин, аммо мусулмон кишининг бирга яшайдиган хотини битта бўлиши керак, мазмунидаги фатвоси шов-шув бўлган эди.

Дарвоқе, бу муфти бунга қадар ҳам Покистонда танилган бошқа бир моделни "шариат йўлига қайтаришга уринган", ўшанда ҳам модел билан ўртасида можаро чиққан.

XS
SM
MD
LG