Линклар

Қозоғистонда “таблиғчиларга кўмаклашган” ҳуқуқшунос 9 ойга қамалди


Остоналик Мурат Тақаумов ўз иши бўйича суд ҳукмини тингламоқда, Остона, 2016 йил 2 июни.

Остоналик Мурат Тақаумов ўз иши бўйича суд ҳукмини тингламоқда, Остона, 2016 йил 2 июни.

Қозоғистонда фаолияти тақиқланган “Таблиғи Жамоат” диний ташкилотига алоқадорликда айбланган остоналик Мурат Тақаумов 9 ойга озодликдан маҳрум этилди. Маҳкум ўзига қўйилган айбловларни рад этмоқда.

31 ёшли ҳуқуқшунос Мурат Тақаумов иши бўйича ҳукм Остонанинг Сариарқа туман судида 2 июнь куни ўқилди.

Маҳкамага раислик қилувчи судья Биржан Тўрегелдиев Тақаумовни Қозоғистон Жиноят кодексининг 405-моддаси 2-бандига мувофиқ (тақиқланган диний ташкилот фаолиятида иштирок этганлик) айбдор деб топиб, 9 ойлик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Ҳакам ҳозирда Миллий хавфсизлик қўмитаси омборида сақланаётган дисклар, видеоёзувлар ва бошқа “иш бўйича мавжуд ашёвий далиллар” йўқ қилинишини ҳамда Тақаумовдан 31 минг танга миқдорида суд харажатлари ундирилишини билдирди.

Мурат Тақаумов маҳкама залидан соқчи кузатувида чиқиш чоғида Озодликнинг қозоқ хизмати мухбирига суд ҳукмидан норози эканини айтишга улгурди.

- Мен рози эмасман. Бу ноқонуний, - деди Тақаумов.

Маҳкамада иштирок этган маҳкумнинг онаси (у мақолада исм-фамилияси қайд этилишини истамаган) ҳам ўғлига нисбатан чиқарилган ҳукмни адолатсиз, деб ҳисоблайди. Аёлга кўра, судда Мурат Тақаумовнинг айбини исботлайдиган далиллар келтирилмаган.

Тақаумовнинг адвокати Серик Нурлибаев мазкур иш бўйича шикоят аризаси киритилишини айтса-да, бу қадам ўз ҳимоясида бўлган шахс қисматига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

- Апелляция тартибида шикоят аризаси киритамиз, бироқ умид кам. Шикоят аризаси кўриб чиқилаётган пайтда, аксинча, жазони кучайтириб қўйишлари мумкин, - деди адвокат Нурлибаев.

У ҳимояси остидаги шахс сўнгги етти ойни тергов ҳибсхонасида ўтказгани сабабли қамоқда фақат уч ойгина ўтиришини айтади. Адвокатга кўра, Тақаумов аввал судланмагани ва тўрт нафар вояга етмаган фарзанди борлигини ҳисобга олиб, унга енгилроқ жазо берилган.

Тақиқланган ташкилот фаолиятида қатнашганликда айбланган остоналик юрист Мурат Тақаумов 2015 йил 18 ноябрида Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олинганди. Унинг иши экстремистик фаолиятда айбдор топилган беш қозоғистонликнинг иши билан боғлиқ. Шу йил февраль ойида суд уларнинг бирини 2,5 йилга, қолган тўртовлонни эса 2 йилданга озодликдан маҳрум қилганди. Судланувчиларнинг яқинлари ўшанда Тақаумов бу одамларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатганини айтганлар.

“Таблиғи Жамоат” диний ташкилоти 2013 йил февралида Остона шаҳар суди қарори билан экстремистик, деб топилган ва унинг фаолияти Қозоғистон ҳудудида чеклаб қўйилганди.

Ҳозирда Қозоғистонда бу ташкилотга алоқадорликда айбланган ўнлаб одам қамоқ жазосини ўтамоқда. Қозоқ расмийлари “Таблиғи Жамоат” ташкилотининг асосий мақсади халифалик ўрнатиш, деб ҳисоблайдилар.

Ғарб давлатлари ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қозоқ расмийларини мамлакатда диний эркинликларни чеклаётгани учун танқид қилиб келади.

XS
SM
MD
LG