Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:01

ЕОИИга аъзо давлат фуқаролари Қозоғистонда қайдсиз 3 ой юриши мумкин, ўзбекистонликлар бундан мустасно


Суд қарорига кўра, Қозоғистондан депортация қилинаётган меҳнат муҳожирлари.
Суд қарорига кўра, Қозоғистондан депортация қилинаётган меҳнат муҳожирлари.

Қозоғистон ҳукумати “Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатларидан бўлган меҳнат муҳожирларининг эркин ҳаракатланишига имкон яратиш мақсадида” хорижликларни рўйхатга олиш тартибига ўзгартишлар киритди. Эндиликда Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқароси бўлганлар, масалан, қирғизистонлик ёки арманистонликлар Қозоғистонда қайдсиз 90 кунгача юриши мумкин. Айни пайтда МДҲнинг бошқа давлатларидан, хусусан, Ўзбекистондан бўлган фуқаролар, қўлида иш рухсатномаси бўлмаса, Қозоғистонда 1 ойдан кўп қололмайди.

Наманганлик Исроил Жўраев Қозоғистоннинг Қарағанда шаҳрига бир ой муқаддам келган. У ҳамқишлоқлари билан бирга вокзалда сомса сотмоқчи бўлган. Бироқ иш рухсатномаси йўқлиги учун эндиликда уни суд қарорига кўра мамлакатдан бадарға қиладилар.

- Қарағандага 24 март куни келгандим. Келганимдан кейин 5 кун ичида миграция полициясига бориб, ҳужжатларимга муҳр бостиришим керак эди. Аммо мен бу ишни қилганим йўқ. Кейин текширув чоғида мени тутиб олишди, - дейди Исроилжон.

Ўзбекистонга кетаётган Исроил Жўраев ватанда ҳужжатларини қайта расмийлаштириб, Қозоғистонга қайтиб келишни мўлжалламоқда.

Қарағанданинг “Алтин Арба” бозорида кийим-кечак сотаётган тожикистонлик Мансур эса бу ерда “фуқаролиги бўлмаган шахс” гувоҳномасини олиб ишлаётганини айтади.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг миграция полицияси департаменти катта инспектори Нурғали Ристановга кўра, ҳукуматнинг миграцион назорат ва чет элликларни қайдга олиш ишини амалга ошириш тартиби тўғрисида шу йил апрелида қабул қилинган 190-қарорига мувофиқ, “Қозоғистонда Ўзбекистон каби мамлакатлар фуқароларининг келиш шартлари ўзгарган”.

- Бу ўзгаришлар Қозоғистонга визасиз кириши мумкин бўлган МДҲ мамлакатлари фуқароларига тегишли. Қозоғистон билан Ўзбекистон ўртасида икки томонлама шартнома тузилган. Бу мамлакат фуқаролари Қозоғистонда қайдсиз 30 кунгача юриши мумкин. Бу муддатни чўздириш мумкин эмас. Чунки 30 кун шахсий сафарлар учун етарли. Агар ўзбекистонликлар меҳнат муҳожири сифатида келаётган бўлсалар, иш учун рухсатнома олишлари ва ички ишлар идораларида рўйхатдан ўтишлари шарт, - дейди Нурғали Ристанов.

Ҳукумат қарорида Қозоғистонда меҳнат муҳожирларининг рўйхатга олиниши уларга берилган иш рухсатномасининг яроқлилик муддатига қараб расмийлаштирилиши айтилган. Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо давлатлардан бўлган муҳожирлар эса Қозоғистонда 90 кунгача юришлари, кейин эса қайд муддати чўздирилиши мумкин. Ристановга кўра, иқтисодий иттифоққа аъзо давлат фуқаролари ҳатто “солиқ тўламасдан ишлашлари мумкин”.

- Улар Қозоғистонда махсус рухсатномасиз ва тўловларсиз ишлай олади. Бунинг учун иш берувчи билан шартнома тузиб олиш ва ички ишлар идораларида бир йиллик қайдга туриш кифоя. Бу муддат тугагач, қайд муддатини яна бир йилга чўздириш мумкин, - дейди миграция полицияси мулозими.

Қозоғистон қонунчилигига кўра, бу мамлакатда иш рухсатномаси учун меҳнат муҳожирлари ойига 4 минг 242 танга ёки қарийб 12 доллардан пул тўлаб боришлари лозим. Иш рухсатномасини муҳожирлар маҳаллий ижроия органларидан олишлари мумкин.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, 2015 йили ички ишлар идоралари томонидан 1 миллиондан ортиқ хорижлик, шу жумладан, 100 мингдан кўпроқ меҳнат муҳожири рўйхатга олинган. Меҳнат муҳожирларининг аксарияти ишлаш учун Жанубий Қозоғистон ва Манғистау вилоятларига ҳамда Олмаота шаҳрига боради. Жорий йил бошидан бери 16 минг нафардан кўпроқ муҳожирга иш рухсатномаси берилгани айтилмоқда.

XS
SM
MD
LG