Линклар

Россияда ноқонуний юрган муҳожирларни авф этиш таклиф қилинди


Ўзбекистонлик муҳожирлар

Ўзбекистонлик муҳожирлар

Россия президенти идораси қошидаги Миллатлараро Муносибатлар Кенгаши мамлакатда ноқонуний юрган меҳнат муҳожирларини амнистия этиш таклифини илгари сурди. Кенгаш ушбу таклифни ноқонуний миграцияни олдини олишга қаратилган чора сифатида кўрмоқда.

Янги таклифнинг тез орада Россия ҳукуматига оширилиши кутилмоқда.

Агар афв таклифи қабул қилинса, Россияда ноқонуний яшаётган бир неча миллион хорижлик, жумладан юз минглаб ўзбекистонлик легал ҳолатга ўтади.

Афв ўзбекка нима беради?

Нижний Новгородда меҳнат қилаётган ўзбеклар

Нижний Новгородда меҳнат қилаётган ўзбеклар

Амнистия таклифининг ижобий ҳал этилиши, Россияда юрган миллионга яқин ўзбекистонлик муаммосини ҳал этиши мумкин.

Россия миграция идораси ҳисоб китобига кўра, 870 мингдан ортиқ ўзбекистонлик ўз вақтида Россия ҳудудини тарк этмаган, яъни кириш-чиқиш тартибини бузган ҳолда кун кечирмоқда.

Москва вилоятида ҳайдовчилик қилаётган Фарҳоднинг айтишича, афв берилиши Россиядаги ўзбекистонликларнинг "кўкрагига шамол тегишига умид уйғотади".

"Патент қиммат, ишлаган пулимиз баъзида ҳатто патент тўлашга ҳам етмайди. Ўз вақтида патент пулини беролмаган, регистрация қилолмагани учун запретга тушган ўзбек-тожиклар жуда кўп. Яна бирор арзимаган нарса, мисол учун, кўчада қаттиқроқ кулган ёки гапирганинг учун полиция тўхтатиб, ҳужжат сўрайди. Бирор баҳона топиб, пул сўрайди. Пул бермаганларга жиноят содир қилди, деб запрет қўяди. Бундай ҳоллар Россияда ҳар қадамда учрайди. Шунинг учун а амнистия жуда керак," дейди Фарҳод .

Россияга ким керак?

Путин миграция соҳаси ислоҳ этилишини истайди

Путин миграция соҳаси ислоҳ этилишини истайди

Россия президенти Владимир Путин июнь ойида қилган чиқишида мамлакат куч ишлатиш тизимларини миграция соҳасидаги қонунбузарликларга қарши жиддий чора кўришга чақирди.

Шу билан бирга Владимир Путин Россия учун қандай муҳожир кераклигини эслатиб ўтди.

“Барча тадбирлар тўғри ва ҳалол одамлар, муҳожирларнинг Россияда яхшироқ адаптация бўлишларига қаратилган. Россия қадимдан муҳожирлар учун исталган мамлакат бўлиб келган. Ва биз Россия қонунларини, маданиятини, анъаналарини ва тилини ҳурмат қилишга ҳамда ҳалол ишлашга тайёр бўлган инсонлар учун очиқмиз," деди президент Владимир Путин.

Афв кимга мўлжалланган?

Миграция масалалари бўйича Кенгаш коммиссияси тайёрлаган амнистия таклифи Россияда сохта ёки муддати ўтиб кетган ҳужжатлар билан юрган муҳожирларга мўлжалланган.

Авф қароридан фойдаланиш учун ноқонуний муҳожир аввал белгиланган жаримани тўлаши ва Россия қонунларга риоя қилиш шартини қабул қилиши лозим.

Агар қоннуни бузиш яна такрорланса, унда муҳожирнинг Россияга киришига тақиқ қўйилади.

Афв нега керак бўлиб қолди?

Светлана Ганнушкина афв зарурлигини кўп йиллардан буён айтиб келади

Светлана Ганнушкина афв зарурлигини кўп йиллардан буён айтиб келади

Олдинроқ афв таклифи билан қатор инсон ҳуқуқларини ҳимоя этувчи ташкилотлар вакиллари муваффақиятсиз уринишлар қилганди.

Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Озодлик билан суҳбатда Россия миграция қонунчилигининг кескинлиги ноқонуний муҳожирлар сонини камайтириш ўрнига, аксинча кўпайтириб юборганини айтди.

Албатта, биз амнистия қўлланишини дастаклаймиз. Чунки бу кўп сонли сарсон-саргардон юрган инсонларни қонунийлаштиради, уларни жиноий тизимларга кириб қолишларини камайтиради. Россия давлати бундай бўлишидан манфаатдор, деб ўйлайман. Муҳожирларининг қонунбузарликка йўл қўйишларига кўпинча Россиядаги шароит ва муҳит ва уларга бўлган муносибатундайди," дейди Светлана Ганнушкина.

Ҳуқуқ фаоли фикрига кўра, визасиз режим, унинг таъбирича, “Кремель қўлидаги суистеъмол қуролига айланган".

"Бир томондан Москва МДҲ ватандошларига нисбатан виза киритмаслик билан ўзини олийҳиммат қилиб кўрсатса, бошқа томондан, визасиз тартиб билан келаётган муҳожирларга катта қийинчилик яратади,” дейди Ганнушкина.

Амнистиядан то шу пайтгача фақат қирғизистонлик муҳожирлар баҳраманд бўлган.

Авф таклифи Россияда сўнги 20 йил давомида бир неча маротиба муҳокима этилган, бироқ кенг кўламда бирор марта ҳам ижобий ҳал қилинмаган.

Фақат 2015 йил ёзида Бишкек ва Москва Россия миграция қонунчилигини бузган ва Россия ҳудудига кириши тақиқланган қирғизистонликларга нисбатан амнистия қўлланишига оид ҳужжат имзолади.

Ушбу шартнома Россияда ноқонуний яшаёткан 190 минг Қирғизистон ватандошининг қонуний истиқомат қилишига йўл очди.

Миграция хизмати ҳисоб-китобига мувофиқ, Россияда ҳозирда 2,5 дан 3 миллионгача, айрим экспертлар фикрига кўра, 5 миллионга яқин ноқонуний муҳожирлар кун кечиради.

Расмий маълумотларга кўра, Россияда 1 млн 700 минг нафардан ортиқ ўзбекистонлик бор.

Россия ҳудудида сон жиҳатдан ўзбеклар Украина ватандошларидан кейин иккинчи ўринда туради ва хорижликларнинг 18 фоизини ташкил этади.

XS
SM
MD
LG