Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:51

Ўзбекистонлик 16 яшар ўсмир ўз гўдагини 2300 долларга сотганликда айбланмоқда


Москва вилоятининг Люберци шаҳрида янги туғилган чақалоқни сотаётган ва сотиб олаётган аёллар ушланди. Полиция 16 яшар ўзбекистонлик "сотувчи" аёл 150 минг рублга ўз боласини самаралик аёлга пулламоқчи бўлганини билдирди.

Жорий йил 10 август куни Люберци шаҳри ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари янги туғилган чақалоқни сотиш масаласида келишиб олган икки аёлни ҳибсга олди.

Россия Тергов қўмитасининг Москва вилояти бўйича бошқармаси “сотувчи” бўлиб чиққан чақалоқнинг онаси – 16 яшар Ўзбекистон ватандоши эканини хабар қилди.

- Тергов маълумотларига биноан, 2016 йилнинг февралида ҳомиладор бўлган вояга етмаган аёлда туғилажак болани бошқа оилага пуллаш ғаразли нияти пайдо бўлади. Бунинг учун у Интернет тармоғида тегишли эълон қолдиради. Бу эълонга кўзи тушган 22 ёшли самаралик аёл болани сотиб олишга розилик беради. Тортишувлардан кейин чақалоқ 150 минг рублга “баҳоланади”, деди Тергов қўмитаси вакиласи Ольга Врадий Озодликка.

Бола туғилиши биланоқ - 10 август куни - Самарадан келган 22 ёшли аёл келишилган пулни ўзбекистонлик 16 яшар аёлга топширади. Шундан кейин икковлон кузатув олиб бораётган оператив ходимлар томонидан қўлга туширилди.

Чақалоқ тиббий кўрик учун шифохонага юборилди.

Болафуруш ўзбекистонлик аёл ва россиялик “харидор” жиноий жавобгарликка тортилди: уларга нисбатан Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 127.1 моддаси 2 қисми – “Одам савдоси” асосида жиноят иши очилди.

Озодликка ҳозирда иккала аёл яшаш жойини тарк этмаслик тилхати асосида полиция бўлимидан қўйиб юборилгани маълум бўлди. Айбланувчилар ўз айбига иқрор бўлгани айтилди.

Терговчилар боласини 150 минг рубл(~2300 АҚШ долл.- таҳр.)га баҳолаган “тадбиркор” ўзбек қизи бирор ножўя ҳаракат қилаётганини англамаган кўринади, демоқда. Аниқланишича, фарзандини сотиш тўғрисидаги эълон остида у ўз исми-шарифини қолдирган.

Ўзбекистонлик бу аёл ҳам набирасини пулламоқчи бўлганида ҳибс этилган
Ўзбекистонлик бу аёл ҳам набирасини пулламоқчи бўлганида ҳибс этилган

Болафуруш муҳожирлар сони камаймаётир

Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз фарзандларини сотишга уринишлари билан боғлиқ воқеалар аввал ҳам учраган. Аммо, деярли барча болафуруш муҳожирлар қўлга тушиб, жиноий жавобгарликка тортилаётганига қарамасдан, ўз боласини пуллашга шошилаётганлар сони камаймаётир.

2016 йилнинг 31 мартида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида олти ойлик чақалоғини 800 минг рублга пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик 33 яшар Гавҳар А. жиноий жавобгарликка тортилганди.

Россиянинг Москва вилоятида ўз чақалоғини сотишга уринган ўзбекистонлик аёл ҳибсга олинди. Россия матбуотининг хабар қилишича, Москва вилояти Долгопрудний туманида қўлга олинган аёл уч ойлик чақалоғини 70 минг рублга (тахминан 1130 АҚШ доллари) бошқа бир ўзбекистонликка пуллашга уринган.

Тергов ходими 2014 йилнинг мартида Петербургда 22 яшар ўзбекистонлик Сайлигул Нуралиева янги туғилган ўғлини сотиш пайтида бу савдога ëрдам берган 29 яшар тожикистонлик Азиза Давурова билан бирга қўлга олинганини эстлатди. Тўрт кунлик болани 25 минг рублга сотмоқчи бўлган муҳожир аёллар пулни регистрациядан ўтиш учун ишлатмоқчи бўлганини билдирган.

Шу йилнинг 27 февралида Озодлик радиоси ўзбекистонлик она-бола янги туғилган чақалоқни Петербургда 80 минг рубль эвазига сотишга уринганида қўлга олингани ҳақида хабар берган эди. Шу тариқа 50 ёшли бу аёл никоҳсиз ўғил туққан 24 ёшли қизини “шармандалик”дан халос қилмоқчи бўлганини терговчиларга айтган.

2015 йилнинг февралида 2 кунлик чақалоғини 6 минг долларга баҳолаган 38 яшар ўзбекистонлик Баҳронова оператив ходимлар томонидан ушланган эди. У Россияда бола туққанини Ўзбекистонда қолган эри ва тўрт нафар фарзандидан яширмоқчи ва боз устига даромад олмоқчи ҳам бўлганини гапириб берган.

Жумладан, яқинда Москва вилоятида уч ойлик чақалоғини 70 минг рублга (тахминан 1130 АҚШ доллари) пуллашга уринган ўзбекистонлик Гулнора Ҳошимова 5 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари томонидан ўз фарзандларини сотиш ҳолатлари Россиянинг бошқа шаҳар ва ўлкаларида ҳам қайдга олингани тўғрисида Озодлик хабар бериб келади.

XS
SM
MD
LG