Линклар

logo-print

Қозоғистонда мухолифат намойишлари олдидан юзлаб фаол ҳибсга олинди


Қозоғистонда 21 май куни мухолифатнинг оммавий норозилик намойишлари ўтказиш чақириқлари ортидан мамлакат хавфсизлик кучлари юзлаб ҳуқуқ ҳимоячилари ва фуқаролик жамияти фаоллари, ўнлаб журналистни ҳибсга олди. Норозилик намойишларига қозоқ расмийларининг жорий йил 1 июлидан экин экиладиган 1 миллион 700 минг гектар ер кимошдига қўйилиши ҳақидаги баёнотлари сабаб бўлган.

Оммавий ҳибслар Қозоғистоннинг Остона, Олма ота, Қарағанда, Уралск, Чимкент, Атирау шаҳарларида рўй берди.

​Ҳибсга олинганлар орасида Interfax, Озод Европа/Озодлик радиосининг бир қанча журналистлари ҳам бўлган.

Улар милиция бўлинмаларида бир неча соат ушлаб турилиб, кейин қўйиб юборилган.

Ҳозирда Қозоғистонда Озодлик радиосининг Қозоқ хизмати сайти ва бир қатор ижтимоий тармоқлар тўсиб қўйилган.

Қозоғистонда ярим тундан бери Facebook ва ВКонтакте ижтимоий тармоқлари, Twitter микроблоги, WhatsApp ва Viber мессенжерлари ҳамда YouTube видеопортали очилмаяпти.

Telegram эса қисман ишлаб турган. Бу ҳақда TJ блоглар сайтига олмаоталиклардан бири маълум қилган.

Бу ресурсларнинг тўсилиш аниқ сабаби номаълум, бироқ маҳаллий аҳоли буни Ер ислоҳотига қарши 21 майга белгиланган оммавий митингга тадорик билан боғламоқда.

Олмаоталиклардан бирига кўра, тунги соат 12 дан 1 гача Қозоғистонда Инстаграм ва “Мой мир” дохил қарийб барча алоқа платформалари ишламаган.

Соат 1 дан 2 гача эса Олмаотада Интернет мутлақо ишламай қолган.

Остонада эса, пойтахтликларга кўра, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ишламай қолган, бироқ бошқа сайтларга мобил телефонлардан кириш мумкин бўлган.

Ер кодексига ўзгартишлар киритилишига қарши 21 майга мўлжалланган митинг ҳақидаги маълумот сўнгги ойда ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётганди.

Озодликнинг қозоқ хизмати хабарига кўра, 17 майдан буён рухсат этилмаган митингга чақиргани учун бутун мамлакат бўйлаб 20 дан зиёд киши ҳибсга олинган.

Апрель ва май ойларида Қозоғистоннинг турли йирик шаҳарларида ер масаласи бўйича қатор норозилик тадбирлари бўлиб ўтган.

XS
SM
MD
LG