Линклар

Қирғиз депутатлари хориждан молиялаштириладиган ОАВ фаолиятини тақиқловчи қонун қабул қилдилар


Қирғиз парламенти мажлисларидан бири.

Қирғиз парламенти мажлисларидан бири.

Қирғизистон парламенти 22 июнь куни Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга ўзгартиш киритиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади. Мазкур қонун лойиҳасини мажлисда иштирок этган 109 депутатдан 79 нафари ёқлаб овоз берди.

Қонун лойиҳаси чет эллик фуқаролар ва хорижий ташкилотларга Қирғизистонда оммавий ахборот воситаси таъсис этиш ҳамда унга эгалик қилишни, шунингдек, хориждан молиялаштирилувчи оммавий ахборот воситалари фаолиятини тақиқлашни кўзда тутган.

Қирғиз парламентининг Ижтимоий масалалар, таълим, маданият ва соғлиқни сақлаш қўмитаси 13 июнь куни қонунга киритилган тузатишларни маъқуллаганди.

Қонун лойиҳаси муаллифларидан бири Риспек Қўжўбаев аввалроқ “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга тузатишлар фақат телевизион ОАВга дахлдор бўлишини айтганди.

- Ҳаммамиз ахборотнинг қудрати ҳақида, ахборот урушлари ҳақида гапираяпмиз. Қонун лойиҳасида гап фақат телевизион оммавий ахборот воситалари ҳақида кетаяпти, чунки бу катта куч. Ижтимоий сўров натижаларига кўра, телевидениенинг оммага таъсири юқори бўлиб, 90 фоизни ташкил этади. Биз ишлаб чиққан қонун лойиҳаси фақат Қирғизистон миллий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, - деди депутат Қўжўбаев.

Унинг ҳамкасби Аида Салянова эса парламент ялпи мажлисида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунга тузатиш киритишга зарурат йўқлигини айтди.

Саляновага кўра, қонун лойиҳасида аниқ бўлмаган жиҳатлар жуда кўп ва таклиф қилинаётган тузатишларни қабул қилишга ҳеч қанақа асос йўқ. Депутат хоним бу қонун лойиҳасини Озодлик радиосининг қирғиз хизмати, яъни Азаттиқ радиоси билан боғлашаётганини таъкидлади.

- Азаттиқ ҳеч қачон Қирғизистон миллий хавфсизлигига таҳдид солган эмас. Аксинча, Азаттиқ ҳақиқатни айтиб келади, мамлакат хавфсизлигини таъминлашга ўз улушини қўшиб келади. Биз бу радио фаолиятидан фақатгина фойда кўрдик, - деди депутат Аида Салянова.

Қирғиз парламентидаги “Ата Мекен” фракцияси депутати Наталья Никитенко хавфсиз жамият деганда энг аввало кучли суд тизими, кучли ҳуқуқ-тартибот тизими, расмийлар қабул қилган қарорлар шаффофлиги, оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги тушунилишини қайд этди.

- Шу важдан ҳам мен бу қонун лойиҳаси аслида Конституцияга мувофиқ келмайди ва хавфсизликни таъминламайди, деб ҳисоблайман. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга тузатиш киритишдан мақсад бошқа – медиа соҳаси ишига аралашишдир, - деди Наталья Никитенко.

Депутат хоним оммавий ахборот воситалари қандай ахборот хатари ташишини тушунмаётганини айтади.

- Ёки биз ўз фуқароларимизни давлат каналлари бераётган ахборотдан фарқланиши мумкин бўлган хабарлардан ҳимоя қилишни истаяпмизми? Фуқароларни реал муаммолар ҳақидаги ахборотдан ҳимоя қилишни истаяпмизми? Агар шундай бўлса, у ҳолда, келинг, давлат оммавий ахборот воситалари секторига аралашиши кераклиги ҳақида гапирайлик. Мен бошқа қўшни давлатлардан мисол келтиришни бас қилишни илтимос қиламан, чунки ҳар бир мамлакат ўз йўлини ўзи белгилайди. Биз парламент демократияси йўлини танлаганмиз. Парламент демократияси тамойилларидан бири оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва шаффофлигидир, - деди депутат Никитенко.

Қатор депутатларнинг Жўғўрқу Кенеш регламенти бузилаётгани ҳақидаги баёнотларига қарамай, депутатларнинг кўпчилиги оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонунга тузатишларни биринчи ўқишда ёқлаб чиқдилар. Агар қонун лойиҳасини иккинчи ва учинчи ўқишда ҳам кўпчилик ёқласа, у президентга имзо учун юборилади.

XS
SM
MD
LG