Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:58

Қозоғистонлик Воҳиджон Тошкент аэропортида ғойиб бўлди


Тошкент аэропортида ушлангани айтилган сайрамлик Воҳиджон Ниёзов
Тошкент аэропортида ушлангани айтилган сайрамлик Воҳиджон Ниёзов

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам шаҳрида яшайдиган 27 яшар Воҳиджон Ниёзовнинг 28 июль тунда Кореядан қайтаркан, Тошкент аэропортида ғойиб бўлгани айтилмоқда. Яқинларининг даъво қилишича, Воҳиджонни Ўзбекистон махсус хизматлари диний мотивлардаги гумон билан ушлаган ва номаълум манзилда сақламоқда. Ниёзовлар оиласи 5 кундан буён аниқ маълумот тополмаётганини айтмоқда.

Воҳиджон Ниёзовнинг Тошкент аэропортига келиб тушгани ва паспорт назорати бўлимига қадар келганига гувоҳ бўлган қозоғистонликлар бу йигитнинг ташқи кўриниши ва уяли телефонидаги айрим маълумотлар Ўзбекистон махсус хизматлари эътиборини тортганини айтмоқда:

"У бола чиройли қилиб, соқол қўйиб юрарди. Лекин, ўзи унақа ҳар хил оқимларга аъзо ёки унақа бола эмасди. Кореядан учган самолёт Тошкентга 28 июль куни кечаси қўнганидан кейин уни ушлаб қолишган. Соқолини гапиришган, кейин телефонидан қанақадир маъруза чиққан, деган гапларни ҳам айтишяпти кўрганлар. Шу билан уни алоҳида хонага олиб киришган ва Воҳиджон у ердан чиқмаган", деди исмини ошкор қилишни истамаган сайрамлик йигит.

Қуйида бу йигит билан суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Тошкент аэропортида ғойиб бўлган қозоғистонлик Воҳиджоннинг дўсти билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:23 0:00
Бевосита линк

Ниёзовлар оиласи эса 5 кундан буён Воҳиджондан дарак йўқлиги, унинг Тошкент аэропортига қўнган учоқдан тушгач, ғойиб бўлганидан бошқа маълумот йўқлигини айтмоқдалар. Озодлик Воҳиджоннинг отаси Неъматжон Ниёзов билан боғланди, аммо тақдири номаълум қолаётган ўғлининг "келажагидан чўчиётгани" боис, у киши Озодликка интервью бермаслигини айтди.

Бу оилага яқин манбанинг айтишича, Ниёзовлар оиласи 29 июль куни Тошкент аэропортига борган ва у ерда ишлайдиган ходимлардан Воҳиджонни куч ишлатар тузилмалари ходимлари машинада олиб кетгани ҳақида жавоб олган.

"Стальной светдаги бир машинага 5 та силовик босиб олиб кетганини кўрганлар бўлганлар экан, ишчилар орасида. Ана ўшалар ўғлингизни соқоли учун тўхтатишган, кейин сўроқ-савол қилиб олиб кетишган экан. Қаерга кетганини ҳеч ким билмайди. "Энди ё милициядан, ё МХХ қидирасизлар. Бориб, запрос берсангиз, топиб беради", деган жавоб олишган аэропортдан", деди Ниёзовлар оиласига яқин бўлган сайрамлик манба.

Озодлик Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари, хусусан, Тошкент аэропортидан бу борада бирор расмий жавоб олишга муваффақ бўлмади.

Қозоғистоннинг Тошкентдаги элчихонасидан Воҳиджон Ниёзовнинг ғойиб бўлгани ёки ушлангани ҳақида хабар йўқлиги, аммо ота-онаси расман мурожаат қилиши биланоқ Ниёзов тақдири билан шуғулланишлари мумкинлиги ҳақида жавоб олинди.

Элчихонанинг ўзини таништирмаган ходими Ниёзовлар оиласини зудликда консуллик бўлимига мурожаат қилишга чақирди.

"Бизга ариза ёзишсин, биз ана шу ариза асосида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига нота йўллаймиз", деди мухбир саволларига микрофонсиз жавоб берган элчихона ходими.

Шунингдек, элчихона ходими Тошкент аэропортида Қозоғистон фуқаросининг номаълум сабаблар билан ушлангани ва яқинларига хабар берилмаган ҳолда ушлаб қолингани ёки ғойиб бўлганига оид хабарни илк бор эшитаётганини алоҳида таъкидлади.

1989 йилда Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам шаҳрида туғилган Воҳиджон Ниёзов оддий ишчи оиласининг фарзандидир. Отаси таксичилик қилади, онаси эса уй бекаси. Воҳиджон умумий ўрта таълим мактабини битиргач, дурадгорлик ва устачилик билан шуғуллана бошлаган. Сўнгги пайтларда отасининг ўрнига таксичилик қилаётгани айтилди.

Яқинларидан олинган маълумотга кўра, 3 ой муқаддам у Жанубий Кореяга сайёҳлик визаси билан кетган, аммо сафардан мақсади сайёҳлик эмас, у ердан иш топиш бўлган. Кореяда Воҳиджоннинг соғлиги ёмонлашган ва уйга қайтишга мажбур бўлган.

Яқинлари уни намозхон, аммо турли радикал ёки тақиқланган диний оқимларга алоқадор эмас, деб даъво қилмоқда.

Ўзбекистон куч ишлатар тузилмалари ёҳуд аэропорт маъмуриятидан бу борада бирор расмий маълумот олишнинг имкони бўлмагани боис, Озодликда Воҳиджон Ниёзов ҳақиқатда ҳам Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан қўлга олиндими, агар олинган бўлса, айнан диний мотивлар асосидаги гумон билан қўлга олиндими - бу ҳақда ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Бунга қадар Қирғизистон ва Россия фуқароларининг Ўзбекистон чегара постларида тақиқланган диний-экстремистик мазмундаги электрон маълумотлар билан ушлангани кузатилган.

Кейинги пайтларда Тошкент аэропортида дунёнинг турли давлатларидан келаётган ўзбекистонликлар, асосан, ёш-ёш йигитларнинг қўлга олиниши тез-тез кузатилмоқда.

Одатан, мобиль телефони ёки компьютерида топилган диний-радикал мазмундаги маълумотлар учун ушлангани айтилган йигитларнинг бир неча кундан тортиб, бир неча ойгача бедарак кетиши, кейинчалик жиноий иш қўзғатилгач, оиласига хабар берилиши кузатилади. ​

XS
SM
MD
LG