Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:56

Қирғизистонда Азимжон Асқаровнинг уйини мусодара этишмоқчи


Қирғизистонда Ўш воқеалари юзасидан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Азимжон Асқаров уйини мусодара қилиш ҳаракати бошланган. Асқаровнинг турмуш ўртоғи Хадича опанинг айтишича, 25-май куни унинг уйига милиция ходимлари, суд ижрочилари ва Қирғизистон Давлат мулк фонди ходимларидан иборат жами 20 нафар одам келган ва унинг уйи давлат ҳисобига ўтиши кераклигини айтиб, уйни суратга олиб кетишган. Айни пайтда “Бир Дунё Қирғизистон” ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти 27-май куни Асқаров оиласини ҳимоя қилишни сўраб Қирғизистон бош прокуратурасига мурожат қилган.

Азимжон Асқаров турмуш ўртоғи Хадича Асқарованинг Озодликка берган суҳбатида айтишича, 25-май куни кечга яқин унинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон қишлоғи Ҳовузбўйи кўчасида жойлашган уйига келган йигирмага яқин милиция ходимлари, суд ижрочилари ва Қирғизистон Давлат мулк фонди ходимлари уйни давлат ҳисобига мусодара қилиш учун келганликларини айтиб, уйдаги бор нарсаларни ёзиб, суратга олиб кетишган.

Адвокатларга кўра, Ҳадича Асқарова яшаётган уй Азимжон Асқаровга онасидан мерос бўлиб қолган ва Асқаровлар оиласининг ягона бошпанаси бўлиб ҳисобланади.
Адвокатларга кўра, Ҳадича Асқарова яшаётган уй Азимжон Асқаровга онасидан мерос бўлиб қолган ва Асқаровлар оиласининг ягона бошпанаси бўлиб ҳисобланади.

- Мен БМТ қарори чиққанидан сўнг, уйидаги нарсалари олиб кетилгани ростми-ёлғонми, ўзи қандай ахволда экан, “бу арз қилаяпти гаплари ростми-ёлғонми”, деб давлат томонидан текширгани келган одамлар бўлса керак деб ўйлагандим уларни. “Биз давлат мулк фондидан”, келдик деб хоналарга кириб ҳаммасини суратга олишди, - дейди Хадича Асқарова.

Унга кўра, текширувчилар кетаётганида унга Асқаров юзасидан чиққан ҳукмга биноан уйи давлатга ўтишини айтишган.

Воқеанинг эртаси куни Бозорқўрғонга “Бир Дунё Қирғизистон” ташкилоти адвокати Валерьян Вахитов борган. У суд ижроия хизмати ижрочиси З.Сапарбаев билан учрашган. Сапарбаев унга Хадича Асқарова яшаётган уйни давлат ҳисобига ўтказиш буйруғи билан Қирғизистон Давлат мулк фонди ходимлари келганини айтган.

Сўнгра адвокат ўзларини Айсулу Ўрўзбекова ва Жанат Аманакунова деб таништирган Фонд ходимлари билан ҳам учрашган ва суд қарорини кўрмоқчи эканини билдирган. Улар эса буйруқ Жалолободда, Фонд раисида қолганини рўкач қилиб буйруқни кўрсатмаган.

Вахитов Жалолободга борган ва у ерда Давлат мулк Фонди раиси Г.Абдикеримова билан телефон орқали суҳбатлашган. У ҳам ўзида ҳеч қандай буйруқ йўқлигини ва бунинг учун Бишкекдаги Давлат мулк Фонди Бош идорасига мурожаат қилиш кераклигини билдирган.

Бўлаётган воқеалар юзасидан “Бир Дунё Қирғизистон” ташкилоти суд ижрочилари ва бошқа шахсларнинг Хадича Асқарова яшаётган уйни мусодара қилиш ҳаракатлари қўпол қонунбузарликдир деб ҳисоблайди.

Ташкилот раҳбари Тўлейқан Исмаилованинг Озодликка айтишича, улар бу борада кеча Қирғизистон Бош прокуратурасига ҳам мурожаат қилган.

- Биз кеча Бош прокуратурага мактуб юбордик. Унда Қирғизистонда қонун бузилишига йўл қўймаслик ва қонун олдида барча баробарлиги айтилган. Ва биз назорат органи Хадича Асқарова уйига ноқонуний тарзда кирган барча одамларга нисбатан чора кўриши керак деб ҳисоблаймиз. Бу ишлар биринчи бор бўлиши эмас. Бу масала ҳозир назорат остига олинган ва биз мазкур масалани БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маЪрузачисига етказамиз, - деди Тўлейқан Исмаилова.

Адвокатларга кўра, Хадича Асқарова яшаётган уй Азимжон Асқаровга онасидан мерос бўлиб қолган ва Асқаровлар оиласининг ягона бошпанаси бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистон Жиноят кодексининг суд қарори билан мусодара қилиниши мумкин бўлмаган мулклар рўйхатида уй ҳам бор.

Айтиш жоизки, 2010- йилнинг 15 сентябр куни мол-мулкини мусодара қилиш билан умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган Асқаров мулкини мусодара қилиш ҳаракати БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Қирғизистонни Асқаровни озод қилиш ва унга нисбатан суд қарорини бекор қилишга чақирган пайтга тўғри келди.

Қирғизистон Олий суди ва Бош прокуратураси эса, ҳуқуқ фаоли ишини қайта кўриб чиқишга тайёр эканини билдирган.

Хадича Асқарова эса, турмуш ўртоғининг озод қилинишига ва оқланишига умид қилиб яшаётганини айтади:

- 40 йил бирга турмуш қурган турмуш ўртоғимни ташлаб қаерга кетаман. Мен бир йилда 6-7 марта уни кўриб келаман. Мен Худо хоҳласа ҳақиқат юзага чиқади деган умидда яшаяпман. Турмуш ўртоғим ўша ердан озод этилади деб, БМТ қарорига ишониб, у ердан бўшаб чиқади ва шу уйда бирга яшаймиз деб умид қилаяпман, -дейди Хадича Асқарова.

XS
SM
MD
LG