Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 09:24

Уссурийскда 900 хорижлик қайдга олинган “резина квартира” фош этилди 


Россиянинг Уссурийск шаҳрида 900 га яқин муҳожирни ўз уйига регистрация қайдидан ўтказган аёл маҳкамага тортилди. Маҳаллий полиция расмийларига кўра, аёл жорий йилнинг март ва апрель ойларида муайян миқдордаги пул эвазига ўз уйига 893 муҳожирни рўйхатга қўйган.

“Аёлнинг яшаш жойига ноқонуний равишда рўйхатга қўйилган хорижликлар Ўзбекистон, Хитой, Тожикистон, Озарбайжон ва Қирғизистон ватандошлари бўлган”, деб маълум қилди Приморье ўлкаси полицияси.

38 яшар аёл Россия Жиноят коддексиниг 322- моддаси, 3- банди (хорижий ватандошларни қалбаки қайдга кўйиш) бўйича жавобгарликка тортилган. Россия қонунчилигида ушбу модда бўйича уч йилгача қамоқ жазоси белгиланган.

Ўтган йилнинг май ойида Россияда Федерал миграция хизматининг собиқ раҳбари Константин Ромодановский президент Владимир Путинни 2015 йилнинг охирига қадар мамлакатда “резина квартиралар” муаммоси ҳал этилишига ишонтирган эди.

Россия матбуотида турли шаҳар-қишлоқларда хорижликларни ўз уйига ноқонуний қайддан ўтказган Россия фуқароларининг маҳкамага тортилганига оид мақолалар тез-тез чоп этилади.

Бироқ усурийсклик 38 ёшли уй бекаси ўз уйига қарийб 900 нафар хорижийни ноқонуний қайдга қўйиши билан, Россияда рекорд қўйгани айтилмоқда. Уссурийскдаги каби ноқонуний қайдга қўйилганлар орасида Ўзбекистон ватандошлари ҳам кам эмас.

“Резина квартира”дан ким манфаатдор?

Иванова вилояти ўзбеклар жамиати лидерларидан бири Салимжон Амировнинг фикрича, “резина квартиралари”ни йўқ қилишдан айрим ҳуқуқ-тартибот органлари манфаатдор эмас.

- Миграция идорасидаги Россия раҳбарлари қайси уйларда “резина квартиралар” борлигини яхши билишади. Ўзларига яқин кишилар “бундай резина квартиралари”ни ташкил этишлари мумкин. Бошқалар учун мумкин эмас. Чунки бу ерда миграция идорасига яқин кишиларни манфаати туради. Лекин бизни Ивановада бундай эмас. Бу ерда “резина квартиралар” жуда кам учрайди” дейди Салимжон Амиров.

Россия миграция қонунчилигида, мамлакат ҳудудида чет эллик фуқаро ўзи яшаётган уйда қайдда туриши талаб этилади. Аксар меҳнат муҳожирлари ўзлари яшаётган уйда қайддан ўтиш имкониятига эга эмас.

“Кўпчилик марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари учун бу жуда мушкул масала”- дейди ҳозирда Москва вилоятида яшаётган ўзбекистонлик қурувчи Собиржон.

- Хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ватандошлари ўзлари ижарада турган квартира ё уйда қайдда туришлари жуда қийин. Уй эгалари ижарага беришади, лекин регистрация қилишдан қўрқишади. Ҳатто уй эгасига “қайдга қўйганинг учун ошиғи билан пул тўлайман” десангиз ҳам кўнишмайди. Ижарада туришади, лекин регистрациялари бошқа жойда. Муҳожирлар уйга келганда полиция кечаси келиб ҳужжатларни текширади-да, идорасига олиб бориб, жарима солади. Агар ана шундай, икки марта жарима солинса, у шахснинг Россияга киришига “запрет”, яъни тақиқ қўйилади. Умуман Россия миграция қонунлари, борган сари кескинлашмоқда, қўпол қилиб айтганда “муҳожирларни пичоқсиз сўйишаяпти”. Кўринишидан миграция амалдорлари бундай қаттиққўл амаллари билан бизларни Россияда чиқариб юборишмоқчи. Лекин мени фикримча, бизни халқ чиқиб кетмайди”- деди Собиржон.

Ҳозирда норасмий ҳисоб-китоблар бўйича, Россияда 4 миллилонга қадар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлигида кун кечирмоқда. Россия миграция идорасига кўра Россияда 2 миллионга яқин Ўзбекистон ватандоши меҳнат қилади.

XS
SM
MD
LG