Линклар

Олмаотадаги отишмада бир неча киши ҳалок бўлди


Қуршовга олинган жойда ишлаётган полиция зобити, Олмаота, 2016 йил 18 июли.

Қуршовга олинган жойда ишлаётган полиция зобити, Олмаота, 2016 йил 18 июли.

Қозоғистоннинг Олмаота шаҳридаги Абилай хан ва Қазибек би кўчалари кесишган жойда содир бўлган отишмада камида уч киши ҳалок бўлди. Интерфакс агентлиги хабарига кўра, ўлганларнинг икки нафари полиция ходимидир.

“Абилай хан ва Қазибек би кўчалари кесилишида уч жасад ётибди, иккиси полиция кийимида, биттаси фуқаровий кийимда. Полиция кийимидаги яна икки киши яраланган”, дея иқтибос келтиради Интерфакс воқеа гувоҳи сўзларидан.

Аввалроқ Олмаота полицияси шаҳарда аксилтеррор амалиёти ўтказилиши ҳақида эълон қилган, шаҳарликлардан хушёр бўлиш сўралган.

“Барчадан ўз уйидан чиқмасликни, одамлар тўпланган жойларга бормасликни илтимос қиламиз. Шубҳали ҳар қандай шахс ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларини зудлик билан хабардор қилишни, ҳуқуқ-тартибот ва махсус идоралар ходимлари ҳаракатига тушуниш билан муносабатда бўлишни сўраймиз”, дейилади полиция хабарномасида.

Бироз кейин Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги Олмаотада террор хавфининг "қизил" даражаси жорий этилганини эълон қилди. Террор хавфининг юқори даражаси маҳаллий вақт билан соат 12.20 да (Тошкент вақти билан соат 11.20) бутун Олмаота бўйлаб жорий этилган. Вазирлик хабарномасида олмаоталиклардан террор хавфи "қизил" даражасига мувофиқ талабларга риоя этиш сўралган.

Аввалроқ Қозоғистон маҳаллий нашрлари эрталабки соат 10.30 атрофида Алмали туман ички ишлар бошқармаси биноси ва Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Олмаота департаменти биноси яқинида ўқ овозлари эшитилгани ҳақида хабар қилгандилар. Айрим маълумотларга кўра, полиция билан отишмага киришган шахс ноанъанавий диний оқимга мансуб кишидир.

Tengrinews.kz сайтининг ёзишича, сал аввалроқ полициячилар билан отишмага киришган шахс қўлга олинган. Номаълум шахс Олмаотанинг Абилай хан кўчасида қуролини ишга солган, сўнгра Тўле би кўчаси бўйлаб қочиб кетаётганда ушланган.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги душанба куни Олмаотада полиция ходимларига қилинган ҳужумга алоқадор бир гумондор ушлангани ҳақида баёнот тарқатди. Баёнотда полиция ходимлари орасида ўлганлар борлиги айтилган, бироқ уларнинг сонига аниқлик киритилмаган.

XS
SM
MD
LG