Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:58

Президент Каримовнинг тилаги ярим ушалди: Бектемир кумуш медалга сазовор бўлди


Рио Олимпиадасининг 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги финал учрашувда ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев Куба вакили Арлен Лопезга мағлуб бўлиб, кумуш медалга соҳибига айланди. Ўтган йил Бектемир Мелиқўзиев билан учрашган Ўзбекистон президенти унга “сен албатта чемпиона бўлишинг керак”, дея тилак билдирган эди.

Рио Олимпиадасининг 75 килограммгача бўлган боксчилар ўртасидаги финал учрашувда ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев Куба вакили Арлен Лопезга енгилиб, кумуш медалга сазовор бўлди.

Ўта шиддатли ўтган муштлашув сўнгида уччала ҳакам ҳам ўрта вазндаги боксчилар ўртасида жаҳон чемпиони 23 яшар Арлен Лопезни ғолиб деб топди.

Айнан шу кубалик боксчи ўтган йил октябрида Доҳада ўтган Жаҳон Чемпионати финалида 20 яшар Бектемир Мелиқўзиев устидан ғалаба қозонганди.

Икки иқтидорли боксчига ярим финалда мағлуб бўлган озарбайжонлик Камран Шахсуварли ва мексикалик Мисаел Родригес бронза медаллари билан тақдирланди.

Президент тилаги

Доҳада ўтган Жаҳон Чемпионати финалидан кўп ўтмай Бектемир Мелиқўзиев билан учрашган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов унга “сен албатта чемпион бўлишинг керак”, дея тилак билдирган эди.

“Бектемир болам, билим қўй, мен битта нарсани тилайман, халқимиз шуни тилайди: мана бу бизларни кутадиган 2016 йилги Олимпия Ўйинларида сен албатта чемпион бўлишинг керак!” деб айтганди Ўзбекистон президенти.

Қўқон бокс мактаби тарбияланувчиси Бектемир Мелиқўзиев 10 ёшидан бошлаб бокс билан шуғулланади.

Бектемир Мелиқўзиев 2015 йилда Осиё Чемпиони бўлганди.

Дунёдаги кўплаб бокс шарҳловчилари Бектемир Мелиқўзиевни Олимпиададаги энг иқтидорли боксчилар қаторига киритди.

Тарихий кўрсаткич

Бектемир Мелиқўзиев эришган кумуш медал ҳисобга олинганда, Ўзбекистон боксчиларининг Рио Олимпиадасида тўплаган медаллари сони ҳозиргача бештага етди.

Битта олтин, иккита кумуш ва иккита бронза медал билан тақдирланган ўзбекистонлик боксчилар, умумжамоа натижаларига кўра, кубалик рақиблари ортидан иккинчи ўринда бормоқда.

Ҳозиргача Франция ва Қозоғистон боксчилари ҳам айни натижани қайд этган.

Ўзбекистон бокси ҳозирга қадар Олимпиада ўйинларида бундай яхши кўрсаткични қайт этмаган.

Якшанба куни Рио Олимпиадасида бокс мусобақаси ниҳоя топади.

Ушбу мусобоқанинг сўнгги кунида яна тўртта жуфтлик ўртасида олтин медал соҳиби аниқланади.

Икки финал учрашувда ўзбекистонлик боксчилар рингга чиқади: 52 килограмгача бўлган вазнда Шахобиддин Зоиров россиялик Мишан Алоянга, 64 килограмгача бўлган вазнда Фазлиддин Ғойибназаров озарбайжонлик Лорензо Сотомайор Коллазога қарши жанг қилади.

Агар ўзбекистонлик боксчилар иккала учрашувда ҳам ғалабага эришсалар, Ўзбекистон умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаши муқаррар.

XS
SM
MD
LG