Линклар

logo-print

Қозоғистонда ИДга қўшилмоқчи бўлган шахслар судланди


Сурияга кетишга чоғланган қозоғистонликлар, Ақтўбе, 2016 йил 12 июли.

Сурияга кетишга чоғланган қозоғистонликлар, Ақтўбе, 2016 йил 12 июли.

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида 12 июль куни якунланган суд жараёнида 12 айбланувчидан энг узоқ жазо муддати Жанбўлат Сарсенбаевга берилди. 8 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинмиш 39 ёшли Сарсенбаев “жиноятга ҳозирланганлик”, “террорчилик гуруҳини ташкил этганлик ва унга раҳбарлик қилганлик” ҳамда “террорчилик ва экстремизмни молиялаштирганлик”да айбланган.

Жанбўлат Сарсенбаев 2011 йилда ҳам суд қаршисига чиққан. Ўшанда Миллий хавфсизлик қўмитасининг Ақтўбе вилоят департаменти биноси олдида ўзини портлатган Рахимжан Махатовнинг шериги сифатида судланган Сарсенбаев “террор гуруҳи тузганлик”, “террорчиликни ташвиқ қилганлик” ва “қурол сақлаганлик”да айбдор деб топилиб, уч йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Бу жазони ўтаб чиққан Сарсенбаев кечаги суддаги 12 киши орасида маълумоти олий бўлган ягона шахсдир. Қолганларининг аксарияти ўрта маълумотли бўлиб, кўпчилиги ҳеч қаерда ишламаган. Улар орасида бир ота ва унинг икки ўғли ҳам бор.

Судья Ерлан Бақитжан ўқиб эшиттирган ҳукмга мувофиқ, 1959 йилда туғилган ота Марат Тўреханов етти йилга, икки ўғил – 1989 йилда туғилган Жасулан ва 1996 йилда туғилган Ержан Тўрехановлар олти йилданга кесилган.

Марат Тўрехановнинг куёви Жасулан Раманқулов ҳам олти йилга озодликдан маҳрум қилинган. Раманқуловнинг адвокати Куляш Манько Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида суд ҳукмидан норози эканини, апелляция тартибида вилоят судига мурожаат қилишини маълум қилди.

- “Сурия режаси”дан у муҳтамал сафарга бир ҳафта қолганидагина хабар топган ва ноилож рози бўлган. Жасулан Раманқуловнинг отаси улуғ ёшда, у 90 га кирган, онаси ногирон, кўзи кўрмайди. 2014 йили уларнинг уйи куйиб кетган, Жасулан эса ишсиз. У соқол қўйиб, калта шим кия бошлаганда, иш берувчиси уни қўриқчиликдан бўшатиб юборган, - дейди адвокат Манько.

Олти йилга судланганларнинг яна бири Улар Файзуллаев аввал “портловчи моддалар сақлаганлик”да гумонланиб, ҳибсхонада тутиб турилган, бироқ “қилмишидан пушаймонлиги” учун икки йил олдин жиноий жазодан озод қилинган.

Озодлик радиоси қозоқ шўъбаси манбасига кўра, Файзуллаевнинг радикал диний оқим мансуби бўлган икки акаси ҳозирда қамоқ жазосини ўтаяпти.

Ақтўбе суди ҳукмига кўра, 1987 йилда туғилган Авез Ақбазар, 1975 йилда туғилган Балақази Сандибаев, 1991 йилда туғилган Бавиржан Тапалов, 1981 йилда туғилган Кенжебай Сулейманов, 1996 йилда туғилган Мухамбетсапа Дияр ҳамда 1994 йилда туғилган Есет Шаймардан ҳам олти йилданга озодликдан маҳрум этилган.

Суд ҳукмида 12 нафар судланувчи “Исломий давлат” террор гуруҳи сафига қўшилмоқчи бўлгани, Сурияга кетиб, жанг қилмоқчи бўлгани айтилади. Қайд этилишича, улар Суриядаги жангарилар вакиллари билан Интернет орқали алоқада бўлиб турганлар. Ҳукмда, шунингдек, судланувчилар Ўзбекистон ва Қирғизистон сохта паспортларига буюртма бермоқчи бўлгани, судланувчилардан бири эса бу иш учун пул ажратгани урғуланган.

Суд 12 нафар судланувчига қарашли мулкни мусодара қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Ҳукмга мувофиқ, уларнинг Халқ банки Ақтўбе филиалидаги ҳисоб рақамида бўлган 1 миллион 177 минг танга ҳамда 5700 АҚШ доллари миқдоридаги пули давлат фойдасига мусодара қилинган.

Судланганлар шу йил февралида Ақтўбе яқинидаги Ақшат қишлоғида ушланганди.

Расмий маълумотларга қараганда, шу кунда 300 га яқин қозоғистонлик Сурия ва Ироқда “Исломий давлат” гуруҳи таркибида жанг қилмоқда.

XS
SM
MD
LG