Линклар

logo-print

Ҳозир архивда сақланаëтган ҳужжатларга кўра¸ 1944 йили татарларнинг 183 минг 155 нафари бадарға қилинган. Шундан 151 минг 136 нафари Ўзбекистонга жўнатилган.

1944 йилда Сталин қарорига кўра, бадарға қилинган Қрим татарлари 1989 йил Горбачëв изни билан ватанларига қайта олдилар холос.

Бугун Россия ишғоли остида хавотирли кунларни бошдан кечираëтган Қрим татарлари Ўзбекистонни миннатдорлик туйғулари билан эслашмоқда.

Ҳар йили 18 май куни ана шу миннатдорлик рамзи ўлароқ қад ростлаган ëдгорлик пойи гуллар билан тўлади.

Ватан ҳақида дарс

1982 йилда Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика институтидан бизни Мирзачўлга пахтага олиб кетишди. Қрим татар филологияси факультети талабалари ҳам биз билан бир баракка жойлашди.

Биздан сал наридаги колхоз дўконига ул-бул олгани кириб¸ рус рассомининг “Қрим манзараси” деган асари репродукциясига кўзим тушди. Олган нарсаларнинг қайтимига бу расмни олиб баракдаги чорпоямга илиб қўйдим.

Шу пайт ëнимга бир Қрим татар филологиясида ўқийдиган талаба келиб¸ нега айнан бу расмни осганим билан қизиқди. Мен бу рассом услубига қизиқишимни айтдим. Талаба мен учун тушунарсиз ҳиссиëт билан “Қрим менинг ватанимдир”, деди ва расмни совға қилишимни сўради.

Ëмонотлиқ қилинган эл

Кейинчалик мен Қрим татарларини ўз уйидан қувиб чиқарган Сталин фармони билан танишдим. Устига ўта махфий дея унвон қўйилган 5859-рақамли бу ҳужжатга 1944 йилнинг 11 майида имзо чекилган.

Бу ҳужжат Қрим татарларини расман “ватан хоинлари” дея эълон қилиб, уларни сургун ҳолатда ушлаб туришни кўзда тутади.

Сургун кунлари

Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Усмон Юсупов зиммасига Қрим татарларини жойлаштириш билан биргаликда уларга қарши ўзбек халқи орасида нафрат уйғотиш вазифаси ҳам юкланади.

Сургунда дунëга келган Диловар ака Усмон Озодлик мухбири билан бундан етти йил аввал бўлган суҳбатда буларни эслаган эди.

- Қрим татарлари Ўзбекистонга келиши олдидан Ўзбекистонда Қрим татарларига қарши сиëсат¸ пропаганда олиб борилди. Советлар ҳокимияти томонидан “Қрим татарлари сотқин¸ хоин” деган пропаганда амалга оширилди.

Қрим татарлари ҳайвонлар учун мўлжалланган вагонларда Ўзбекистонга олиб келинган пайтда¸ уларни одамлар қўлларида тошлар¸ таëқлар билан кутиб турган.

Ўша одамлар вагондаги ëш болалар¸ аëллар¸ қарияларни кўрган пайтда¸ қўлларидан тошлари ва таëқлари тушиб кетган. Улар бизнинг абгор аҳволимизни кўриб раҳмлари келган. Улар бизга нон бериб¸ сув бериб ëрдам қилишди¸ дейди Диловар Усмон.

Оқмачитдаги Исмоил Гаспиринский кутубхонаси раҳбари Айдар Эмировга кўра¸ Ўзбекистондаги сургун ҳаëтида татарлар яхши кунларни ҳам¸ ëмон кунларни ҳам кўришган.

- Ҳар бир жамиятда ҳар турли кишилар бор. Буларнинг ичида яхшилари ҳам бор¸ ëмонлари ҳам бор. “Кет бу ердан” деган одамлар ҳам бўлди¸ дейди Айдар Эмиров.

“Аммо биз татарлар учун Ўзбекистонда яхши кунлар кўп бўлди. Ҳатто¸ яхши деган калима Қрим татар луғатига айнан Ўзбекистонда кирди”¸ дейди Айдар Эмиров.

- Масалан¸ яхши деган сўз олдин Қримда “ору” деб айтилган экан¸ деган эди Айдар Эмиров.

Яна бир суҳбатдош Диловар Усмонга кўра¸ нафақат луғат¸ балки Қрим татарларининг дастурхони ҳам бойиган.

- Ўзбек ошлари¸ лағмони¸ мантиларини ўзимиз билан бирга олиб келдик¸ деган эди Диловар Усмон.

“Ўзбекистон биз учун сургун уйи эмас¸ балки ўз уйимиз каби қадрдон. Ҳали-ҳали ўзбек қўшиқлари қулоғимда жаранглайди”¸ дея туриб¸ "Наманганнинг олмаси" қўшиғини хиргойи қилиб¸ кўзига ëш олган эди Диловар Усмон.

Қрим татарларининг илк исëни

Диловар Усмонга кўра¸ Қрим татарларининг ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун кураш майдони ҳам Ўзбекистон бўлган.

- Биринчи пикетлар¸ биринчи митинглар 1966 йилда Бекободда бўлган эди. Бу пикетни милиция ëрдамида¸ ўт ўчирувчи машиналар ëрдамида тарқатишган эди¸ дея эслайди Диловар Усмон.

Ҳали гўзал Қрим олис¸ ҳали тотор узоқларда

Қрим татарларининг бу исëни ўзбек мухолифатчиларини илҳомлантирган эди. 1989 йилда ўзбек шоири Мирза Кенжабек “Ҳали гўзал Қрим олис¸ ҳали тотор узоқларда” деган сатрларни ëзди.

Таниқли ўзбек шоири Рауф Парфи Қрим татарлари озодлик ҳаракати яширин ташкилотига¸ уларни қўллаш мақсадида аъзо бўлган эди.

2009 йилда Қримдаги Оқмачит (Симфереполь) шаҳрида татарларга бошпана берган ўзбек халқига миннатдорлик ëзувлари битилган ëдгорлик ҳам ўрнатилди.

Ҳукумат ўқларидан қочиб Руминияга келган андижонликларни илк зиëрат қилганлар ҳам Ўзбекистон сувини ичган Қрим татарлари бўлди

- Андижон воқеалари бўлганда бизнинг Қрим татарлари Руминияга бориб¸ андижонлик қочқинлар билан учрашиб¸ ошлар пишириб¸ ëрдам бердилар¸ деган эди Диловар Усмон.

Бундан 70 йил олдин ўз уйларидан Ўзбекистонга бадарға қилинган ва ҳозир яна ватан қўйнида яшаëтган Қрим татарлари “Бир кун туз ичган жойингга қирқ кун салом бериш керак” деган фикрда

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG