Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:10

Қозоғистондаги KATEV жамғармаси Гуленга алоқаси йўқлигини айтмоқда


Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий номли қозоқ-турк университети биноси.
Туркистондаги Хожа Аҳмад Яссавий номли қозоқ-турк университети биноси.

Туркияда муваффақиятсиз якунланган ҳарбий тўнтариш ҳаракатидан кейин Анқара яна Марказий Осиё мамлакатларидаги “гуленчи” ўқув юртларига қизиқа бошлади. Қозоғистондаги қозоқ-турк ўқув юртларида Туркия президенти Эрдўғон “параллел давлат барпо этганлик”да айблаётган Фатҳуллоҳ Гуленга ҳеч қанақа алоқалари йўқлиги айтмоқдалар.

Қозоғистондаги KATEV халқаро жамоатчилик жамғармаси 29 та қозоқ-турк лицейи, Олмаотадаги Сулаймон Демирел номли университет, икки коллеж ва “Нур Ўрда” хусусий мактабларини дастаклаб келади. Жамғарма қошидаги мактабларда 1216 нафар ўқитувчи ишлайди, уларнинг 92 нафари Туркия ватандошидир.

KATEV 1997 йили Қозоғистон ва Туркия ўртасидаги шартнома асосида қозоқ-турк ўқув муассасаларига кўмак кўрсатиш учун тузилган. Анқара бу ўқув юртларини АҚШда яшовчи турк теологи Фатҳуллоҳ Гуленга алоқаси бор, деб ҳисоблайди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон сўнгги бир неча йилдан буён ҳокимият тузилмалари, суд тизими, армия қўмондонлиги ва ахборот фазосини “гуленчилардан тозалаш” иши билан фаол шуғулланиб келади. Турк мухолифати автократ деб ҳисоблайдиган Эрдўғон Фатҳуллоҳ Гуленни 15 июль куни содир этилган ҳарбий тўнтариш ҳаракатига алоқадор, деб билади. Ҳарбийларнинг бу исёни чоғида 250 чоғли тинч аҳоли вакили нобуд бўлган.

KATEV вакили Озодликнинг қозоқ хизматига берган интервьюсида жамғарманинг Гуленга мутлақо алоқаси йўқлигини айтган. Жамғарманинг ўқув-тарбия ишлари бўйича вице-президенти Нурбўл Тўлабаевга кўра, KATEV асосан ўқув юртлари учун малакали ўқитувчилар топиш ва янги таълим технологияларини татбиқ қилиш билан шуғулланади.

- Қозоқ-турк лицейларининг ҳаммаси давлат муассасаси бўлиб ҳисобланади. Таълим ва фан вазирлиги ўқитувчиларнинг ойлик маоши, ўқув юртларидаги коммунал хизматлар учун маблағ ажратади. KATEV жамғармаси ўқитувчилар малакасини ошириш, ўқув юртлари учун (таълим бошқармалари билан келишилган ҳолда) ўқитувчи ва раҳбар ходимлар қидириш билан шуғулланади, ўқитувчиларга 30 мингдан 230 минг тангагача (85 доллардан 650 долларгача – таҳр.) стипендия тайин қилади. Агар янги технологиялар Таълим ва фан вазирлиги стандартларига мувофиқ келса, жамғарма уларни ўқув жараёнига татбиқ қилиш билан шуғулланади. Яъни жамғарма фақат таълим масалалари билан шуғулланади. Бизда “Нур Ўрда” каби пулли мактаблар бор. У ердан тушган ҳамма пул таълим соҳасини ривожлантиришга йўналтирилади, - дейди жамғарма вице-президенти Нурбўл Тўлабаев.

Истанбулдаги намойишлардан бирида ёқилган Фатҳуллоҳ Гулен портрети, 2016 йил 18 июли.
Истанбулдаги намойишлардан бирида ёқилган Фатҳуллоҳ Гулен портрети, 2016 йил 18 июли.

Сўнгги кунларда турк расмийлари Марказий Осиё мамлакатларидаги “гуленчиларнинг ўқув юртлари” ҳақида танқидий баёнотлар билан чиқишди. Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Қирғизистон Марказий Осиёдаги “Гулен издошлари”нинг базасига айланганини билдирди. Бунга жавобан Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги турк жамғармалари билан биргаликда ўқув юртларининг очилиши “Бишкакнинг ички иши” эканини билдирди. Икки йил аввал Туркиянинг “гуленчилар” ўқув юртларининг ёпилиши ҳақидаги илтимосига Остона ҳам шунга ўхшаш жавоб берган.

Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги 2014 йил апрелида қозоқ-турк лицейлари ёпилмаслигини баён қилган. “Улар (қозоқ-турк лицейлари – таҳр.) маҳаллий бюджетдан молияланади. Бу дастурлар учун ваколатли орган, маъмур вилоят ҳокимиятлари бўлиб ҳисобланади. Улар Ибрай Алтинсарин номидаги Миллий академия томонидан ишлаб чиқилган давлат ўқув дастурлари асосида ишлайди”, дейилганди вазирлик баёнотида.

Нурбўл Тўлабаев қирғиз дипломатларининг қанақа лицейларни очиш “суверен мамлакатнинг ички иши” эканига оид позициясига қўшилади.

- Бизнинг Фатҳуллоҳ Гулен билан на молиявий, умуман, ҳеч қанақа алоқамиз йўқ. Бироқ Интернет шарофати билан Фатҳуллоҳ Гулен ким эканини бугун ҳамма билади. У файласуф сифатида бутун дунё бўйлаб очилаётган бундай мактаблар ҳақида ижобий фикр билдирган бўлиши мумкин. Бироқ бу қозоқ мактаблари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ва Туркиянинг собиқ президенти Турғут Ўзал ўртасида тузилган шартнома асосида очилган. Бу ўқув юртларининг очилишида Фатҳуллоҳ Гулен ҳам, Сулаймон Демирел ҳам, Тоййиб Эрдўғон ҳам қатнашган эмас. Бу лицейларда Фатҳуллоҳ Гуленнинг китоблари ва таълимоти ўрганилмайди, - дейди Нурбўл Тўлебаев.

KATEV вакили уларга Туркиядан ҳам, Қозоғистон томонидан ҳам “гуленчилар”га қарши кампания билан боғлиқ ҳеч қанақа кўрсатма ёки хат келмаганини айтади.

Қозоғистоннинг Туркистон шаҳридаги Хожа Аҳмад Яссавий номли Халқаро қозоқ-турк университетининг KATEV халқаро жамғармасига алоқаси йўқ. У ҳам Қозоғистон ва Туркия ўртасида маданий алоқалар ўрнатила бошлаган паллада - 1991 йилда тузилган.

Қозоғистон Таълим ва фан вазирлиги Озодликнинг қозоқ хизмати сўровига жавобан мазкур университетда 48 нафар туркиялик ва 819 нафар қозоғистонлик ўқитувчи ишлашини қайд этган.

“Фатҳуллоҳ Гуленнинг Хожа Аҳмад Яссавий номли Халқаро қозоқ-турк университетига ҳеч қанақа алоқаси йўқ”, деб ёзилади вазирликнинг расмий жавобида.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон “гуленчилар”ни бир неча йилдан бери таъқиб қилаётганини урғулайди. Унинг фикрича, Туркиянинг Марказий Осиёдаги ҳамкор мамлакатларга “Гуленга алоқадор” ўқув юртларини ёпиш бўйича талаби бундан буён фақат кучайиб бораверади.

- Эрдўғон ҳозир катта сиёсий ўйин бошлади. У Гуленни қандайдир ғоявий фаолиятни фақат Туркияда эмас, балки бошқа мамлакатларда ҳам олиб бораётганликда айблашга уринаяпти. Яъни у Гуленга қарши ўз дастак аудиториясини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпти, - дейди Дўсим Сатпаев.

Сиёсатшуносга кўра, Қозоғистон томони турк ўқув юртлари бўйича конкрет позициясини билдириб қўйиши керак.

- Таълим тизим учун жавобгар соҳа идоралари ўқув юртлари бўйича барча сўровларга аниқ-тиниқ жавоб беришлари лозим. Мен масала узил-кесил ҳал бўлиши учун Туркия сўровларига расмий даражада ҳам аниқ-тиниқ жавоб берилиши керак, деб ўйлайман. Чунки, агар ўқув юртлари сиёсий ўйинларга аралаштирилса, бу улар учун унча яхши бўлмаган вазият яратади, - дейди Дўсим Сатпаев.

Яқинда Озарбайжон пойтахти Бокуда турк ўқув юртларидан бири – Кавказ университети ёпилди. Туркиядаги айрим нашрларнинг ёзишича, бу минтақада Фатҳуллоҳ Гулен асос солган илк университетлардан бири бўлган.

XS
SM
MD
LG