Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:45

Рауф Парфининг теша тегмаган гаплари


Рауф Парфининг ўлими арафасида олинган сурат.
Рауф Парфининг ўлими арафасида олинган сурат.

Вафотига 6 йил тўлган буюк шоир Рауф Парфидан нафақат ҳузун бир шеърият¸ балки кулгуга тўла ғаройиб гаплар ҳам қолди.


29 март куни ўзбек халқининг исёнкор шоири¸ на бир урфга кирган мафкура ва на ҳокимият тепасига келган шахсларга қуллуқ қилмасдан¸ миллат ва шеърга садоқатда яшаб ўтган Рауф Парфи вафот этганига 6 йил тўлди.

Шу муносабат билан Озодлик шоирнинг оғриқ ва ҳазинликка йўғрилган ижоди эмас¸ балки унинг бетакрор ҳаëт йўлидаги ҳазил-мутойибага туташ дамларга назар ташлашга уринди.


“Қуролланиб келинг”

Шоирнинг севимли рафиқаси бўлган шоира Дилором Исҳоқованинг айтишича, Рауф Парфи “қуролланган одам” иборасини кўп ишлатарди:

- Рауф ака гапларга жуда уста эди. Бир гапирган гапини баъзида тушунмасдан бирмунча ўтгандан кейин одам англаб қоларди. Баъзида кўнгли ранжиб қоларди, баъзида қотиб-қотиб кулишарди. Рауф ака жуда уста эди бунақа гапларга Худо раҳмат қилгур. Рауф Парфининг атрофида юрган одамларнинг жуда кўпчилиги билади буни, Ташавтомашда квартиранинг эшигига “Қуролланган ҳолда келинг!” ëки “Қуролланмаган одам киритилмайди!” деб ëзиб қўярди. Ëзиб ëпиштириб қўярдилар эшикка. Кейин ҳамма биларди бу вино ëки бошқа бир ичимлик бўлиши кераклигини. Қурол деб шуни айтардилар. Кейин эшикдан кирган одамга “Қуролланиб келдингизми¸ эй яхши одам” дейиларди, дейди Парфи рафиқаларидан бири¸ шоира Дилором Исҳоқова.

“Ғинг-ғинг...”

Рауф Парфи билан узоқ йиллар яшаган Дилором опа турмуш чорраҳаларида эсида қолган яна бир воқеани сўзлаб беради:

- Ғунчада яшардик квартирада. Бировникида яшардик энди у пайтда. Нимадир бўлди ўша ерда рўзғорда. Ғиди-биди гап бўлди-да энди. Мен ошхонада овқат қилаяпман. Рауф ака танбеҳ бердими, уришдими бир нарса бўлди-да. Ишдан чарчаб келган эдим. Мен “Парфи, ҳозир яна ғинг десангиз, ўзимни учинчи этаждан отиб юбораман. Тўйдим” дедим. Шу буилан унутдим бу нарсани. Овқат қилаяпман қозоннинг тепасида туриб. Бир пайтда Парфи у ëқдан бу ëққа юрибдилар "ғинг-ғинг, ғинг-ғинг". Ғинг-ғинг қилади жуда бир берилиб. Эътибор бермадим-да. Ҳайрон бўлиб қарасам, "ғинг" дейди яна. Яна тушунмай турсам, “Мен сени гапида турадиган, мард хотин деб ўйлаган эдим. Ўзинг айтдинг “ғинг” десанг ўзимни ташлайман деб. Боядан бери айтаяпман “ғинг, ғинг” деб” дейди. Мана шунақа қизиқ-қизиқ гаплари бўларди, Худо раҳмат қилгурнинг, дейди Дилором Исҳоқова.


“Ломбард”им Фарғонага кетиб қолган экан”

"Рауф Парфининг теша тегмаган гаплари жуда кўп эди" деб, эслайди ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев:

- Рауф акам жуда ажойиб инсон эди. Бирор марта у кишининг хўмрайиб, ҳалиги қилиб нолиб юрганини ҳеч эшитмаганман. 80-йилларда биз бир гуруҳ ижодкорлар ўзаро гап ердик. Ўша гаплардан бири Рауф аканикида бўладиган бўлиб қолди. Биз бордик кечки пайт. Борсак, Рауф акамнинг битта шогирди ўтирибди. Бошқа ҳеч ким йўқ. Рауф акамнинг ўзи ҳам йўқ. Ўтириб гуринг қилиб чой-пой қилиб ўтирдик. Кейин соат 11ларда Рауф акам кириб келди Дадахон ака билан. Кириб “Ўртоқлар, энди узр. Шу Ломбардим Фарғонага кетган экан. Мана ўзини етаклаб келаяпман”¸ деб Дадахон акани кўрсатди. Бир кулги кўтарилди. Ҳамма нарса эсдан чиқиб¸ яна давом эттирдик ўтиришни, дейди ёзувчи Ёқубжон Хўжамбердиев.


“Энг содда дарвеш”

Доим соч-соқоли ўсиб юрадиган, кўп вақтини журналистлар ва шоиру ёзувчилар ишлайдиган бинолар яқинидаги кафеларда ўтказадиган Рауф Парфини аксар ижод аҳли, “дарвеш” деб атарди. Хўш, нега энди дарвеш? Шоир Шукруллога бердик бу саволни:

- Унда на яхши яшашга орзу-ҳавас бўлган, на бола-чақа орттириб авлод қолдиришни ҳаттоки хаëлига келтирган эмас¸ халқ дардини ўйлаб. Бундан ортиқ шоирга яна қандай яхши сифат топиш мумкин? Одамлар унвонни ўйлайди, бойликни ўйлайди, ном чиқаришни ўйлайди. Бу нуқсонлардан холиликнинг ўзи Рауфнинг ижобий томони эмасми? Рауф ҳақида яна бундан ортиқ нимани айтиш мумкин? Рауф ўзини халқ дардига бағишлаган шоир эди. Ундан бошқа нарсани ўйлаган эмас. Туркияда бир фестивал бўлган вақтда 1000 доллар мукофот олибди Рауф. Бир хотин бунга “Мен сенга хотинлик қиламан, хизматингни қиламан. Шунга бир уй олсак, яхши бўларди. Сен ҳам жойли бўлиб қолардинг, мен ҳам” деб таниш аëл бор экан, шунинг айтганини қилиб шунинг номига бир хонали уй олиб берди. Йил ўтмасдан у хотин вафо қилмади. Рауфга индамасдан кетди қолди, Рауф яна кўчада қолди. Рассом дўстлари бўларди. Ўшаларнинг подвалларида ҳам ëтиб кун кўраверарди, дейди Шоир Шукрулло.


“Бу дунёда ўлиш қийин экан”

Адабиётшунос олим, профессор Иброҳим Ҳаққулга кўра, Рауф Парфи айтган “теша тегмаган” гаплар ҳозир ҳам адабиëт аҳли орасида айтиб юрилади:

- Энг яхши гаплари шу зерикканда “Ўлиш қийин экан” дерди-да. Мен “Нимага шошасиз. Яшайверинг” десам, “Жонга тегди ҳаммаси” дерди. “Мен ўлгандан кейин барибир мен ҳақимда бир нарса ëзасиз” дерди. “Мана тиригингизда ҳам ëзаман” десам, “Йўқ ўлгандан кейин ëзасиз. Сарлавҳасини “Автобусдаги одам” деб қўйинг” деган эди. Бу одам ҳаëтнинг устидан кулиб кетган одам аслида. Биттасига телефон қилибди. Бу ерда айтиб бўлмайди энди нимасини. Ëзувчилардан биттасига “Фалонча Турон борми? Эврил Турон” дебди. У ëқда хотин “Ким сўраяпти?” деса, “Чэврил Турон сўраяпти” дебди. Мана шунақа қизиқ, кутилмаган гаплари бўларди-да, дейди профессор Иброҳим Ҳаққул.

Мустақиллик йилларида бир қатор ўзбек шоирлари ва ёзувчилари Президент девонига ишга ўтиб кетдилар. Рауф Парфи ўша шоир ёки ёзувчиларидан бирортасини кўчада кўриб қолса, "Дўстим, сомонхонада нима гаплар?" деб, ҳазиллашар экан.

Ўз исмини ошкор этмаган бир шоирнинг айтишича, мустақилликнинг илк йилларида коммунистик партияни куйлаган бир шоир чет элга бориб келгандан сўнг бир йиғилишда, "мени асарларимни у ерда роса ўқишар экан, сиз ўзбек миллатининг отасиз, дейишди", деб гапирганда, шу йиғилишда тасодифан иштирок этаётган ёнида ўтирган шоирни қулоғига пичирлабди: "Агар миллатни отаси шу бўладиган бўлса, онасидан мен воз кечдим!"

Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг эслашича, агар Рауф Парфи кимларгадир телефон қилса, нариги ёқда "Кимсиз?" сўроғи янграса "Рауф Парфи деган девонаман" деб қўяркан. Ҳақиқатдан у девона - шеър ва ишқ йўлидаги савдойи инсон эди.

"У ҳамма нарсасини оз-оздан йўқота бошлади: уйини, аёлларини, пулини, дўстларини, шогирдларини. Охир-оқибат ўзи ҳам биздан узоқ-узоқларга йўқолиб кетди. Лекин унинг сиймосини ўйласанг ич-ичинг ёришгандек туюлади. У ажойиб ва ғаройиб, гўзал, ниҳоятда гўзал, гуноҳларини тутдек тўккан инсон эди", деб ёзади Рауф Парфининг яқин шогирдларидан бири¸ шоир Баҳром Рўзимуҳаммад.
XS
SM
MD
LG