Линклар

Россияда ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳа Ўзбекистонга ички сотув нархларида берилади. Икки давлат расмийлари ўртасидаги келишувга биноан, ҳозирда Тошкент сотиб олинаётган қурол-яроғнинг миқдори ва турлари бўйича буюртмага ҳозирда аниқлик киритмоқда.

Ўзбекистон Россиянинг ички қисми?

Тошкент ва Москва ўртасида эришилган келишувга мувофиқ¸ Ўзбекистон Россия қуролларини бу мамлакат ичкарисида ўрнатилган нархлар асосида сотиб олади.

REGNUM ахборот агентлигининг Ўзбекистон Мудофаа вазирлигидаги манбасига таяниб хабар қилишича, ҳозирда Тошкентда буюртма тафсилотларини аниқлаштириш ишлари бормоқда.

"Қурол-яроғнинг сотув нархи Россия армиясига сотилаётган нархлар асосида ўрнатилади. Республикага зарур бўлган ҳарбий яроқ-аслаҳанинг миқдори ва тури бўйича аниқлик киритилмоқда", дейилади агентлик хабарида.

Россиядан қурол сотиб олиш баробарида расмий Тошкент сўнгги йилларда бу мамлакатда таҳсил олаётган ўз ҳарбий офицерлари сонини ҳам оширмоқда. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, биргина 2015 йилнинг ўзида Россия Федерациясида 3000 дан зиёд ўзбек офицери малака ошириб қайтган.

Владимир Путиннинг 2014 йил 10 декабрида Тошкентга қилган ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Россия ўртасида 2015-2019 йилларга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик келишуви имзоланган эди. Унда Россия ҳарбий саноати маҳсулотларини Ўзбекистонга қисман кредитлаш асосида етказиш ҳам кўзда тутилган. Шунингдек, келишувда келаси 5 йил ичида Россия ҳарбийларининг Ўзбекистон қуролли кучларини модернизация қилиш ва қайта ускуналашдаги ролини ошириш ҳам алоҳида қайд этилган.

АҚШ Афғонистондан чиқарилган “Hummer”ларини Ўзбекистонга берган эди

АҚШ Афғонистондан чиқарилган “Hummer”ларини Ўзбекистонга берган эди

Айни пайтда Ўзбекистоннинг АҚШ ва НАТОга аъзо бўлган давлатлардан ноҳарбий аслаҳа сотиб олишни ҳам фаоллаштираëтгани айтилмоқда.

Strategic Defense Intelligence консалтинг ширкати олдинроқ эълон қилган ҳисоботда 2020 йилга бориб Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий сарф-харажатлари 9,5 фоизга ошиши ва йилига 3,4 миллард долларга етиши айтилган эди. Ҳисоботга кўра¸ 2010-2014 йиллар давомида Ўзбекистон ҳукумати ҳарбий-саноат комплексига бўлган харажатларни қарийб 12 фоизга ошириб, уни 2,4 миллиард долларга етказган.

Айни пайтда, қўшни Қозоғистон ҳам Россия билан ҳарбий соҳада ҳамкорлигини кенгайтирмоқда. Яқинда Назарбоев ҳукумати 600 миллион долларга Россияда ишлаб чиқарилган ҳарбий-жангjвfр вертолёт сотиб олиш бўйича Москва билан келишувга эришди.

Тошкентга бунча қурол-яроғ нимага керак?

2016 йил апрель ойида Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳарбий маҳсулотларнинг учинчи давлатларга экспорти тўғрисида ҳужжат имзолаган эди.

Айрим ҳарбий мутахассислар¸ бу келишув ортида Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан чегаралари хавфсизлигини таъминлаш мақсади ëтганини тахмин қилган эди.

Аммо Москвадаги Болқон¸ Кавказ ва Марказий Осиё тадқиқотлар маркази директори Артём Улунян Озодлик билан суҳбатда Ўзбекистондаги ҳарбий ислоҳотларни Афғонистондаги мураккаб сиёсий вазият билангина боғлаш мумкин эмаслигини айтади:

Таҳлилчи Артём Улунян

Таҳлилчи Артём Улунян

- Гап шундаки¸ 90-йиллар ўрталари ва 2000 йиллар бошларида Ўзбекистон қуролли кучларида жиддий ислоҳотлар бошланди. Ислоҳотлар ҳам ҳарбий бошқарув, ҳам кадрлар масаласини қамраб олди. Амалда ўзбек қуролли кучлари янгидан шакллантирилди. Туркистон Ҳарбий округидан мерос қолган қурол-аслаҳа маънан ва жисмонан эскириб бўлганди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон томонидан сотиб олинаётган бу қурол, энг аввало, бироз бўлса-да мавжуд режим талабларига мослаштирилмоқда, деб ўйлайман. Ўқотар қуролларнинг Марказий Осиёда энг йирик бўлган армиягагина эмас, балки режимни сақлаб турган Ички ишлар қўшинларига ҳам нимага кераклиги ҳеч кимга сир эмас. Бу олди-сотдилар¸ биринчи навбатда¸ мамлакат ҳарбий салоҳиятини оширишга ва ички кучларни замонавийроқ қурол-аслаҳа билан таъминлашга қаратилган, деган фикрдаман, деди таҳлилчи.

Суҳбатдош ҳозирча келишувларнинг жамоатчиликка маълум тафсилотларидан Ўзбекистон томонидан сотиб олинаётган ҳарбий маҳсулотларнинг айнан қайси турдаги қурол экани номаълумлигича қолаётганини таъкидлади.

Артём Улунян Россиядан олинаётган жанговар қурол-яроғнинг учинчи мамлакат, хусусан Афғонистонда толибларга қарши турган генерал Абдурашид Дўстум бошчилигидаги қўшинларга мўлжалланмаганига ишонишини қўшимча қилади:

- Сўзсиз, Тошкент ўртакаш сифатида хизмат қилиб бериши мумкин, аммо Афғонистон шимолига қурол етказиб бериш учун Россияга воситачи нимага керак? Қолаверса, генерал Дўстумнинг охирги пайтлари Чеченистоннинг Грознийсига, Москвага тез-тез қатнаб қолгани кузатилмоқда... Бу масалада Россия собиқ Шимолий альянсга ҳарбий кўмак бериб келгани ҳеч ким учун катта сир эмас. Шу сабабли, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги бу келишув мамлакат ҳарбий модернизацияси билан боғлиқ, деган хулосага келдим, деди ҳарбий таҳлилчи Артём Улунян.

Суҳбатдош 2012 йилда Ўзбекистоннинг КХШТга аъзолигини тўхтатиш қарори Россия билан ҳарбий-сиёсий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка деярли таъсир ўтказмаганини ҳам алоҳида урғулаб ўтди.

XS
SM
MD
LG