Линклар

logo-print

Россияликлар ўз миллий футбол терма жамоасини тарқатиб юборишга чақирмоқда


Футбол бўйича Россия терма жамоаси мураббийси Леонид Слуцкийнинг ЕВРО-2016 мусобақаси доирасида россиялик ва словакиялик футболчилар ўртасида бўлиб ўтган ўйинга реакцияси, Франция, 2016 йил 15 июни.

Футбол бўйича Россия терма жамоаси мураббийси Леонид Слуцкийнинг ЕВРО-2016 мусобақаси доирасида россиялик ва словакиялик футболчилар ўртасида бўлиб ўтган ўйинга реакцияси, Франция, 2016 йил 15 июни.

Боши можародан чиқмаётган Россия миллий терма жамоасининг таркибини бутунлай ўзгартиришга чақирувчи онлайн арзни 100 мингдан зиёд одам имзолади. Россияликлар 2018 йил мамлакатларида жаҳон чемпионати бошлангунига қадар ўз миллий терма жамоалари яхшиланишини истайдилар.

Россия терма жамоаси Францияда бўлиб ўтаётган Евро-2016 футбол чемпионатида яхши иштирок эта олмади. Жамоанинг камида икки аъзосининг Монте-Карлода катта маблағ сарфлаб, ҳордиқ чиқаргани эса россияликларни янада ғазаблантирди.

YouTubeга юкланган видеода ҳужумчи Александр Кокорин ҳамда ярим ҳимоячи Павел Мамаевнинг қимматбаҳо тунги клубда жуда қиммат турувчи Armand de Brignac шампанини ичиб, ҳордиқ чиқараётгани тасвирланган.

Президент Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков бу ҳолни “уятсиз манманлик”, дея таърифлади. Давлат телеканалари ҳам футболчиларни танқид қилди.

Онлайн арз Россия Евро-2016 чемпионатини шармандаларча тарк этганидан кейин очилди. Чемпионатда Россия биттагина балл қўлга киритди ва бирорта ҳам ўйинда ғалаба қозонмади. Россия терма жамоаси Англия билан дуранг натижа кўрсатди, Словакия ва Уэльсга эса ютқазди.

Change.org сайтида бошланган арзда: “Биз фахрланишни хоҳлаймиз, уялишни эмас”, дейилади. Арзни 7 июлнинг иккинчи ярмига келиб 120 мингга яқин одам имзолади. Арзда терма жамоани тарқатиб юборишга ҳамда янги форма танлашга чақирилган.

Арзни қўллаётганлар жамоани тарқатиб юбориш орқали тежаш мумкин бўлган маблағни янги спорт иншоотлари қуриш ҳамда кейинги авлод футболчиларни тайёрлашга сарфлашга чақирмоқдалар.

“Янги йил арафасида мўъжиза кутган ёш болалар каби россияликлар ҳам мўъжиза кутмоқда. Лекин бу мўъжиза, неча ўн йилдирки, рўй бергани йўқ”, дейилади онлайн арзда.

Совет Иттифоқи 1960 йилги УЕФА Европа чемпионатида ғалаба қозонган. 1964, 1972 ҳамда 1988 йилларда эса иккинчи ўринни қўлга киритган. Аммо Совет Иттифоқи тарқаганидан бери Россия бирор марта ҳам финалга чиқолгани йўқ.

Россия спорт вазири Виталий Мутко 6 июль куни сентябрь ойидан бошлаб рус терма жамоасига янги ўйинчилар келишини, улар ўта қобилиятли бўлмаса ҳам, мамлакат учун ўйнашга иштиёқи баланд эканлигини айтди.

Президентлигининг учинчи муддатини ўтаётган Путин ватанпарварлик ўта муҳим эканлигини таъкидлаб, россиялик спортчиларни ўз ватанлари қизиқишларини шахсий қизиқишларидан олдинга қўйишга чақириб келади.

Кокорин ва Мамаев Монте-Карло тунги клубида ҳеч бир ёмон иш қилишмаганини таъкидлашмоқда. Россия матбуотига кўра, икки футболчи клубда спиртли ичимликлар ва кўнгилочар хизматлар учун 250 минг еврога яқин пул сарфлашган. Футболчиларнинг ўзлари эса пулни ҳордиқ чиқаргани борган бошқа шахслар тўлаганини иддао қилишди.

Том Балмфорт мақоласи

XS
SM
MD
LG