Линклар

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари президент Атамбаевни судга берди


Қирғизистонлик таниқли ҳуқуқ фаоллари Тўлеқан Исмаилова ва Азиза Абдирасулова Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевдан уларни сотқинликда айблагани учун тўрт миллон сом маънавий зарар тўлашни талаб қилишаяпти. Бундан ташқари ҳуқуқ ҳимоячилари мамлакат президенти 14 май Оналар кунида мукофот топшириш чоғида айтган сўзлари учун улар олдида очиқ кечирим сўраши керак деб ҳисоблашмоқда.

Азиза Абдирасулова ва Тўлеқан Исмаилова 14 майдаги президент нутқида уларнинг ор-номуси ва қадр-қимматига зарар келтирган деб ҳисоблашади.

Улар Бишкекдаги Биринчи май туман судига ёзган аризасида суддан бунинг учун президентдан ҳар бирига икки миллон қирғиз сўми тақрибан ўттиз минг доллардан ундуриб беришини сўрашган.

Бундан ташқари ўз аризасида ҳуқуқ ҳимоячилари президентдан ўзлари тўғрисида айтган сўзларини расман рад этиши кераклигини ҳам айтишган.

Ҳуқуқ фаоллари агарда Қирғизистон суди уларнинг арзини қаноатлантирмаса Бирлашган Миллатлар Ташкилотига мурожаат қилишларини айтишади.

Абдирасулова ва Исмаилова шунингдек Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳуқуқ ҳимоячилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўлимидан ҳам ёрдам сўраган.

Бу борада “Бир дунё Қирғизистон” ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмаилова журналистларга маълум қилган:

- Биз БМТнинг ҳуқуқ ҳимоячилар ҳуқуқи тўғрисидаги декларациясига таяниб қўмитага мурожаат қилдик. Бу декларацияда дунё бўйича ҳуқуқ ҳимоячиларига берилган мақом бор. Ўшанинг қоидаларига мувофиқ, президент бизнинг обрўйимизни тушурган сўзларини келтириб, қўмитага ҳам мурожаат қилдик. Ҳозир мурожаатимиз қаралаяпти, - дейди Тўлеқан Исмаилова.

Ҳуқуқ фаоллари ва Қирғизистон президенти ўртасидаги норозиликларнинг келиб чиқишига 14 май Оналар куни байрамини нишонлаш чоғида Атамбаевнинг сўзлаган нутқи сабаб бўлган.

Ўшанда президент “Ҳалқ қурултойи” форумидаги ҳуқуқ ҳимоячилари “ўзининг хориждан олган грантларини оқлаётганлар”, деб маълум қилганди.

“Бу ерда кимларгина бўлмади? Талгарбеков бошчилигидаги ақаевчилар ҳам. Қалматов бошчилигидаги бакиевчилар ҳам. Ва ИШИД тарафдори Нурлан Мотуев. Ва ўзларининг хориж грантларини оқлаётган бизнинг НХХҚТчилари Тўлеқан Исмаилова ва Азиза Абдрасулова», — дедган эди президент.

Атамбаев бу сўзларини ҳуқуқ ҳимоячиларининг “Ҳалқ парламенти” муҳолифат ташкилотининг йиғинида иштирок этганини таъкидлаб айтган эди.

Абдирасулова ва Исмаилова эса йиғинга мониторинг олиб бориш мақсадида қатнашганини, бундай ишлар аввалги мамлакат раҳбарлари даврида ҳам қилганликларини ва бундан кейин ҳам давом эттиришларини айтишган.

Ҳуқуқ фаоллари 16 май куни президент сўзларига норозилик билдириб Оқ уй олдида митинга ҳам чиқишган. Бироқ норозилар олдига парламент деутати, собиқ ҳуқуқ фаоли Чўлпўн Жакуповадан бошқа ҳеч ким чиқмаган.

“Бир дунё Қирғизистон” ташкилоти раҳбари Тўлеқан Исмаилова ҳамда “Қилим шами” ҳуқуқни ҳимоя қилиш маркази раҳбари Азиза Абдирасулова 2000 йиллардан буён инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келади.

“Қилим шами” нодавлат ташкилоти саккиз йилда бегуноҳ қамалган тўққиз кишининг оқланиб, озод этилишига эришгани айтилади. Улардан бири бегуноҳ умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган одам бўлган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Азиза Абдирасулова ва Тўлеқан Исмаилова 2010 йилги Ўш воқеаларида юзасидан ҳам ҳукуматни адолатли тергов олиб боришга чақирган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари 2010 йил Ўш воқеаларида одам ўлдирганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ўзбек ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровни “сиёсий тутқун”, деб атаб шу кунгача унинг озод қилинишини талаб қилиб келишади.

XS
SM
MD
LG