Линклар

Кремль Москвада калтакланган АҚШ дипломати жосус эканлигини иддао қилди


Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова

Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Москвадаги элчихонасида соқчи билан муштлашган америкалик дипломат жосус бўлганини иддао қилди. Кейинги пайтда АҚШ ва Россия бир-бирини дипломатларга номақбул муомала қилишда айблаб келади.

Озодлик радиосига интервью берган АҚШ расмийсининг билдиришича, америкалик дипломат 6 июнь куни Москвадаги элчихона олдида соқчи билан жанжаллашган, натижада унинг елкаси синган.

Дипломатга ҳужум қилган шахснинг элчихона ҳимояси ва назорати билан шуғулланиб келаётган Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходими бўлгани айтилмақда. Шу боис АҚШ дипломати жосус деб топилиб, атайин мўлжалга олинган, деган фикр пайдо бўлди. Бу ҳодиса ҳақида биринчи бўлиб The Washington Post хабар берди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова 30 июнь куни соқчи дипломатни ҳужжатларини текшириш учун тўхтатганини, бунга жавобан дипломат соқчининг юзига мушт тушириб, элчихона томон югурганини айтди.

Келиб чиққан муштлашув давомида номаълум шахс соқчини итариб юборган ва элчихонага кириб кетган.

“Ўша одамнинг МРБ [АҚШ Марказий разведка бошқармаси] агенти бўлгани ҳаммага маълум. У кечаси разведка амалиётини амалга ошириб, кўринишини ўзгартирган ҳолда элчихонага қайтган бўлган”, деди Захарова.

Захарова яна дипломатнинг елкаси сингани ҳақидаги хабарлар “фантастика” эканлигини айтиб, соқчи Россия полицияси ходими бўлганини қўшимча қилди.

“Америкаликлар қоровул ўз ишини қунт билан бажаргани учун раҳмат айтиши керак”, дея сўзини давом эттирди Захарова.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси матбуот котиби бу ҳол юзасидан юборган мактубимизга ҳали жавоб бергани йўқ. МРБ матбуот котиби эса изоҳ беришдан бош тортди.

Хабарларга кўра, кейинги ой давомида Москвадаги АҚШ дипломатларини йўл полицияси ходимлари бир неча ўн марта тўхтатган. Дипломатларнинг кичик қонунбузарликларига кўз юмувчи Москва учун бу одатий ҳол эмасдир.

Москвадаги элчихона матбуот котиби ҳафта бошида уйига келиб тамаки қолдиқларини топганини айтди. Яна бир расмий уйига қайтганида сув крани очиқ қолдирилганини кузатганини билдирди.

XS
SM
MD
LG