Линклар

Россиядаги баъзи ахборот агентликларининг махсус хизматлардаги манбаларга таяниб хабар беришларича, махсус хизматлар "Исломий давлат" гуруҳи жангариларининг Москвада террорчилик ҳужумларини содир этиш режалаларини аниқлаганлар.

Россия матбуотига гўёки Суриядан келиб, Москва марказидаги филармонияни портлатмоқчи бўлган "террористлар ҳақидаги маълумотлар" сиздирилган.

Уларда ИШИД П. И. Чайковский номидаги концерт залида террорчилилик ҳужумини тайёрлаётгани таъкидланади.

"Гарик" исмли террорчи бошчилик қилган тўдада Абдулло Абдурраҳмон ва Шаҳзод Бердиев исмли Ўзбекистон фуқаролари бор, дея хабар беради Россиядаги айрим ахборот агентликлари махсус хизматлардаги манбага иқтибосан.

"Террористлар ҳақидаги маълумотлар"да шунингдек жангариларнинг ҳужум пайтида ўзларини портлатиб юборишни режалаштиргани таъкидланган.

Терактлар гўёки июнь ойига белгилангани алоҳида қайд этилган.

Ҳозирда Федерал хавфсизлик хизмати концерт зали атрофида хавфсизлик чораларини кучайтиргани хабар қилинади.

Россия матбуотида Москва марказида гўёки террорчилик амалига тайёргарлик кўрилаётгани борасида қўшимча маълумот берилмаган.

Озодлик ушбу хабарларни мустақил манбалардан тасдиқлата олмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG