Линклар

logo-print

Эрон уламолари 6 яшар қизчанинг зўрлаб ўлдирилишини Telegramдан кўрмоқда


Эронда зўрлаб ўлдирилган 6 яшар Ситаеш Қурайший

Эронда зўрлаб ўлдирилган 6 яшар Ситаеш Қурайший

Эрон диндорлари шу ой бошида Теҳронда зўрланган 6 яшар афғон қизчасининг ўлимига ижтимоий тармоқлар, хусусан, Telegram тармоғини масъул кўрмоқда. Айбловга кўра, 9 апрель куни 15 яшар эронлик ўсмир қизчани зўрлаб, ўлдирган ва жиноятини яшириш учун жасадга сирка пуркаб юборган. Қотилликдан сўнг Эронда норозилик кучайди ва тармоқларга ёпишган консерватив уламолар вазиятни ўз фойдасига бураётганликда айбланди.

Эрондаги ультра-консерватив диндорлар позициясини тарғиб қилиб келаётган Rajanews.ir агентлиги ҳодиса ҳақида берган шарҳида: "Порнография сайтлари ва Интернет эркинлиги бўлганидан кейин вояга етмаган бола осонгина СИМ карта сотиб олиши ва бундай материалларга киравериши мумкин. Мана бугун бунинг натижасидаги аччиқ фожеага гувоҳ бўлиб турибмиз", деб ёзди.

9 апрель куни содир этилган қотиллик мамлакат жамоатчилиги ва бу давлатдаги миллий озчиликлар орасида норозиликларга сабаб бўлди.

Иддаога кўра, ўша куни 15-16 ёшлардаги ўсмир қизчани аввалига зўрлаган, сўнгра ўлдириб, унинг жасадига сирка пуркаган. Полиция бу ўсмирни қўлга олгани ва у дастлабки сўроқдаёқ жиноятни бўйнига олгани айтилмоқда. Аммо, жасад экспертизаси натижаси ҳали расман эълон қилингани йўқ.

Эрондаги "Инқилоб поспонлари"га қарашли бўлган Rajanews агентлиги эса ўсмирни бу жиноятга турткилаган омил - Telegram тармоғидир мазмунида тарқатган баёноти билан норозиликни янада кучайтирди.

Агентликнинг ёзишича, бу ўсмир мобил телефони орқали ижтимоий тармоққа уланган ва порнографик сурат, видеолар тарқатувчи гуруҳларга аъзо бўлган.

"Вояга етмаган 15 ёки 16 яшар бола андроид телефонини сотиб олган ва унга Telegram дастурини ўрнатган. Шу билан порнография каналлари денгизига шўнғиган. Ана шу денгиз унинг қонини қайнатган", деб ёзди агентлик.

Агентлик номидан ушбу шарҳни жамоатчиликка очиқлаган уламолар наздида бу ваҳший қотилликни содир этиши учун ўсмирга тармоқдаги порнографик маълумотнинг ўзи етарли бўлган.

Telegram ижтимоий тармоғи Эронда фильтрдан ўтказилмайдиган ва тақиқланмаган тармоқлардан биридир. Шу боис, у мамлакатда жуда оммалашиб кетган. Эрондаги талабалар ҳаётини ёритувчи агентлик сўровига кўра, аҳолининг чорак қисми, бошқача айтилса, 20 миллион эронлик ҳозир шу дастурдан фойдаланмоқда.

Уламолар наздида ўлимига ана шу тармоқ сабаб бўлган қизча - Ситаеш Қурайшийга нисбатан ваҳший қотиллик Эроннинг фаол қатламини ларзага солди. Айниқса, бу жиноят ҳақида аввалига мамлакат расмий матбуоти умуман хабар бермагани норозилик оловига мой пуркади.

Натижада, Қурайший ҳимоясига қаратилган акциялар яна ижтимоий тармоқларни тўлдирди. Теҳрон кўчаларида эса қизчанинг акси туширилган граффити суратлари кўпайди. Суратлар остига "Мен Ситаешман" сўзлари битилган.

Бундан ташқари, Telegram ва Facebook ижтимоий тармоқларида #Мен Ситаешман, # СитаешҚурайший акциялари бошланиб кетди. Хусусан, Facebook тармоғида қизча хотираси учун очилган саҳифа қисқа муддат ичида 10 минг аъзога эга бўлди ва яна минглаб тармоқ фойдаланувчилари орасида тарқатилди.

Бундан ташқари, Афғонистоннинг Теҳрондаги элчихонаси ёнида тинч норозилик акциясини ўтказган афғонларга ўнлаб эронликлар ҳам қўшилди.

Ҳозирча Эрон куч ишлатар тузилмалари қизчани ўлдирган қотил тўлиқ жазосини олишини ваъда қилмоқда.

Бу қотиллик Эронда яшаётган 1 миллионга яқин афғоннинг ҳаётини яна бир марта кун тартибига олиб чиқди. Бу афғонларнинг аксарияти йиллар давомида исломий республикада турли таҳқирларга учраётгани ва адолат топа олмаётганидан шикоят қилиб келади.

Қурайшийлар оиласи адолатни қарор топтириш учун ҳозирданоқ Афғонистон президентига юзлангани ҳақида Кобулда чиқадиган Tolo News агентлиги хабар тарқатди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG